• Узоқдаги акадан яқиндаги қўшни яхши.
• Бўрон кичик оловни ўчиради, лекин каттасини алангалатади.
• Калла билан битириш лозим бўлган жойда мушт билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
• Ҳамма ишнинг боши қийин.
• Гуноҳни одам қилади, жазосини хўроз олади.
• Вақтида айтилмаган доно гап ҳам аҳмоқона қабул қилинади.
• Бир ҳамёндаги икки танга юз тангадан кўра баландроқ жаранг беради.
• Пул ― бу нажас, аммо нажас ― пул бўлолмайди.
• Пул оғриқни тўхтатолмайди, пулсизлик умуман тўхтатмайди.
• Бешикдаги бола ухлашга қўймайди, вояга етгани ― яшашга.
• Вайсақи Худо унга тилни бир лаҳза ҳам гапирмасдан турмаслиги учун берган деб ўйлайди.
• Агар Худо кимнидир жазоламоқчи бўлса, унга кучли тафаккур ато қилади.
• Агар осмондан тош ёғилса, у албатта камбағалнинг бошига тушади.
• Агар эзгуликнинг чегараси бўлса, у энди яхшилик эмас.
• Итни урмоқчи бўлсанг, таёқ топилади.
• Агар қария ёшга уйланса, иккаласи ҳам мамнун бўлмайди.
• Ақли ва саховати камлигидан ҳали ҳеч ким нолимаган.
• Пул ва хотин доим ўзингга қайтади.
• Ҳатто пул ҳам кимгадир ортиқча даҳмаза бўлиши мумкин; пулни топиш қийин, сақлаш ундан-да қийин.
• Эзгу мақсадга ҳам баъзида қинғир йўллар билан борилади.
• Боғ қандай бўлса, боғбон ҳам шундай.
• Уйда жанжал бўлса, ташқаридаги чақмоқ ҳам кўринмайди, гулдурак ҳам эшитилмайди.
• Агар донишманд ҳам хафа бўлса, у энди оқил эмас.
• Агар хизматкорлар жанжал қилса, хўжайин ўғриликдан бохабар бўлади.
• Агар дўстингдан қутулмоқчи бўлсанг ундан қарз сўра ёки ўзинг қарз бер.
• Ким катта, ким кичик ― барибир, қалби тоза бўлсин!
• Ким жуда юқорига чиқиб кетса, пастга фақат учиб тушиши мумкин.
• Ким берса ― бу ҳақда эсламаслиги керак, ким олса ― буни унутмаслиги шарт.
• Эшак минишни билмаган эгарга уради.
• Ким кучли бўлса, у ғалаба қозонади.
• Ёлғон бир оёқда туради, ҳақиқат ― икки оёқда.
• Ёлғон ўпичдан шапалоқ афзал.
• Соғ одамга қилинган яхшилик ― олтин, касалга мурувват ― кумуш, ўликка қилингани ― қўрғошин.
• Бировдан ўнта камчилик топиш, ўзингдан битта топгандан осон.
• Қора ердан оқ нон унади.
• Ёлғончига энг катта жазо у рост гапирганда ҳам ишонилмаслигидир.
• Бола тарбиялаш уни туғишдан қийин.
• Ҳамма қарағай ҳам устун бўлолмайди.
• Кун бўйи ишсиз юришдан кўра оғир иш йўқ.
• Ўзинг ичган қудуққа тупурма.
• Ҳамма қийинчиликлар бартараф бўлсин деб дуо қилма, йўқчилик тугаши билан ҳаёт ҳам ниҳояланади.
• Кўзага эмас, ичидагига боқ.
• Бир тожни икки султон киёлмайди.
• Икки тўйда бирданига рақс тушиш мумкин эмас, аммо икки курсида бирданига ўтирса бўлади.
• Териси онасига юган бўлган тойчоқлар қанча.
• Койиш билан ҳам, кулиш билан ҳам дунёни ўзгартириб бўлмайди.
• Бир ит ҳуриса, бошқалари ҳам ортидан ҳурийди.
• Бир ота ўнта болани тўйдиради, ўнта бола бир отани боқолмайди.
• Азоб кўрган роҳат ҳам кўради.
• Совғани яқинлашиш учун қиладилар, узоқлашиш учун садақа берадилар.
• Ҳақиқат билан ҳали ҳеч ким дунёни олган эмас.
• Қушга қанотининг оғирлиги билинмайди.
• Агар итга курсига чиқишни ўргатсанг, у тезда хонтахтага чиқиб олади.
• Биринчи қадаҳдан сўнг ― қўй, иккинчисидан сўнг ― шер, учинчисидан сўнг ― чўчқага айланасан.
• Ёлғончи ҳеч кимга ишонмайди.
• Қайнона бир вақтлар ўзи ҳам келин бўлганини унутади-да, зулм қилади.
• Вақтида айтилган биргина сўз ҳам қадрли.
• Қарилик ― чаёнўтдан гулчамбар, йигитлик ― атиргулдан.
• Яхшилик учун доим ҳаракатда бўл, ёмонлик ўзи келади.
• Ҳеч нарса билмаслигини билган киши билимлидир.
• Икки қулоғинг билан эшитганингдан кўра, бехосдан бир кўзинг билан кўрганингга ишон.
• Билмайман деган одам, “мен биламан” дегандан кўпроқ билади.
• Ўт чалғидан қўрқади.
• Таканинг соқоли бўлгани билан такалигича қолади.
• Уятчан одамларнинг фарзанди бўлмайди.
• Сирка ― шаробнинг ўғли.
• Яхши дўст ҳар жойда ҳамдам, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам.
• Яхши одамлар ёмонни кўриб ўрганадилар.
• Сени тарк этган дўстинг, сенга ниманидир ўргатади.
• Қалбингда дўстингга нисбатан нима бўлса, унда ҳам сенгна нисбатан шу нарса бўлади.
• Бегонанинг тиши билан чайнаб бўлмайди.
Давронбек Тожиалиев таржимаси.
Яҳудийлар (ўзларини йегудим, иврим деб аташади) — Яқин Шарқдаги халқ. Умумий сони 12,9 млн. киши, жумладан, АҚШ да 5,15 млн. киши, Исроилда 5,15 млн., Францияда 500 минг, Буюк Британияда 267 минг, Аргентинада 180 минг, Канадада 370 минг, Германияда 120 минг, Австралияда 100 минг, Россияда 229,9 минг киши (2003). Яҳудийларнинг аксарияти қайси мамлакатда яшаса, ўша мамлакат тилида сўзлашади. Яҳудийларнинг бир қисми иврит, идиш тили ва қўшни халқлар (испан, араб, форс ва б.)нинг бирмунча ўзгартирилган лаҳжаларида сўзлашади. Чунончи, мас, Ўрта Осиё яҳудийлари тожик тилида, грузин яҳудийлари грузин тилида, Доғистон яҳудийлари тот тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан, иудаистлар.