Қадимий Хитой файласуфи Сюн-цзи Чжао хоқонлигида дунёга келди. м.а. 266 йилда Чжаони тарк этиб, Цин салтанатига жўнади ва бу ерда хоқон Чжао-ван ҳамда унинг бош вазири Суй билан ҳамсуҳбат бўлди.
м.а. 264 йили файласуф Ци хоқонлигига келиб, «Цзися» академиясида дарс бера бошлайди ва тез орада салтанатдаги энг кўзга кўринган аъёнлар қаторидан жой олиб, олимларга бошчилик қилади.
Ўта мустақилликка ва фикрларини очиқ-ойдин айтишга одатлангани боис Сюн-цзи 255 йилда туҳматга учрайди. Натижада Ци хоқонлигидан Чу салтанатига қараб йўл олади ва бу ерда Ланлин туманига ҳоким қилиб тайинланади.
м.а. 250 йилда Сюн-цзи вазифасидан озод этилади ва Чжао хонлигига қайтиб боради. Орадан кўп ўтмай у Чу хоқонлиги Ланлин вилояти ҳокимлиги вазифасига қайта тикланади.
м.а. 238 йили файласуфнинг ҳомийси бўлмиш Чун-шэн вилоятининг ҳукмдорига суиқасд қилинади. Сюн-цзи ноилож давлат хизматидан кетади. У Ланлин вилоятида муқим қолиб, шогирдлари билан биргаликда «Сюн-цзи» деб номланган асарини ёзишга киришади.
Ҳукмдорлару вазирлар билан дадил мулоқотда бўлиб, ўз фикрини тап тортмай айта олган Сюн-цзи ҳаётини қашшоқлик ва фақирликда ўтказади… Замондошлари унинг фалсафий салоҳиятини муносиб қадрлай олмайдилар. У ҳаётдан шу тариқа кўз юмади.
* * *
Ўтмишга сажда қилманг, келажак учун ғам чекманг ва ташвишли хаёлларга берилманг! Кези келганда, фурсатни қўлдан бермай ишга киришинг!.. — деб ёзади Сюн-цзи.
* * *
Мен кун бўйи ўй сурдим-у, аммо ҳатто энг қисқа фурсатли таҳсилчалик наф ололмадим. Оёғимнинг учида кўтарилиб, узоқларга кўз тикдим. Бироқ юксакликдан яққол намоён бўлгувчи сарҳадларни кўролмадим. Чунончи, баланд жойга чиқиб қўл силкиганча бирор кимсани чақирганингизда қўлингиз узайиб кетмаса-да, ўша одам уни узоқдан кўра олади. Товушингизни шамолнинг йўналишига мослаб қичқирганингизда, бундан товушингиз кучайиб қолмаса-да, тингловчилар сизни аниқ эшитадилар. Отлар қўшилган аравага тушганингизда оёқларингиз чопағон бўлиб қолмайди. Бироқ сиз бир неча минг чақирим масофани қисқа фурсатда босиб ўтасиз. Қайиқда кетаётганингизда сузиш борасидаги маҳоратингиз ошмаса-да, катта ва кичик дарёларни бемалол сузиб ўтасиз. Хулоса шуки, мукаммал, комил инсон дунёга келганда гўё ўзгалардан фарқ қилмайдигандек туюлади. Аммо у қачон ва қандай нарсага таянишни яхши билиши билан бошқалардан ажралиб туради.
* * *
Инсон бақувватлик борасида ҳўкиздан ожизлик қилиб, чопқирликда отдан ортда қолса-да, бу жониворларнинг ҳар иккисини ўз измига бўйсундириб, ишлата билади. Бунинг боиси нимада? Чунки инсонлар ҳўкиз ва отдан фарқли ўлароқ ҳамжиҳатликда яшаш иқтидорига эгадирлар. Хўш, инсонлар ниманинг эвазига ҳамжиҳатликда яшайдилар? Бунинг сири инсонлар ўртасидаги вазифаларнинг ўзаро тақсимланишидадир. Хўш, бу тақсимланиш ниманинг эвазига амалга оширилади? У бурч туйғуси эвазига амалга оширилади.
