Юнон файласуфи синоплик Диоҳен киниклар мактаби асосчиси Антисфеннинг шогирди эди. Антисфеннинг ўлимидан сўнг Диоҳен Коринфга кўчиб ўтади. Чунки Синопда Диоҳен ўзи билан мулоқот қилгулик бирор одам тополмай қолганди. У Коринфда ўзига бошпана сотиб олмайди. Меҳмондўст танишлариникига ҳам бормай, очиқ осмон остида яшай бошлайди. Анчайин дарз кетган сопол хум унга бошпана вазифасини ўтади.
Диоҳен ҳаммага заҳархандалик ва нафрат билан муносабатда бўлган.
Унинг «Севги ҳақида», «Давлат» («Полития»), «Эдип», «Фиест» (фожиа) номли асарлари маълумдир. Диоҳен пиширилмаган саккизоёқни еб, вабо касали билан оғриб қолган ва вафот этган. Баъзи манбаларда ёзилишича, у нафас қисилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Искандар Зулқарнайн 70 ёшли Диоҳен билан Коринфда, шаҳар четидаги сарв дарахтларидан иборат Кранеон ўрмонида учрашиб қолиб, ҳамсуҳбат бўлган. У ўзини файласуфга буюк шоҳ Искандар деб танитганда, Диоҳен тап тортмасдан: «Мен эса кўппак Диоҳенман», — деган экан.
* * *
«Мен муттаҳам бўлмаган одамни излаяпман». (Бир куни Диоҳенни кундуз куни қўлида ёниб турган фонус кўтариб олиб, ниманидир излаётган ҳолда кўрадилар. Одамлар ундан нима қилаётганини сўраганларида, юқоридагича жавоб қайтарган экан).
* * *
Искандар Зулқарнайн Диоҳен ҳақида шундай деган: «Шоҳ бўлмаганимда, Диоҳеннинг ўрнида бўлишни истардим».
* * *
Антон Павлович Чехов Диоҳен ҳақида: «Эркин ва чуқур фикрлаш орқали ҳаётни англашга интилиш ва оламдаги аҳмоқона югур-югурлардан нафратланиш — булар инсон зоти ҳеч қачон тушуниб етолмаган икки эзгуликдир. Сиз уч қаватли темир қафас ичида ётган чоғингизда ҳам уларнинг ҳар иккисига эгалик қила оласиз. Диоҳен сопол хумда яшаса-да, оламдаги барча султонлардан кўра бахтлироқ эди».
* * *
Ватандошлари Диоҳенга атаб кўплаб мисдан ишланган ёдгорликлар бунёд этдилар. Файласуф туғилиб ўсган шаҳар — Синопда тикланган ана шундай ёдгорликлардан бирида қуйидаги мазмундаги ёзувларни ўқишингиз мумкин: «Диоҳен! Йиллар тўфони тош ва бронзаларни ҳам емириб ташлайди. Аммо сенинг таълимотинг мангу қолажак. Сен бизни қаноат қилишга ўргатдинг ҳамда бахтга элтувчи йўлни кўрсатдинг».
* * *
Диоҳен ўз ватанидан қувилгач, Афинага йўл олади. Бу шаҳарда у Суқротнинг шогирдлари — Афлотун, Аристипп, Эсхин, Антисфен ва Эвклид Мегараянин билан учрашади. Кўп ўтмай Антисфендан бошқа ҳаммасидан кўнгли совийди. Диоҳен Антисфен билан жон-дилдан суҳбатлашар, унинг ўзини эмас, таълимотини мақтар, ҳақиқатни очиб берувчи фикрларгина инсонларга фойда келтиришини доимо таъкидларди. Диоҳен Антисфенни етарли даражада қаттиққўл эмасликда айблаб, уни кучли шовқин кўтариб, ўзини ўзи эшитмайдиган жанг карнайига ўхшатарди. Антисфен эса Диоҳеннинг феъл-атворидан завқланганча, сабр-тоқат билан унинг танбеҳларига қулоқ тутарди.
* * *
Антисфен мени озод қилган кундан бошлаб мен қулликдан қутулдим.
Бу қандай рўй берди? Антисфен менга ўзимга тегишли ва бегона нарсаларни ажрата билишни ўргатди. Бойлик, мол-давлат меники эмас; туғишганларим, қариндош-уруғларим, дўст ва қадрдонларим, шон-шуҳрат, шунингдек, дўстлар билан мулоқот — барчаси менга бегона.
«Хўш, сен нимага эгалик қилишинг мумкин? Шуни билгилки, фақат тасаввурларинггина ўзингга тегишлидир, — деганди Антисфен. — Улар мутлақо озод ва эркин. Ҳеч кимга бўйин эгмайди. Ҳеч ким уларга халақит бериб, сени истагингдан ўзгача ҳаракат қилишга мажбур этолмайди».
* * *
Афлотундан «Инсон — патлардан холи икки оёқли жонивордир», деган таърифни эшитган Диоҳен хўрознинг патини юлиб ташлайди-да, Академияга келтиради ва шундай хитоб қилади: «Мана, Афлотуннинг одами!» (Шундан сўнг одамнинг таърифларига «Энли тирноқли жонивор», деган ибора ҳам қўшилган экан).
* * *
Севгини очлик енгади, агар оч қолишга кучингиз етмаса, сиртмоқни бўйнингизга илинг, тамом-вассалом.
* * *
Рисоладагидек яшамоқ учун ё ақлга, ё сиртмоққа эга бўлмоқ лозим.
