Юнон файласуфи Эпикурнинг ватани — Лампаска шаҳри бўлиб, Афинадан Самос оролига кўчиб ўтган оилада туғилган. Эпикур Афлотуннинг шогирди Памфил қўлида таҳсил олган. Донишманд м.а. 310 йилда Лесбосдаги Митилен шаҳрида, 306 йилдан ўлимига қадар Афинадаги ўз «Боғ»ида талабаларга фалсафадан сабоқ берган. Бу боғ эпикурчиларнинг муқаддас даргоҳига айланган. Эпикур умри давомида ҳеч қачон ўзгаларнинг фикрига таянмасликка ҳаракат қилган. Жами 300 га яқин асар ёзган, бироқ улар бизга қадар етиб келмаган. Эпикурнинг таълимоти асослари баён этилган учта мактуби ва баъзи қўлёзмаларидан парчаларгина сақланиб қолган.
Донишманд умрининг сўнгги 14 куни давомида буйрагидаги тошдан қаттиқ азоб чеккан. Ривоятларга қараганда, у иссиқ сув тўлдирилган жомга ётиб ўткир шаробни симирган-да, дўстларига сабоқларини унутмасликни васият қилиб, ҳаётдан кўз юмган.
* * *
«Фалсафа ёхуд донишмандликка меҳр қўйиш ақлни чархлаш демакдир, — деб ёзади Эпикур. — Бу меҳр фикрлаш ва суҳбатлашиш ёрдамида бахтли ҳаётнинг моҳиятини очиб беради. Зеро, фалсафа фанининг бошқа илмлардан фарқи ҳам шундаки, бунда мақсадга меҳнатнинг сўнггида етилади ва шу билан қаноат ҳосил қилинади».
* * *
Навқиронлик чоғларида фалсафани бир четга суриб қўйишдан, кексайганда эса ундан безиб қолишдан сақланинг. Ахир қалб сиҳатлигига эришмоқ учун ёшнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ-ку.
* * *
Фалсафа билан шуғулланишга ҳали эрта ёки бунинг вақти ўтди дегувчилар худди бахтиёрлик онлари ҳали етиб келмади ёки у ўтиб кетди дегувчилар кабидир. Шу боис фалсафа кексалар учун ҳам, ўспиринлар учун ҳам бирдек зарур. Кексаларга шунинг учун зарурки, фалсафа туфайли улар ўтмишларидан қувонадилар ва эзгуликдан баҳраманд бўлишади. Ўспиринлар эса фалсафа туфайли кекса донишмандлар сифатларига эришиб, келажакдан чўчимайдилар.
* * *
Коинот чексиздир. Аслида интиҳога эга бўлган нарсаларнинг чегараси бўлади. Чегара эса четдан туриб кузатиш мумкин бўлган нарсадир. Коинот чегарасиз, демак, унинг интиҳоси йўқ. Интиҳосиз нарса эса бепоён ва чексиздир.
Олам қачон пайдо бўлганидан қатъи назар, йилнинг баҳор кезларида яралганига шубҳа йўқ. Айнан баҳорда ҳамма нарса илк марта куртак очиб гуллаган ва мева туккан.
* * *
Эпикур жон ҳақида шундай деганди: «Жон ўта даражада латиф тўқималардан таркиб топган. Аммо шунга қарамай, у тўрт хил табиатли нарсалар аралашмасидан иборатдир. Уни бир улуш олов, бир улуш ҳаво, бир улуш нафас ва ҳис этиш қобилиятига эга бўлган тўртинчи номсиз улуш қўшилмаси сифатида тасаввур қилиш лозим. Сўнгги номсиз улуш жоннинг жонига ўхшайди. Чунки у туфайлигина жон жонга айланади».
* * *
Жон ўз ҳолича, жисм ўз ҳолича ҳис этиш қобилиятидан маҳрумдир. Улар иккиси биргаликдагина ҳис эта оладилар.
* * *
Файласуфнинг инсон азоб-уқубатларига малҳам бўлолмайдиган сўзлари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас. Жисмдаги касалликни йўқотолмайдиган табобатдан ҳеч қандай наф бўлмаганидек, қалбдаги хасталикка даво тополмайдиган фалсафа ҳам бефойдадир.
* * *
Сезги ҳеч қачон алдамайди. (Эпикур беқарор ва юзаки сезгини барқарор ва умумий саналмиш фикрга қарама-қарши қўювчи қадимий фалсафа ақидаларини рад этган. У сезгини ҳақиқатнинг мезони деб ҳисоблаган.)
* * *
Ақл-фаросатдан маҳрум ҳолда бахтли яшагандан, ақл-фаросат билан бадбахт бўлган аълороқдир.
* * *
Ўтган саодатли онларини унутганлар қарияга айланадилар.
* * *
Ўлим — энг даҳшатли ёвузлик. Аммо бунинг бизга ҳеч қандай дахли йўқ. Чунки биз тирик эканмиз, ўлим ҳам бўлмайди, ўлим етиб келгач, биз ғойиб бўламиз.
* * *
Бизга керакли нарсаларни енгил, керакмасларини эса оғир қилиб яратган доно табиатга таҳсинлар айтамиз.
* * *
Эркинлик истакларни жиловлаш натижасида эришиладиган энг олий неъматдир.
* * *
Зарурият кулфатдир. Аммо зарурият билан яшашнинг ҳеч қандай зарурати йўқ.
* * *
Ақлли, ахлоқли ва адолатли бўлмай туриб, кўнгилдагидек яшаш мумкин эмас. Ва аксинча, кўнгилдагидек яшамай туриб, ақлли, ахлоқли ва адолатли ҳаёт кечириб бўлмайди.
* * *
Навқиронларни эмас, балки ҳаётини яхши яшаб ўтган кекса одамларни бахтли санамоқ лозим.
* * *
Барча истаклар олдига шундай саволни кўндаланг қўймоқ керак: хўш, истагим амалга ошгач, мен нимага эришаман? Истагимга эришолмасам-чи?
* * *
Донишманд ҳеч қачон бефаҳмга айланолмайди.
* * *
Донолик ҳамма нарсанинг ибтидоси ва буюк эзгуликдир. Шу боис у ҳатто фалсафадан ҳам қимматлироқ.
* * *
Инсонлар ё ҳасад, ё кўролмаслик, ёки нафрат туфайли бир-бирининг дилини оғритадилар. Доно киши эса ақл-идрок ила буларнинг барчасидан устун туради. Доноликка эришган одам ҳатто атайин уринса ҳам бунинг аксини қилолмайди.
* * *
Ҳатто энг бўлмағур қонун ҳам инсонлар учун зарурдир. Акс ҳолда одамлар бир-бирини ғажиб ташлайди.
* * *
Ўзингга бино қўймай, доно, ақл-заковатли бўлишга интил.
* * *
Йиқилганни турғизмоқ учунгина эгил.
* * *
Ўзгаларга қўрқинчли туюлган одамнинг қалби ҳам қўрқинч ҳисларидан холи эмас.
* * *
Инсон ё қўрқув, ёки интиҳосиз ва беҳуда эҳтирос туфайли бахтсиз бўлади.
* * *
Донишмандгина шеърият ва мусиқага тўғри баҳо бера олади.