Қадимги юнон файласуфи Пиррон Пелопннеседаги Элида шаҳрида туғилиб ўсган. Пиррон дастлаб мусаввирлик билан шуғулланган. Кейинчалик абдералик файласуф Анаксархнинг мулоҳазаларини тинглаган Пирронда фалсафага қизиқиш уйғонади.
У Искандар Мақдунийнинг Осиё юришларида иштирок этиб, гимнософистлар билан учрашди. Пиррон ҳатто Искандарнинг жанг чоғида асир олинган гимнософистлар билан бўлиб ўтган суҳбатида ҳам иштирок этган. Гимнософистларни юнонлар «яланғоч донишмандлар» деб аташган. Бу ҳинд зоҳидлари жуда ориқ ва яшовчан бўлиб, қоп-қора баданларида белбоғдан ўзга ҳеч қандай кийимлари бўлмаган. Искандар шоҳ уларни ўлдиришга қарор қилади. Бироқ аввал уларнинг донолигини синаб кўриш учун ҳар бирига саволлар билан мурожаат этади. Искандарнинг: «Тириклар кўпми, ўликларми?» деган саволига биринчи зоҳид шундай жавоб қайтаради:
«Тириклар ҳам, ўликлар ҳам мавжуд эмас». «Жониворларни кўпроқ ер боқадими ёки денгизми?» — деган саволга иккинчи гимнософист: «Жониворларни асосан ер боқади. Денгиз эса ернинг бир қисми, холос», — деб жавоб берди.
Бирин-кетин берилаётган тагдор маъноли саволлар ҳар қанча мураккаб бўлишига қарамай, гимнософистлар бўш келмайдилар.
Искандар шоҳ деди:
— Жониворларнинг энг айёри қайси?
— Инсонга нотаниш бўлган жонивор энг айёридир.
Савол:
— Кун аввал пайдо бўлганми ё тун?
Жавоб:
— Кун бир кун аввал пайдо бўлган.
Савол:
— Энг суюкли инсон бўлиш учун нима қилмоқ керак?
Жавоб:
— Бунинг учун энг қудратли ҳамда жасоратли инсон бўлмоқ лозим.
Савол:
— Ҳаёт кучлими ё ўлим?
Жавоб:
— Ҳаёт кучли.
Ушбу тарихий воқеадаги сўнгги саволнинг жавоби Мақдуния ҳукмдорини қаттиқ ҳаяжонга солди. Унинг: «Инсон Тангри бўла оладими?» деган саволига: «Инсонлар бажаришга қодир бўлмаган ишни бажарган кимса Тангри бўлади» деб жавоб қайтаради гимнософист. Искандар ўзи ҳақида шундай юксак фикрда эди. Шу боис асирларнинг бу жавоби унга жуда маъқул бўлади ва тантилик қилиб, гимнософистларни озод этади. Улуғ саркарданинг бу ғайриоддий ҳаракати дунёга яна бир ажойиб инсонни — файласуф Пирронни туҳфа қилади.
* * *
Пиррон Элиданинг олий коҳини эди. Файласуфнинг хулқ-атвори, табиати сирли ва ўзига хос бўлиб, у ҳеч нарсани севмас, ҳеч нарсадан таъсирланмасди. Шунингдек, ҳеч ким у каби нарсаларнинг моҳиятига ишонч билан қарамасди. Пиррон сўзлаётганда атрофдагиларнинг тинглаш ёки тингламасликлари билан қизиқмасди. Борди-ю, тингловчилар тарқаб кетишса ҳам у нутқини давом эттираверади.
* * *
Пиррон ўзини ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи кишилар қаторига қўшар, нарсаларнинг моҳиятига оид ҳар қандай қатъий фикр айтишдан тийилишни афзал кўрарди. (Пьер Бейль: «Пиррончилик — барча масалаларни уларнинг моҳиятини четлаб ўтган ҳолда муҳокама қилиш санъатидир», деб ёзганди).
* * *
Бир куни Пиррон очиқ денгизда кетаётганда бўрон туради. Файласуфнинг кемадаги ҳамроҳлари ваҳимага тушадилар. Фақат Пирронгина мутлақо хотиржамликни сақлаган ҳолда, ўзини йўқотмай ниманидир кавшаётган чўчқага ишора қилади-да: «Донишманд ҳар қандай шароитда ана шундай бефарқликни сақлаб қолмоғи лозим», — дейди.