* * *
Диоҳен муҳим нарсалар ҳақида мулоҳаза юритганда одамлар унга қулоқ солмай ўтиб кетаверадилар. Шунда у қушга ўхшаб чуғурлай бошлайди. Атрофида беҳисоб одамлар тўпланади. Шунда файласуф тўпланганларнинг бўлмағур нарсалар кетидан югуриб, муҳим нарсалар учун эса ҳатто жойларидан жилмасликларини айтиб, изза қилади.
* * *
Диоҳен бир хасисдан садақа сўради. Унинг иккиланиб турганини кўрган файласуф деди: «Муҳтарам зот, мен сендан нон учун садақа сўраяпман, сағана учун эмас!»
* * *
Диоҳендан фалсафадан қандай наф кўргани ҳақида сўраганларида, у қуйидагича жавоб берди: «Ҳеч бўлмаганда тақдирнинг ҳар қандай бурилишларига тайёр туришни ўргандим!»
* * *
«Менинг фалсафа билан ишим йўқ», дегувчи кимсага Диоҳен шундай деганди: «Яхши яшаш ҳақида қайғурмас экансан, яшашдан не мақсад?»
* * *
Диоҳенни тилшуносларнинг Одиссей мусибатини тадқиқ этиб, ўзлариникидан воқиф эмасликлари, мусиқачилар асбобларининг торларини созлаб, ўз ахлоқларини тузата олмасликлари, риёзиётчиларнинг эса осмондаги Ой ва Қуёшни кузатиб, оёқлари остида нима борлигини кўрмасликлари ҳайратга соларди.
* * *
Бир боланинг ҳовучлаб сув ичаётганини кўрган Диоҳен халтасидан пиёласини олди-да: «Бола оддийлик бобида мендан ҳам ўзиб кетди», — деб ташлаб юборди.
* * *
Бир одам қоғозга ёзилган узундан-узоқ маърузасини ўқиб берарди. Қоғоз ўрамининг охиридаги ёзувсиз жойга кўзи тушган Диоҳен хитоб қилди: «Бардам бўлинглар, биродарлар, соҳил кўринаяпти!»
* * *
Қайси вақтда нонушта қилмоқлик лозимлиги хусусида савол берган одамга Диоҳен шундай жавоб беради: «Агар бадавлат бўлсанг, истаган вақтингда, қашшоқ бўлсанг, қурбинг етган вақтда нонушта қилишинг мумкин».
* * *
Кимдир Диоҳеннинг қувғин қилинганини юзига солиб камситганда, у шундай деди: «Эй, бадбахт. Ахир, ана шу қувғин туфайли мен файласуф бўлолдим-ку!»
* * *
Диоҳен бир ҳайкалнинг қаршисига келиб тилана бошлади. Ундан нега бундай қилаётганини сўрашганда: «Ўзимни рад жавобига кўниктирмоқчиман», — деб жавоб қилди.
* * *
Диоҳендан нима сабабдан одамлар фақат қашшоқларга хайр-эҳсон беришлари, файласуфларга эса ҳадяни раво кўрмасликлари ҳақида сўрашди. Файласуф шундай жавоб берди: «Чунки одамлар қачонлардир оқсоқ ёки сўқир бўлиб қолишларини, лекин ҳеч қачон донишмандга айланмасликларини яхши билишади-да!»
* * *
Искандар Зулқарнайннинг отаси Македония ҳукмдори Файлақус (Филип) Коринфга қарши юриш бошлаганини ва у ерда ўзига қарши тайёргарлик кетаётганини эълон қилди. Шунда Диоҳен ўзи яшайдиган хумни у ёқдан-бу ёққа юмалата бошлади. «Нега бундай қилаяпсан, Диоҳен?» деб сўраганларида: «Ҳозир ҳамма ўзига яраша ташвиш билан югуриб юрибди. Ана шундай бир пайтда менинг бекор ўтиришим яхши эмас. Хумни думалатишимнинг боиси, бисотимда шундан бошқа нарсам йўқ!»
* * *
Бир «сакровчи» Диоҳенга деди: «Эҳ, эсиз, шундай бақувватлигингга қарамай, Олимпия беллашувларида қатнашмайсан-да. Агар қатнашганингда, албатта, биринчи ўринни олган бўлардинг».
— Мен Олимпия беллашувларидан ҳам муҳимроқ мусобақаларда қатнашаман, — деди файласуф.
— Қандай мусобақа у? — тушунолмай сўради «сакровчи».
Диоҳен таънаомуз бош чайқаб деди:
— Ахир, яхши биласиз-ку, мен ёмон хулқлар билан беллашаман.
* * *
Диоҳеннинг шундай ҳикматли ривояти бор:
— Беҳисоб бойлик эгаси бўлган бир одам ер юзидаги барча давлатлардан мансаби, ёши, жинси, тили турлича бўлган меҳмонларни чорлаб, катта зиёфат берди. Бу сахий зот меҳмонларнинг ҳар бирини ўз дидига мос тансиқ таомлар билан сийлади. Меҳмонлар роҳатланиб овқатланиб, уй соҳибига миннатдорчилик билдиришди. Аммо меҳмонлар орасидан бир одам олдига қўйилганига қаноат қилмай, қўшниларининг, ожиз ҳамда заиф кимсаларнинг, ҳатто гўдакларнинг овқатига чанг солди. У бурнидан чиққунча оғзига овқат тиқиштираверди…
Қиссадан ҳисса шуки, беҳисоб бойликлар эгаси ва мурувватли одам — табиатдир, зиёфатга келган меҳмонлар — ер юзидаги барча халқлар, очкўз одам эса ўзидан ожизларнинг барча нарсасини тортиб олгувчи бадавлат кимсалардир.