• Адолат қолмаган ерда пул ҳукмронлик қилади.
• Нафас олиб турган ҳамма ўлади.
• Шароб кирган бошдан ақл учади.
• Очлик — энг яхши зиравор.
• Севги тугаган жойда нафрат бошланади.
• Ой остидаги ҳеч нарса абадий эмас.
• Энг зўрлар ҳам адашади.
• Кафаннинг чўнтаги бўлмайди.
• Хотин соя кабидир. Унга интилсанг қочади, узоқлашсанг ортингдан югуради.
• Агар ҳокимият қонундан илгари юрса, фуқародан кўра ҳоким бўлган афзал.
• Аёлнинг юраги ўнта эркакнинг кўзидан яхши кўради.
• Кўрни кўр еталаси иккиси ҳам чоҳга қулайди.
• Севгининг кўзи кўр, янги уйланганлар — шапкўр.
• Ёшнинг гўзал юзи бор, қарининг гўзал руҳи бор.
• Эски севги зангламайди.
• Эркак ақли билан севади, аёл қалби билан ўйлайди.
• Уруш ва севгида барча воситалар ишга солинади.
• Мусибат кўпинча қўш келади.
• Ўзи бериб, Ўзи олади.
• Оғриқ оғриқ билан тузалади.
• Катта ҳокимият — катта жавобгарлик.
• Ташқи кўриниш кўпинча алдайди.
• Бўрини қанча тарбияласанг ҳам бўрилигича қолаверади.
• Ажаб, маймунни ҳамма билади. У эса ҳеч кимни танимайди.
• Ҳамма инсонлар ҳар хил.
• Ҳаммамиз гуноҳкорлармиз.
• Ҳар ишнинг ўз вақти бор.
• Кар аёл ва гунг эркак кам сўкинадилар.
• Деҳқон билан деҳқон тилида, олим билан лотин тилида сўзлаш.
• Эски ишқ эски ярага ўхшайди, тез-тез оғриб туради.
• Кўр товуқ ҳам донни топа олади.
• Пул дарахтда ўсмайди.
• Қизни никоҳга қизиқиш ундайди, бевани — одати, қари кампирни — шайтон.
• Арзон топилган осон сарфланади.
• Бекасиз уй ҳидсиз гул кабидир.
• Ҳаёт бир марта берилади.
• Севгисиз ҳаёт ёзсиз йилга ўхшайди.
• Унут ва кечир.
• Тақиқланган мева ширин бўлади.
• Олтин олов билан, аёл олтин билан, эркак аёл билан синалади.
• Қуёшнинг ҳам доғи бор.
• Виждон нима эканлигини минг тил билан ҳам тушунтириб бўлмайди.
• Хўжайини қандай бўлса, хизматкор ҳам шундай.
• Осмондан ош ёғса, камбағалнинг қошиғи йўқ.
• Уйда мушук йўқлигида сичқонлар рақсга тушади.
• Оқсоч аёлга уйланган охир оқибат хизматкорга айланади.
• Урушқоқ ўз жонини севмайди.
• Ўзини билмаган одам қўшниси билан урушади.
• Бир марта алдаган одамга қайта ишонмайдилар.
• Таваккал қилган — ғалаба қилади.
• Қалбида гина бўлмаган киши ҳаммага эзгу нигоҳ билан қарайди.
• Аёлини авайлаган ўзини ҳам авайлайди.
• Ёмон гапиргандан кўра сукут афзал.
• Ўрмондаги ўнта қушдан, қўлдаги биттаси афзал.
• Мени севсанг итимни ҳам сев.
• Кичик ёрдам ҳам — кўмак.
• Кичик ушоқ ҳам нон.
• Қўй терисини ёпиниб юрадиган бўрилардан ҳайиқ.
• Кичик жилғалар дарё бўлади.
• Севгисиз ёшлик, доноликсиз қариш — йўқотилган ҳаётдир.
• Сукут — розилик белгиси.
• Эр бош бўлса, аёл — қалпоқ.
• Хатолар кўп нарсага ўргатади.
