• Ёлғон қанчалик тез учмасин, ҳақиқат уни қувиб ўтади.
• Кўр-кўрона ишонч хатарлидир.
• Хаёлингга келган илк фикрни тилингга чиқараверма.
• Шошилиш мақтов келтирмайди.
• Бўйсунишга мойил киши қўмондон бўлолмайди.
• Ҳар нарсадан доим норизо одам эътибордан қолади.
• Чўкаётган кемага дарға керак эмас.
• Дарёга тушдингми, сузмасдан чиқма.
• Онасига тарбия бермаганни ҳаёт тарбиялайди.
• Дангасанинг таоми — кокос пўчоғи.
• Филлар жанжали бутага зиён.
• Лой қуримасдан ғишт қуй, болани ёшлигида ўргат.
• Севгилингнинг уйи узоқ туюлмайди.
• Билганинг — ўзингники, гапирганинг — бировники.
• Бир қўл билан арқонни боғлаб бўлмайди.
• Бир қинга икки қилични тиқиб бўлмайди.
• Шер бургани тутгунча, бурга унинг қонини сўради.
• Севганингнинг юзидаги ҳуснбузар билинмайди.
• Инсоннинг насаби эмас, қилаётган иши муҳим.
• Қулга танлаш имкони берилмайди.
• Оқ ит бошқа оқ итни тишламайди.
• Уйдаги ишлар умумий майдонда муҳокама қилинмайди.
• Аҳмоқона қилиқ пушаймонга олиб келади.
• Тариқнинг қандайлиги хирмонда билинади.
• Эчкингнинг шохини синдиришса, сен уларнинг ҳўкизини бўғизлама.
• Бузоқни сигир олдида сўйма.
• Яхши маслаҳат — бойлик.
• Биров билмаган нарсани бошқа одам билади.
• Юраклар йўл каби бир-бирига туташмайди.
• Бир дарахт қуласа, у иккинчисига ҳаёт бағишлайди.
• Олинган ҳадяни тарозида тортмайдилар.
• Тез топилган тез йўқотилади.
• Кеча ва ундан олдинги кун — бугун эмас.
• Дарё суви чанқаганларни кутмасдан оқаверади.
• Давоси йўқ дарднинг ўзи йўқ.
• Момақалдироқ ҳали ёмғир дегани эмас.
• Ерга меҳр билан муносабатда бўлинг. Уни ота-онангиз яратган эмас.
• Фазилат бойликдан афзал.
• Дўстингнинг томидан кулсанг майли, ётоғи устидан кулма.
• Бўладиган буқа бузоқлигидан маълум.
• Дўст — сенинг қалб қўшиғингни ёддан биладиган, куйлаганда сен хато қилсанг, у тўғрилаб қўядиган инсондир.
• Каламушга қўйилган қопқонга айбли ҳам, айбдор ҳам тушиши мумкин.
• Бўш хумнинг жаранги баланд бўлади.
• Оёғи қийшиқ антилопа овлолмайди.
• Юзингни асраб қолиш учун бурнингни кесма.
• Энг яхши ғаввос ҳам чўкиши мумкин.
• Ҳар қуш ўз қаноти билан учади.
• Ҳар эшикнинг ўз калити бор.
• Асаларини таъқиб қилсанг, асални топасан.
• Яхши маҳсулот сотилади, ёмон маҳсулот мақталади.
• Ўзингга ёрдам берсанг, Худо ҳам сенга ёрдам беради.
• Агар бола отасига ўхшамаса, у онасини эслатади.
• Ўлим нималигини билмасанг, мозорга боқ.
• Туганмас йўл йўқ.
• Тинчликка арзон йўл билан эришиб бўлмайди.
• Очлик ўлдирмайди, очлик қўрқинчи ўлдиради.
• Катта балиқ кичик балиқни еб битиради.
• Байрам мангу давом этмайди.
• Қушнинг қарғиши бургутга хавф эмас.
• Кўз — қўрқоқ.
• Эркак уйнинг боши бўлса, хотин — юраги.
• Буқадан озор чеккан бузоқдан ҳам чўчийди.
• Баҳорга эрта етган тоза сув ичади.
• Дарё ҳеч қачон тоққа қараб оқмайди.
• Шер гўшт топа олмаса, ўт ейди.
• Бировнинг омадини тортиб ололмайсан.
• Маймунга дарахтга чиқишни ўргатма.
• Дарёни кўрмасдан кўприк қурма.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Шарқий Африкада жойлашган Кения давлати аҳолисининг 66 фоизини бенуэ-конго тилларида сўзлашувчи халқлар ташкил этади. Уларнинг йириклари: кикуйю, лухя, камба, кисии, меру, суахили ва бошқалардир.