* * *
Минг йил аввал юз берган нарсалар албатта такрорланади. Бу такрорланиш доимийликдир.
* * *
Ибтидо интиҳодир, айни вақтда интиҳо ибтидодир. Бу ҳолат на боши ва на охири бўлмаган айланага ўхшайди. Агар у бузилса, Коинот ҳалокатга учрайди.
* * *
Деҳқон ўзининг бор куч-қувватини экин-тикин ишларига сафарбар этгани билан далаларга ҳоким бўлиб қололмайди. Савдогар бор ғайратини олди-сотди ишларига бағишласа-да, бозорнинг ҳукмдорига айланолмайди. Ҳунарманд бор кучини турли асбоб-ускуналар ясашга қаратса-да, ишлаб чиқаришни идора қилолмайди. Бироқ шундай одамлар борки, улар биз тилга олган касбларнинг биттасини ҳам эгалламаган бўлишларига қарамай, деҳқонларни ҳам, савдогарлар ва ҳунармандларни ҳам бошқара оладилар. Бунинг боиси шундаки, улар бутун диққат-эътиборларини буюмларга эмас, дао таълимотига қаратадилар. Ўз диққат-эътиборини буюмларга жалб этган одам фақатгина бир туркум нарсаларни бошқара олади. Ўз диққатини даога қарата олган одам эса бир вақтнинг ўзида барча даражадаги нарсаларни бошқаришга қодир бўлади. Комил инсон бутун диққатини дао фалсафасига қаратади ва шу аснода буюмларни тадқиқ этади.
* * *
Қалбнинг табиий туйғулар ила ҳақиқатни ёлғондан ажрата олишимизга кўмаклашуви ўйлаш деб аталади.
* * *
Қалб тананинг соҳиби ва доноликнинг ҳокимидир. У танага буйруқ беради.
* * *
Инсон қалбини идишдаги сувга қиёслаш мумкин. Идишдаги сув ҳаракатсиз, тинч турганда лойқалар тубига чўкади ва сув тиниқлашади. Бу сувдаги аксингизда қошларингизни, киприкларингизни ва ҳатто юзингиздаги ажинларни ҳам кўришингиз мумкин. Аммо салгина эпкин эсиб, идишдаги сув чайқалса, тубидаги лойқа чўкинди ҳаракатга келади. Натижада сув хиралашади. Энди бу сувга тикилиб, ҳеч нимани ажратиб бўлмайди. Инсон қалби ҳам шундай. Тамойиллар ёрдамида тўғри йўналтирилиб, хотиржамлик ва осудалик кўмагида тарбияланган қалбни ҳеч бир нарса тўғри йўлдан оздиролмайди. Ана шунда инсон қалби яхши-ёмонни ажратиб, мужмал нарсаларни билмоқликка қодир бўлади.
* * *
Қалби безовта инсон таом қанчалар лаззатли бўлмасин, унинг таъмини сезмайди, қанчалар ёқимли бўлмасин, қўнғироқ жарангини ҳис этолмайди, кўзлари ажойиб нақшлар билан безалган либосни кўриб турса-да, бу гўзалликдан завқ ололмайди.
Агар инсон қалби осуда ва шод бўлса, гуллар одатдагидек мафтункорлик касб этмаса ҳам кўзи қувнайверади, оҳанглар одатдагидек ёқимли жарангламаса-да, дили ором олаверади.
* * *
Агар бирор нарса барчага баравар тақсим этилса, ҳаммага етмай қолиши мумкин. Борди-ю, ҳокимият тепасидагиларнинг мавқеи тенглаштирилса, ҳамжиҳатлик барҳам топади. Агар ҳамма теппа-тенг бўлса, меҳнат қиладиган одам қолмайди. Токи осмон ва ер мавжуд экан, юқоридагилар ва қуйидагилар ўртасидаги фарқ ҳам йўқолмайди.
* * *
Ҳукмдорлар бадавлат ва сахий бўлмасалар, мамлакатни идора этолмайдилар.