• Тобланган темирдан ва севгидан куйиш осон.
• Умид энг сўнггида ўлади.
• Ухлаётган айиқни уйғотма.
• Асо билан юрувчи ҳамма ҳам авлиё эмас.
• Севги ва мумни ўтга яқин олиб борма.
• Челак ушлаган ҳамма ҳам қиз бола эмас.
• Ўлик қарға учун ўқни исроф қилма.
• Итга терисига қараб баҳо берма.
• Қуёш ботмай туриб кунни мақтама.
• Тикансиз атиргул бўлмас.
• Тўкилган сут учун йиғлаш шарт эмас.
• Ҳамма илмни тўлиқ биладиган ҳеч ким йўқ. Ҳамма оз-оздан билади.
• Бир қалдирғоч ёзни олиб келмайди.
• Севгидан кўпчилик қаҳрамонга айланади, кўпчилик — телбага.
• Ҳаммага ҳам дарвозани очаверадиган эшикбон энг ёмон посбондир.
• Гумон кир виждон билан бирга юради.
• Фирибгарлик чиройли юзга яширинган бўлади.
• Фирибгарни дорга осганинг билан у етказган зарарни қоплаб бўлмайди.
• Товуқларни тулки еб кетгандан сўнг товуқхонани қулфлашнинг ҳожати йўқ.
• Ўзингни англа, бошқаларни ҳам тушунасан.
• Ҳаёт мавжуд экан, умид сўнмайди.
• Сотиб олишда қулоғингга эмас, кўзингга ишон. Уйланишда эса кўзингга эмас, қулоғингга ишон.
• Ўзингга ўзинг ёрдам бер. Шунда Худо ҳам сенга мадад беради.
• Шам остида ҳамма қизлар ҳам гўзал.
• Тан олинган хато — фойдали хатодир.
• Бўш бочкадан кучлироқ овоз чиқади.
• Шерикликдаги дард — ярим дард, қувонч — икки қувонч.
• Қизаришни билган болани Худо асрайди.
• Рим бир кунда қурилмаган.
• Шудринг лойга ҳам, лолага ҳам тушади.
• Ўз ўчоғинг — олтин.
• Кучли билак билан ақлли бош кира олмаган кўп кўчаларга кириш мумкин.
• Чўчқани эгарлаганинг билан у от бўлиб қолмайди.
• Ейиш осон, тўлаш қийин.
• Сўз — кумуш, сукут — олтин.
• Яхши бошланиш — ярим ғалаба.
• Кимнингдир ўлими — бошқанинг нони.
• Ғийбат — ярим ёлғон.
• Эски севги ҳеч қачон зангламайди.
• Ишламаган Худодан ҳам нон сўрамасин.
• Очкўзликнинг охири йўқ.
• Аёлнинг макри шайтондан кучли.
• Ёқимтой боланинг исми ҳам кўп бўлади.
• Омад омадсизликда.
• Омад кучли инсонларгагина ҳамроҳ бўлади.
• Қайсар ҳеч қачон доно бўлмайди.
• Тонгги соат олтин билан ўлчанади.
• Хатосиз инсон бўлмайди.
• Одам бир марта ўлади.
• Инсон ўзи хоҳлаганини эшитади.
• Юришни ўрганишдан аввал йиқилишни ўрган.
• Ошпаз кўп бўлса, шўрванинг мазаси қочади.
• Қўрқув бор жойда зарар кўп.
• Ҳақиқат энг узоқ яшайди.
• Ҳақиқат — ўрмондаги энг баланд дарахт.
• Тўртта кўз иккитадан яхши кўради.
• Тоза виждон — энг яхши ёстиқ.
• Бошқанинг хатосини тузатиш осон.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Шведлар — Европадаги халқ, Швециянинг асосий аҳолиси (9,45 миллион киши, 2011). Шведлар Испания (65 минг), АҚШ (4,5 миллион), Норвегия (28 минг) ва Австралияда (100 минг) ҳам яшайдилар. Умумий сони 15 миллионга яқин. Швед тилида сўзлашади. Диндорлари — христианлар (асосан, лютеранлар).