• Боланинг қўли шилинса, онанинг юраги шилинади.
• Худодан умид қилиб, бекор ётма.
• Туғилмаган ўлмайди.
• Ўз онангдан кўра яхши дўст йўқ.
• Қарининг ҳам, ёшнинг ҳам ақли бир хил (мокша).
• Меъёрида еб-ич ― қорнинг оғримайди.
• Қамоққа йўллар кўп, ундан чиқиш йўли битта (мокша).
• Келинни қўлингга чиқарсанг, бўйнингга ўзи чиқиб олади.
• Худо қўлда қадоқ пайдо бўлгандан сўнг ёрдам беради.
• Мақол қушнинг тумшуғичалик бўлса-да, унда денгиздай маъно бор.
• Сигирнинг тили катта бўлса ҳам, ялашга ярайди холос (мокша).
• Баҳорда бўри терисини ташлайди, феълини эса ташламайди (мокша).
• Яхши миш-миш ётар, ёмон миш-миш чопар.
• Ҳаётда яшаш ― сават тўқиш эмас.
• Ишлайдиган ўроқ доим ялтирайди (мокша).
• Буғдойда ҳам чиқинди бўлади.
• Чуғурчуқ ҳам баъзида булбул каби сайрайди (мокша).
• Миш-миш ўқдай учади.
• Калавани айлантирсанг охирини топасан (мокша).
• Эманда жўка барги ўсмайди.
• Бировнинг печкасида орқангни иситолмайсан (мокша).
• Олма дарахтидан олма, арчадан ғудда.
• Тандир битта, лекин нонлари ҳар хил, ота-она битта, лекин болалари ҳар хил (мокша).
• Узун тил ялашга ярайди, холос (мокша).
• Бир хўрозни етти киши сўймайди.
• Эски дарахт янги ниҳолларни суяб туради.
• Укки бўлиб туғилган булбулга айланиб қолмайди.
• Бало бир ўзи келмайди (эрзя).
• Ака-укасиз яшаш мумкин, қўшнисиз яшаб бўлмайди (мокша).
• Бевақт узилган олма ― нордон (мокша).
• Бекасиз уй ғариб.
• Қийшиқ дарахтсиз ўрмон бўлмайди.
• Ёмонсиз яхши йўқ, яхшисиз ― ёмон.
• Мақолсиз яшаб бўлмайди.
• Катта кичикка юқоридан қарайди.
• Меҳмонда яхши, уйда ундан яхши (эрзя).
• Бошида кулсанг, охирида йиғлайсан.
• Итнинг оғзига қўлингни тиқма.
• Бировнинг уйидаги нон ширин (мокша).
• Шамол бўлмаса, ўрмон ғувилламайди.
• Кун қандай бўлганини тун кўрсатади (эрзя).
• Ўз вақтида айтилган сўз олтиндан афзал.
• Қориндан баланд сакролмайсан.
• Энага кўп бўлса, бола касалдан чиқмайди (мокша).
• Чақмоқ қаерда бўлса, гулдурак ҳам ўша ерда.
• Энага кўп бўлса, болалар оёқсиз.
• Олов бор жойда тутун ҳам бор.
• Қайнаб бошланган совуб тугайди (мокша).
• Икки аср яшолмайсан.
• Қиз бегона учун, ўғил бека учун.
• Дарахт ниҳоллигида эгилади (мокша).
• Болалар йиқилиб катта бўлади.
• Ҳаёт ― даладан юриб ўтиш эмас.
• Соғлик ― бойлик.
• Қишда малина термайдилар.
• Ёмон одам ҳар ерда ёмонлик қилади.
• Билим пулдан кучли.
• Арава ҳам ўз ўқида айланади (мокша).
• Яхши ҳам, ёмон ҳам унутилмайди (мокша).
• Оздан кўп йиғилади.
• Қўшиқдаги сўзни юлиб бўлмайди.
• Баъзида ахмоқдан ҳам ақлли гап чиқади.
• Ҳар бошланишнинг охири бор (мокша).
• Ўрмондаги ҳамма дарахтлар бир хил бўлмаганидек одамлар ҳам ҳар хил.
• Кўп кўрсанг, кўп эшитасан (эрзя).
• Онаси қандай бўлса, қизи ҳам шундай.
• Ичи қандай бўлса, таши ҳам шундай (эрзя).
• Саволга қараб жавоб.
• Илдизига қараб япроқ.
• Отага қараб бола.
• Экканингни ўрасан (эрзя).
• Фикрга қараб нутқ (мокша).
• Дўстларинг қандай бўлса, сен ҳам шундайсан; сен қандай бўлсанг, дўстларинг ҳам шундай.
• Бошланиш қандай бўлса, хотима ҳам шундай.
• Эр қандай бўлса, хотин ҳам шундай.
• Ўқитувчи қандай бўлса, ўқувчи ҳам шундай.
• Севгинг сабаб дунёнинг у четига ҳам борасан.
• Хотима бошланишнинг қандай бўлганини кўрсатади (мокша).
• Гўзаллик кўзда эмас, қалбда.