* * *
Қадимий юнон файласуфлари Суқрот ва Пифагор каби Пиррон ҳам фақат оғзаки тарзда таълим берган. Унинг дунёқараши ҳақида шогирди флиунтлик Тимон (м.а. 320-230 йиллар) ёзиб қолдирган манбалар орқали тасаввурга эга бўлиш мумкин.
* * *
Тимон ўз устозини Қуёшга нисбат этган. Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи Секст Эмпирик ўз дунёқарашларига содиқ қолган ҳолда шундай деганди: «Қуёш кўздан ғойиб нарсаларни ёритиб, равшан қилади. Пиррон эса аксинча, ҳар қандай кимса учун аниқ-равшан бўлган нарсаларни мавҳумлаштиради».
* * *
Бир куни Пирронга қитмирларча шундай савол бердилар:
— Пиррон, сен ўлмаганмидинг?
Ўз таълимотига содиқ Пиррон учун:
— Билмайман, — деб жавоб беришдан ўзга йўл қолмаганди.
* * *
Агар тирик мавжудотлар ўртасидаги хилма-хилликка боғлиқ равишда муҳокама этиб бўлмайдиган турли қарашлар мавжуд экан, у ҳолда нарсалар ҳақида ҳукм чиқаришдан тийилмоқ зарур. Масалан, инсонлар денгиз сувини ичганларида худди заҳар каби ёқимсиз туюлади. Балиқлар эса шу сув ичида яшайдилар.
* * *
Агар бир нарса ҳамма учун бирдек гўзал ва оқилона кўринганда, инсонлар ўртасида ғаразли баҳс пайдо бўлмас эди.
* * *
Нарсалар бизга номаълум сифатларга эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби бизда бу сифатларни ҳис этиш аъзоларининг йўқлигидадир… агарки, сезгилар ташқи оламни қабул қилишга қодир эмас экан, демак, тафаккур ҳам у ҳақда етарлича мушоҳада юритолмайди. Шунинг учун ҳам биз ташқи олам хусусида ҳукм чиқаришдан тийилишимиз жоиз.
* * *
Агар ҳар қандай ҳодиса маълум шароитлар, масофалар ва ҳолатларда намоён бўлиб, тасаввурларимизда катта ўзгариш ясаган тақдирда ҳам биз уларни муҳокама қилмаслигимиз жоиз. Чунки қандайдир тасаввурни далил-исботсиз чамаламоққа бизнинг ҳаққимиз йўқ. Дейлик, биз далил-исботни ҳам топдик. Аммо у ҳам ўз навбатида далил-исбот талаб қилади.
* * *
Нарсаларнинг табиати ҳақида ҳукм чиқариш ножоизлигини тасдиқловчи далиллар кўп. Масалан, эчки шохининг қипиқлари оқ рангда кўринади, лекин бутун шохининг ранги қорадир. Худди шунингдек, кумушнинг кукуни қора тусли бўлиб туюлади, аммо у яхлит ҳолга келтирилганда оппоқ рангга киради. Шу боис уларни қора ҳам, оқ ҳам деб хулоса чиқариб бўлмайди… Қум заррасини ушлаганингизда қаттиқ туюлса-да, уни тўдалаганингизда юмшоқлигини ҳис этасиз. Меъёрида истеъмол қилинган мусаллас жисмни бақувватлаштиради, керагидан ортиғи эса уни бўшаштириб юборади.
Зилзилага биринчи марта дуч келганлар ва ер силкинишига кўникиб қолганлар ундан турлича таъсирланишади. Денгизни илк марта кўрган одам қанчалик кучли ҳаяжонга тушиши маълум. Худди шунга ўхшаш илк марта ва тасодифан учраганимиз инсоннинг жисмоний гўзаллиги бизни унинг одатий кўринишига нисбатан кўпроқ ҳаяжонга солади. Умуман, камёб нарсалар қимматли бўлиб туюлади. Осонлик билан етишишимиз мумкин бўлган ва сон жиҳатдан кўп миқдордаги нарсалар эса қимматини йўқотади. Демак, айнан бир нарса бизга ўта ғаройиб ёки қимматли бўлиб туюлади. Ёхуд биз нарсаларни кўплиги ёки камёблигига қараб баҳолаймиз. Шундай экан, биз нарсаларнинг асл кўриниши қандайлигини аниқлашга қодир эмасмиз.