Фрэнсис Бэкон (Лорд Веруламский) (1561-1626)

Инглиз файласуфи Фрэнсис Бэкон 1561 йилнинг 21 январида Лондонда туғилди. У Англиянинг сиёсий ҳаётида кўзга кўринарли ўрин эгаллаган дворян оиласига мансуб бўлиб, отаси Николас Бэкон қиролича Елизаветанинг биринчи вазири ва муҳрдори эди.

 

Бэконнинг онаси – Анна Кук қирол Эдуард VI нинг тарбиячиси бўлиб хизмат қилган.

 

1573 йилнинг баҳорида 12 ёшли Бэконни Кембриждаги Тринити коллежига таҳсил олиш учун жўнатадилар.

 

Фрэнсис Бэкон 16 ёшдан бошлаб инглиз дипломатлари таркибида бир неча йил Фарангистонда хизмат қилади. У ерда Фарангистон маданияти, илм-фанининг таниқли намояндалари билан танишади.

 

Бэкон 18 ёшида отасидан айрилади. 23 ёшида қиролича Елизаветанинг нуфузли аъёнларидан саналган амакиси лорд Берли кўмагида мамлакат парламентига сайланади.

 

Ф.Бэкон Англияга қайтгач, ҳуқуқ илмини ўрганишга киришади.

 

У ҳуқуқшунослик уюшмасининг раҳбари лавозимига тайинланади. Бэкон кенг миқёсдаги суд амалиётларини олиб боради ва ҳуқуқшунослик масалаларига доир асарлар ёзади. Бэконнинг суд жараёнидаги юксак маҳорати ҳамда суд ҳакамлари йиғилишидаги сўзамоллиги ва ақл-фаросати барчани ҳайратга солган. Ҳеч ким унингчалик аниқ, қисқа, залворли, айни дамда ўта маънодор гапиролмаган. У сўзлаётганда тингловчилар ҳар бир сўзни жон қулоқлари билан тинглаб, киприк қоқмай ўтиришган.

 

Бэкон 52 ёшида Англиянинг бош прокурори этиб сайланади.

 

1617 йилдан эса қирол Яков I нинг муҳрдори бўлиб хизмат қилади. Кейинроқ лорд-канцлерлик мартабасига кўтарилади.

 

1621 йилда Бэкон парламент томонидан фитначилик ва порахўрликда айбланиб суд қилинади. Суд Бэконга 40 минг фунт-стерлинг жарима солиш ва Тауэр қалъасига банди этиш ҳақида ҳукм чиқаради. Тўғри, икки кундан сўнг бу ҳукмнинг айрим бандлари бекор қилинган бўлса-да, аммо Бэконнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти буткул барҳам топади. Лордлар палатасининг ҳукмига мувофиқ у қирол саройига яқинлашмаслик ва 12 мил узоқликда яшашга маҳкум этилади.

 

Файласуф ҳаётининг сўнгги йилларини бетоблик ва қашшоқликда ўтказади. 1626 йилнинг баҳорида у товуқ гўшти қор остида қандай сақланишини синаб кўриш учун уни қўллари билан қорга кўмади ва шу баҳона бўлиб, қаттиқ шамоллайди. Бир неча ҳафта хасталаниб ётгач, вафот этади.

* * *

Юзаки файласуфлик инсон ақлини худосизлик сари етаклайди. Фалсафани чуқур ўрганиш эса одамлар идрокини динга йўналтиради.

* * *

Мен одамларни илм-фаннинг асл мақсадини ёдда сақлашга чақираман. Токи улар илм-фан билан ўз мансаблари, илмий баҳслар, ўзгаларни менсимаслик, шон-шуҳрат, шахсий манфаатлари ёки бошқа тубан мақсадлар учун эмас, балки бу билимлардан ҳаётга фойда ва манфаат етиши учун шуғуллансинлар.

* * *

Худони инкор этувчи одам инсон зотидаги эзгуликни ҳам инкор этади.

* * *

Гарчи биз ерда яшаб, самога кўз тиксак-да, руҳимиз жисм қўрғонига бандидир. Шу боис банди руҳ ҳисобсиз алдамчи ва ёлғон тимсолларни қабул қилишга маҳкум.

* * *

Эмпириклар (ҳиссий идрокни, тажрибани билимнинг бирдан-бир манбаи деб биладиган фалсафий таълимот намояндалари) чумолига ўхшаб фақат манба тўплаш билан овора бўладилар ва шу тўпламлардан фойдаланадилар. Ақидапарастларнинг (моҳияти текширилмай-нетмай қабул қилинаверадиган қоидаларга кўр-кўрона ишонувчиларнинг) ҳаракати эса ўргимчакни эслатади. Улар ўзлари учун тўр ясайдилар. Асалари эса бошқача йўл танлайди. У боғ ва далалардаги гуллардан бол йиғади. Тўплаган болини у уқуви ва мақсадига мослаб қайта ишлайди. Ҳақиқий фалсафанинг моҳияти ҳам шундай бўлмоғи даркор.

