Инглиз файласуфи Уилям Оккам Лондоннинг жануби-ғарбида жойлашган Оккам шаҳарчасида туғилиб ўсди.
У Оксфорд дорилфунунининг илоҳиётчи олими Дус Скотт (1266-1308) қўлида таълим олди. Уилям 1324 йилга қадар Оксфорд дорилфунунида таҳсил олди ва ўқитувчилик қилди. Бу илм даргоҳида тез-тез илмий мунозаралар, мубоҳаса, ҳимоялар ўтказиб туриларди. Илмий баҳсларда одатда талабалар ўзларининг муайян фикрларини ўртага ташлашар, бошқа қатнашчилар эса унга эътироз билдиришарди. Талаба ўз фикрини қатъий ҳимоя қилиб, уларга муносиб жавоб бериши мунозараларнинг асосий шарти ҳисобланарди. Бундай баҳслар одатда кескин, ҳаяжонли бир вазиятда ўтар ва кўпинча… муштлашув билан тугарди.
Уилям илоҳиёт магистри даражасига эришган олим. У фан тарихида янги услубий қоидалар муаллифи сифатида ном қолдирди. Файласуфнинг бу қоидалари кейинчалик «Оккам устараси» деб ном олган. Оккамнинг машҳур «устараси» ўсимликнинг ортиқча навдаларини кесиб ташловчи токқайчи каби билиш, англаш дарахтидаги текинхўр атамаларни йўқотишга хизмат қилган. Оккам илмий билиш услубида оддийлик, соддалик тамойилларига риоя этишни афзал ҳисоблаган. Оккам 1323 йилда Оксфорд дорилфунуни канцлери билан жанжаллашиб қолади. Канцлер файласуфга қатор айблар тақаб, папа Иоанн XXII га хабарнома йўллайди. 1324 йилда Оккам папа Иоанн XXII нинг Авинондаги қароргоҳига жўнатилади. У Авинон ибодатхонасининг турмасида тўрт йил суд ҳукмини кутиб ётади ва 1328 йилнинг май ойида олмон императори Людвиг IX Баварский ҳузурига қочиб боради. Файласуф умрининг охиригача Олмонияда яшайди. 1349 йили Уилям Оккам Мюнхен шаҳрида вабо билан оғриб, вафот этади.
* * *
Озгина восита ёрдамида ҳам бажариш мумкин бўлган ишга кўп чора-тадбир қўлламоқлик беҳудадир.
* * *
Худонинг ҳар нарсага қодирлигини мукаммал исботлаш мумкин эмас. Бунга фақат эътиқод ёрдамида эришиш мумкин.
* * *
Бизнинг билимимиз сезгилар туфайли ҳосил бўлади.
* * *
Ҳаракатдаги жисм ва ҳаракат муштаракдир.
* * *
Ҳокимликни одамларнинг ўзлари ўйлаб топишган, ҳукмронликни ўз истаклари билан майдонга келтиришган.
* * *
Бирламчи моддият яралиш ва бузилишга маҳкум ҳар қандай нарсанинг ягона асосидир.
* * *
Ахир менда ва сенда, одамларда ва эшакда ўша бирламчи моддият айнан бир хил эмас-ку!
* * *
Агар бир моддий нарса иккинчисидан нимаси билан фарқ қилади, деган савол туғилса, улар бир-биридан ўз-ўзича фарқланади, деб жавоб бермоқ жоиз.
* * *
Гарчи ҳар қандай фан алоҳида бир нарсани ўрганиш туфайли келиб чиқса-да, аслида биргина нарсани ўрганувчи фан бўлиши мумкин эмас. Менимча, ана шу алоҳида нарсаларни белгиловчи умумий тушунчалар ҳақидаги фан мавжуддир.