Фарангистонлик риёзатчи, табииётшунос олим ва файласуф Блез Паскал Клеромонда истиқомат қилувчи оқсуяк оилада туғилиб ўсди. Унинг Жилберта исмли опаси ва Жаклин исмли синглиси бўлган.
Кичкинтой Блез эндигина юришни бошлаган кезлари ногоҳон касалликка чалинади. Кундан-кунга аҳволи оғирлашиб, озиб-тўзиб кетади. Бундан ташвишга тушган ота-она афсунгар аёлга мурожаат қилиб, болани даволашини сўрашади. Афсунгарнинг дуосидан сўнг бола оёққа туради.
У болалигида ҳам, улғайгандан кейин ҳам нимжон бўлиб, тез-тез касалга чалинади.
1626 йилда Блез ҳали 3 ёшга тўлиб улгурмасидан касалманд онаси Антуанетта Бегон 30 ёшида вафот этади.
Опаси Жилбертанинг хотирлашича, Блез Паскалдаги ноёб истеъдод, ақл-заковат жуда ёшлигиданоқ намоён бўла бошлаган. У тили чиқиши биланоқ нарсаларнинг табиатига оид ақлли саволлар билан катталарга мурожаат қилар, ўзига берилган саволларга эса қисқа, аниқ ва ўринли жавоб қайтарарди. Касалмандлиги туфайли ёш Блезни тарбиялаш ва ўқитишни отаси ўз зиммасига олди. У Блезга риёзиёт ва табииёт илми асосларидан сабоқ бериб, замонавий илм-фан янгиликларидан воқиф этди.
Паскал 16 ёшида конус кесишмаси ҳақидаги илмий асари билан жаҳон олимларининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлди.
1654 йилда 30 ёшли Паскал руҳий тушкунликка учраб, таркидунё қилади ва янсенитларнинг Пор-Роял ибодатхонасида яшай бошлайди. Табиатан жиззаки ва сержаҳл Блез бу ерда итоаткор, мўмин одамга айланади. У риёзиётни унутиб, Инжилни қўлидан қўймайди. Паскал ўзининг «Мушоҳадалар» номли асарида: «Худони ақл эмас, юрак англайди», — деб ёзганди.
Блез Паскал файласуфлар Эпиктет ва Монтен асарларини севиб мутолаа қилган.
Буюк мутафаккирнинг қуйидаги асарлари маълум:
«Бўшлиққа доир янги тажрибалар» (1647), «Суюқлик мувозанати ва ҳавонинг вазни хусусида илмий мушоҳадалар» (1649-1654), «Арифметик учбурчак ҳақида илмий мушоҳадалар» (1654), «Ҳандасавий ақл ҳақида» (1655), «Ишонтириш санъати ҳақида» (1655-1657), «Мушоҳадалар» ва бошқалар.
Паскални «инсон файласуфи» деб аталувчи файласуфлар гуруҳига киритиш мумкин. Чунки у инсоннинг оламда тутган ўрни ва моҳиятига доир фалсафий қарашларни баён этган.
Блез Паскал жуда қийналиб жон таслим қилган. Унинг нимжон танасига азоб бераётган оғриқлар 1662 йил август ойининг ўрталарида барҳам топди. «Парвардигор ҳеч қачон мени тарк этмайди!» Донишманд сўнгги нафасида шу сўзларни айтиб улгурди.
* * *
Инсон ўзининг аянчли аҳволини англаши билан улуғвордир. Зеро, муҳтожлик ўзининг мушкул аҳволини англаш демакдир. Бундай англаш улуғворлик белгисидир.
* * *
Бизнинг бор-йўқ фазилатларимиз фикрларимизда мужассамдир. Шу боис биз фазо ва вақт билан эмас, балки фикрларимиз билан юксалмоғимиз лозим. Зотан, биз ҳеч қачон фазо ва вақтни тўлдиролмаймиз. Жўяли фикрлаш ахлоқийлик ибтидоси.
* * *
Доимо олға интилиш – инсон табиатининг асоси.
* * *
Оламдаги барча нарсалар бир-бирига шу даражада чамбарчас боғланиб кетганки, улардан бирини бошқаларисиз ва яхлит ҳолда олмай туриб англаб бўлмайди.
* * *
Инсон учун жисмнинг руҳ билан бирлашиш сирини билишдан ўзга етиб бўлмас синоат йўқдир.
* * *
Мени янги сўз айтмаганликда айбламасинлар. Зеро, янгилик моддиятнинг қандай жойлашишидадир. Копток ўйини (лапта) чоғида биттагина тўпдан фойдалансалар-да, ўйинчилардан бири уни бошқалардан кўра яхшироқ ирғитади.
* * *
Барча жисмлар: осмон, юлдузлар, ер ақл деб аталмиш энг оддий воқелик олдида ҳеч нарсадир. Чунки ақл ана шу нарсаларни ҳам, шунинг баробарида ўзини ҳам англай олади. Жисм эса англаш қобилиятидан маҳрумдир.
* * *
Биз ҳақиқатни нафақат ақлимиз, балки юрагимиз билан ҳам англаймиз. Юракнинг ақл тиши ўтмайдиган ўз қонунлари бор.