* * *
Халқнинг даромадини қийиб, боз устига борини тортиб олгандан кўра, аввал даромад қилиш имкониятини яратиб, сўнг унинг бир қисмини олган аълодир.
* * *
«Бобокалонларимиз одамлар устидан ҳукмронлик қилувчи зот хушсурат ва гўзал либосли бўлмаса, халқни ҳамжиҳатликда ушлаб туролмаслигини яхши билганлар», — деб ёзади файласуф.
* * *
Сюн-цзи доноликни тўрт тоифага ажратади.
1. Хизматкорнинг донолиги: чаққонлик, топқирлик, ақл-фаросат билан йўғрилган, аммо изчилликдан холи нутқ; ҳеч кимга кераги бўлмаган илм билан шуғулланиш; ҳақиқат ва ёлғон билан ҳисоблашишни истамаслик.
2. Қув одамнинг донолиги: иккиюзламачилик, муомаланинг барча тамойилларини бузиш; ҳар бир ишда хатога йўл қўйиш.
3. Маърифатли одамнинг донолиги: оз, тўғри ва қисқа сўзлаш, фикрларни мисоли ипга тизгандек тартиб билан баён этиш; ўзини тута билиш.
4. Комил инсоннинг донолиги: нутқдаги изчиллик, бирорта ҳодисанинг сабаблари хусусида бир неча кунлаб мушоҳада юритиш, уларга ҳар тарафлама ёндашиш ва шунинг баробарида изчилликни сақлаб қолиш.
* * *
Давлат бошқарувини қай тарзда амалга оширмоқ керак? — деган саволга Сюн-цзи шундай жавоб беради:
— Бунинг учун доно ва истеъдодли одамларнинг кимлиги ва мавқеидан қатъи назар, юқори лавозимларга кўтариб, дангаса ва иқтидорсиз кишиларни вазифасидан четлатиш лозим.
* * *
Чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлашади. Катта бўлганларида эса турли қилиқлар қилишади. Бу — тарбиянинг оқибати.
* * *
Ҳаддан ортиқ шафқатсизлик қилганлар муваффақиятсизликка учрайдилар, ўта мулойимлик эса сени занжирбанд этади.
* * *
Фақат ўз шахсий манфаати ҳақида қайғуриб, бурчни унутмоқлик ўтакетган пасткашликдир.
* * *
Нақл қилишларича, ҳукмдорни қайиққа, халқни сувга қиёслаш мумкин. Сув қайиқни олиб юриши ҳам, тўнтариб юбориши ҳам мумкин, — деб ёзганди Сюн-цзи.
* * *
Ҳар бир инсон ниманидир тўғри, деб ҳисоблайди. Бу ҳолат донога ҳам, аҳмоққа ҳам бирдек тегишли. Бироқ улар тўғри деб топган нарсалар бир-бирига ўхшамайди. Доно билан аҳмоқ ўртасидаги фарқ ана шундадир.
* * *
Комил инсон текшириб бўлмайдиган сўзларга, илгари учрамаган ҳаракатларга ва фикрларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади.
* * *
Ҳукмдорнинг қудратли, шавкатли бўлиши, мамлакатда осойишталик ўрнатиши ва заифлик, хавф-хатар, шармандаликдан йироқ туришининг энг осон йўли қандай? — деган саволга Сюн-цзи шундай жавоб беради:
— Бунинг учун ҳукмдор ўзига муносиб вазир танлай билмоғи лозим.
* * *
Орхидея гули ўзига яраша хушбўй. Агар у пешобга ботириб олинса, комил инсон унга яқин йўлолмайди. Оддий одамлар эса уни чаккаларига тақмайдилар.
Бу ҳол орхидея гулининг ҳиди билан эмас, балки у ботириб олинган пешобнинг жирканчлиги билан изоҳланади. Шу боис комил инсон покиза жойда яшаб, илмли кишилар билан дўстлашади, шу йўл билан ўзини ёлғон ва пасткашликдан иҳоталаб, ростгўй ва тўғри одамлар билан яқинлашади.