• Билим қайтариш билан тирик, ер — меҳнат билан.
• Ўзинг тушадиган чуқурни ковлама.
• Қарз олишдан аввал уни қайтаришни ўйла.
• Аҳмоқлар машваратида жанжал учун сабаб доим топилади.
• Умид қил, лекин тўла ишониб қолма.
• Дангасанинг томи — юлдузлар, девори — қамишлар.
• Ўғрининг юраги доим ваҳимада.
• Хоҳиш бор жойда имкон топилади.
• Ҳатто шоқолнинг ҳам боласи ширин.
• Очкўзнинг қорни доим бўш.
• Кўриниши хароб, лекин тили филнинг тишини синдиради.
• Ҳар лақманинг ўз қаллоби бор.
• Чўпон сутга ёлчимайди.
• Бекорчининг тили сабабга тўла.
• Қанча яшасанг, шунча умид қиласан.
• Ўлиш — қийин, лекин яшаш ҳам осон эмас.
• Хасиснинг бойлигини юз марта санаш керак.
• Азим дарахт қуёшдан ҳам, селдан ҳам асрайди.
• Очликда донни авайла, тўпалонда — бошни.
• Камбағалнинг уйига каламуш ҳам меҳмонга кирмайди.
• Кийим тўла уй соҳиби — яланғоч.
• Эчкининг оғзига ошқовоқ тиқиб бўлмайди.
• Бир кўзлилар мамлакатида икки кўзи ғилай ҳам соҳибжамол.
• Ўғрилик, хиёнат ва балиқ ови инсонни йўлдан оздиради.
• Буюкларнинг ишлари ҳам буюк бўлиши керак.
• Иш учун ёқутни ҳам синдир, бекорчиликда тузни ҳам майдалама.
• От ва эшакка — юган, аҳмоққа — қамчи.
• Аҳмоққа ишониш — хўрознинг тухум қўйгани.
• Бошқаларга ўргатади, ўз айблари кўринмайди.
• Ўлим сени унутган бўлса, Моранга бор (Моран — Непалдаги пасттекислик. Бир замонлар ўша ерда безгак тарқалган).
• Бўнак олиш — бўйинга сиртмоқ осиш.
• Бахтсизлар мусибати — бахтлилар учун дарс.
• Балиқ тутиш учун ҳам зеҳн керак.
• Кўрга шамдан не фойда?
• Ҳар элатнинг ўз либоси бор.
• Ҳеч нима йўқлигида чумолининг тўйи ҳам байрам.
• Аҳмоқнинг қармоғи, ғайратлининг тўри, ботирнинг тўғони — балиққа ўлим.
• Кўзани томчи билан ҳам тўлдирса бўлади.
• Оқилга бир сўз ҳам кифоя.
• Дангасанинг йўлида доим тиканли бута.
• Қулни насиҳат билан йўлга солиб бўлмайди.
• Ғам кўрмасдан бахтнинг қадрини билмайсан.
• Мис идиш олмасдан сопол идишни синдирма.
• Ўйлаб сўзласанг — чора топилади, ўйламасанг — бошинг кетади.
• Сигирдан — сут, акадан — мадад.
• Хатони бир киши қилади, касрини оила тортади.
• Суякни ютишдан аввал ҳалқумингни текшир.
• Рақибингни мардлик билан кутиб ол.
• Қоронғида ишлаш — шаршара остида куйлаш.
• Яра қаердалиги ярадорга маълум.
• Бекорчининг оғзи доим мақолга тўла.
• Ўз қўлинг — дунёлар ҳокими.
• Кўрлар орасида бир кўзли ҳам — рожа.
• Девор ва устунлар уйни асрайди.
• Ҳақиқий дўст мусибат пайти билинади.
• Илинмаган балиқ доим катта.
• Дарёни тимсоҳга миниб сузиб ўтмоқчи (бесамар, тутуриқсиз ишлар ҳақида).
• Жўжа товуқдан ақлли эмиш.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Непаллар (кхаслар, ўзларини — непали деб аташади) — Непалнинг асосий аҳолиси (20 миллион киши, 2010) бўлган халқ. 4,2 миллион киши Ҳиндистонда яшайди. Непал тилида сўзлашади. Диндорлари — ҳиндуизмга эътиқод қилади.