* * *

Табиатни фақат унинг қонунларига бўйсуниш йўли билангина енгиш мумкин.

* * *

Бир нарсанинг асл моҳиятини билиш унинг сабабини билиш демакдир.

* * *

Инсон – табиатнинг хизматкори ва шарҳловчиси.

* * *

Моддият тиним билмайди, у мангу ҳаракатдадир.

* * *

Тасодиф баъзан кашфиётларни майдонга келтиради. Аммо шу тасодифнинг юзага чиқиши йилларни эмас, ҳатто асрларни талаб этади.

* * *

Фикр оламнинг чегараси ва ниҳоясини қамраб олишдан ожиз бўлса-да, лекин доимо зарурият туғилганда жуда узоқни кўра олади.

* * *

Оҳанрабонинг сеҳрли хоссаси ёрдамида тафаккурнинг моҳиятини очиб бериш мумкин. Оҳанрабо беҳисоб игналарни ўзига тортиб олади-ю, сира кучи камаймайди.

* * *

Тажриба – ҳақиқат гарови.

* * *

Одатда майда ва арзимас нарсалар катта нарсалар ҳақида кўпроқ билим беради. Йирик нарсалар эса аксинча, кичик нарсалар ҳақида тасаввур беришга ожизлик қилиб қолади.

* * *

Кўнглини ёрувчи дўсти бўлмаган одам ўз юрагининг кушандасидир.

* * *

Фақат нафрат ва қўрқувгина зўравонлик қилишга мажбур этади.

* * *

Қўрқувнинг ўзидан кўра қўрқинчлироқ нарса йўқ.

* * *

Табиат устидан ҳукмронликни мўъжиза деб атаймиз. Аммо бу «мўъжиза» одатда бошимизга фақат кулфат ёғдиради.

* * *

Инсон тафаккурига қанот эмас, балки уни қалтис сакраш ва парвоздан асровчи қўрғошин боғламоқ жоиз.

* * *

Маккор одамлар илмни назар-писанд этмайдилар, соддадил одамлар ундан ҳайратга тушадилар, донолар эса илмдан фойдалана биладилар.

* * *

Билимсизлик кучайгани сайин шубҳа-гумон орта боради.

* * *

Мутолаа инсонни билимдонлик сари, суҳбат топқирлик сари етаклайди. Ёзиш эса аниқликни таъминлайди.

* * *

Аввал шахсан ўзи ёвузликнинг барча сир-асрорларини тадқиқ этмаган софдил ва батартиб одам ҳеч қачон виждонсиз ва нодон одамларни қайта тарбиялай олмайди. Чунки тубан ва виждонсиз кишилар софдиллик ва батартибликни одамларнинг тажрибасизлиги ҳамда гўллиги оқибати деб тушунадилар.

* * *

Одамлар бирор янгилик яратишдан аввал вақтдан ўрнак олишса, яхши бўларди. Чунки вақт энг буюк ўзгаришларни ҳам аста-секин, сездирмай амалга оширади. Акс ҳолда, ҳар қандай янгилик кутилмаган тасодифга айланиб қолади. Яна шуни айтиш жоизки, ҳар қандай янгилик доимо кимгадир бахт, кимгадир кулфат келтиради.

* * *

Зўравонлик йўғрилган чоралар замирида ёвузлик ётади.

* * *

Барча эзгу фазилатлар инсонни иллатлар исканжасидан халос этади, лекин фақат жасурлик фазилатигина инсонни тақдир ҳукмидан асраб қолишга қодир.

* * *

Инсоннинг асл табиатини ёлғиз қолганда аниқлаш осон. Чунки айни шу дамларда у ўзидаги ясама хўжакўрсинлик ниқобини олиб ташлайди. Инсонни яна ғазаб отига минганда яхши билиб оласиз. Чунки у бу онларда ўз қоидаларини унутиб қўяди. Инсоннинг аслиятини янги шароитга тушиб қолганда билиб олса ҳам бўлади, чунки бундай дамларда унинг одатлари ўз кучини йўқотади.

* * *

Бахтдан лаззатланиш – буюк саодат. Бахтни ўзгаларга туҳфа этиш эса ундан ҳам буюкроқ эзгуликдир.

* * *

Давлати камайишини истамайдиганларнинг харажати даромадининг ярмидан, давлати кўпайишини истовчиларнинг харажати эса даромадининг учдан бир қисмидан ошмаслиги керак.

* * *

Инсон ўзи афзал кўрган нарсаларнинг ҳақиқатлигига кўпроқ ишонади.