• Қийшиқ фикрни тўғрилаб бўлмайди.
• Бўри бўлиб туғилган бўри бўлиб ўлади (мокша).
• Сукут қилган кўп эшитади.
• Қаерга кирсанг ҳам аввал чиқишни ўйла.
• Игна қаерга юрса, ип ҳам ўша ерга юради.
• Ширин бузоқча икки сигирни эмади.
• Ортиқча туз овқатни бузади, ортиқча сўз ― нутқни (мокша).
• От бўлганда беда йўқ, беда олинганда от йўқолар (мокша).
• Кичкина от ўлгунича ― тойчоқ.
• Кичкина қозон тез қайнайди (мокша).
• Кичкина болта катта дарахтни йиқитади.
• Она айтди ― Худо айтди.
• Ёш ақли билан кучсиз, қари ― соғлиги билан.
• Ёшлик икки марта келмайди (эрзя).
• Ёшликни қайтариб бўлмайди, қарилик ўзи келади.
• Эр ва хотин ― бир чўғнинг учқунлари.
• Бир михга ҳамма нарсани илолмайсан.
• Бир оёқ билан узоққа боролмайсан (мокша).
• Ишда ― чумчуқ, ейишда ― бургут (эрзя).
• Бировнинг ерида ёзда ҳам совуқ.
• Халқ сўзи ― ишончли сўз.
• Эр-хотин жанжалига аралашма, айбдор бўлиб қоласан.
• Ҳамма қўшиқ ҳам охиригача айтилмайди (мокша).
• Ҳамма зина ҳам охирига олиб бормайди.
• Қийинчилик кўрмасдан шодликни билмайсан.
• Дарахтлар турли бўлгани каби, одамлар ҳам ҳар хил.
• Сувга сакрамасдан сузишни ўрганолмайсан (эрзя).
• Қарилар устидан кулма, сен ҳам қарийсан.
• Туққан ― она эмас, тарбиялаган ― она.
• Тутунсиз олов йўқ.
• Кўп яшаган эмас, кўп иш қилган азиз.
• Битта дард ― дард эмас.
• Битта ари кўп асал йиғолмайди (мокша).
• Бир кўзида кулиб, иккинчисида йиғлайди (мокша).
• Ўз инини севмайдиган қушга қийин.
• Ёмонлик яхшиликка олиб бормайди.
• Ёмон бошланиш ― ёмон хотима.
• Ёмон болага отанинг сўзи ҳам бир чақа.
• Ёмон одамга ҳамма ёмон (мокша).
• Сочига қараб ақлига баҳо берма.
• Икки қуённи нишонга олсанг, биттасига ҳам тегмайди (эрзя).
• Қизга уйланишдан аввал унинг онасини кўр (мокша).
• Тўғри йўл доим қисқа эмас (мокша).
• Қуш овозидан билинади (эрзя).
• Нима билан ўйнашсанг, ўша билан тўқнаш келасан (мокша).
• Чўчқа осмонга қарамайди (мокша).
• Айтилган сўз ― кумуш, сукут ― олтин.
• Айтилган сўзни ортга қайтариб бўлмайди (мокша).
• Сўз бўр эмас, айтиоб, сўнг ўчириб ташлолмайсан (мокша).
• Сўз қум эмас, учса, тутолмайсан (эрзя).
• Сўз билан суяк ёролмайсан (мокша).
• Ўлим бир марта келади.
• Кўп ит билан қуённи тутолмайсан (мокша).
• Эски чаёнўт кучлироқ чақади.
• Қари ёшармайди, ёш қарийди.
• Кўз ҳеч қачон тўймайди (мокша).
• Ҳаммага ўз хотини чиройли.
• Кимнинг иши юришса, унинг хўрози ҳам туғади (эрзя).
• Онанинг қўли иссиқ, қайнонаники ― совуқ.
• Яхши онанинг қизи ҳам яхши.
• Тили қўшиқ айтар, қалби йиғлар (эрзя).
• Ишнинг бошида эмас, охирида мақтан.
• Яхши ишни бажариш керак, ёмони ўзи келади.
• Яхшилик унутилади, ёмонлик ― ҳеч қачон (мокша).
• Яхшилик қилиш қийин, ёмонлик қилиш осон (мокша).
• Яхши сўз пулдан қиммат.
• Яхшига ҳар қачон яхши, ёмонга ҳамма вақт ёмон (мокша).
• Одамнинг яхшилиги кўзидан билинади (мокша).
• Қарға юқорида учса-да, барибир у бургут эмас (мокша).
• Бировнинг дарди оғритмайди (мокша).
• Бировнинг кўйлаги ― кўйлак эмас, бегона эр ― эр эмас.
• Бировнинг дардига ҳеч ким инонмас.
• Олма дарахти тагига олма тушади.
• Тил суяксиз ― чарчамайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Мордвалар — Мордовиянинг туб аҳолиси (284 минг киши, 2002). РФда 843 минг киши (2002). Умумий сони 900 минг киши. Эрзя ва мокша, каратай ва терюханлар этник гуруҳларига бўлинади. Мордва тилларида сўзлашади. Диндорлари — православлар.