• Боласиз уйда бахт бўлмайди.
• Бой бошпанасиз бўлмайди.
• Бошланмаган ишга илон ўтиради.
• Ўз уясида сичқон ҳам ботир.
• Айиқнинг бошини кўрдингми ― унинг изини қидирма.
• Ширин таом одамни қувнатади.
• Ҳўкизга семизлик, йигитга қотмалик ярашади.
• Бўри қайси чўпоннинг қўйини ўғирлаш мумкинлигини унинг қалпоғидан билади.
• Қарға гўшт бор жойда айланади.
• Тарбия ― бебаҳо бойлик.
• Табибга ҳамма дўст.
• Қишлоқ аҳлининг ҳаммаси аҳмоқ бўлолмайди, аҳмоқлар ичида ақллиси ҳам топилади.
• Мушуклар йўқ жойда сичқонлар эркин юради.
• Қаерда яхши қариялар бўлмаса, яхши ёшлар ҳам бўлмайди.
• Қаерга қўйсанг, ўша ердан оласан.
• Асал қаерда бўлса, асалари ҳам ўша ерда.
• Қаерда шовқин кўп бўлса, у ерда ақл кам.
• Аҳмоқ заҳирасини тез еб қўяди.
• Аввал ўйлаб, сўнг гапир, аввал кўриб, сўнг ўтир.
• Меҳмон тайёр, мезбон доим тайёр бўлавермайди.
• Меҳмон қўйдан ҳам сипо.
• Туя ҳам йилига бир марта хурсандчилик қилади.
• Сувда иккита тош бўлдими, тўқнашади.
• Икки қирғий уришса, ўлжани қарға олиб қочади.
• Икки қичима от ― дўст.
• Биринчи марта тикаётган қиз тикишни ўрганаётган қарияга ўхшайди.
• Айиқ бўрини жундор деб ўйлайди.
• Ўнта сичқон бирлашиб, катта пишлоқни ўғирлайди.
• Кўр учун ой нур сочмайди, боласиз хотиннинг чақалоғи йиғламайди.
• Ўлган бўрига пичоқ ўқтама.
• Дўст ― сенинг ойнанг.
• Қорин тўқ бўлса, нон хомга ўхшайди.
• Йўлбошчи яхши бўлса, унинг ортидагилар ҳам ёмон эмас.
• Жангчининг руҳи тушса, оти ҳам сакрамайди.
• Агар сутга узоқ термулсанг ― унда қонни кўрасан.
• Билмасанг, сўраш айб эмас.
• Сени дўппослаганни сен ҳам урмасанг, у сенинг қўлинг борлигини билмайди.
• Маслаҳат қилишга ҳеч ким топилмаса, қалпоғингни еч-да, у билан маслаҳатлаш.
• Агар бир эркак сени уч марта алдаса ― сен аҳмоқсан, агар бир чуқурга уч марта қуласанг ― сен кўрсан.
• Бургут қанотини ҳадеб қоқаверса, узилади.
• Қалбинг кўрмаганини кўзинг ҳам кўрмайди.
• Кўп эшитсанг ― кам гапирасан.
• Баҳс жанжал билан тугаса, бегоналар зарар кўради.
• Сен ҳақ бўлсанг ― кучлисан.
• Бирга ейиш маза, бирга ишлаш мазза.
• Ажрашмоқчи бўлган аёлингни бадном қилма.
• Ҳасадчи бахтсиз бўлиб қолади.
• Ўлимда ҳам мардлик бор.
• Жим турганда аҳмоқ ҳам ақлли.
• Алдамаса қопқон ҳам тутолмайди.
• Чойнакдан унда йўқ нарса қуйилмайди.
• Ерни қандай парвариш қилсанг, баҳоси шунча ортади.
• Итингни қандай номласанг, уни шундай аташади.
• Китоблар ― билимлар калити.
• Қарғага кўз берилганида қош ҳам сўраган экан.
• Ем оз бўлса, бузоқча тўймас бўлиб қолади.
• Ёлғончи рост гапирса ҳам ҳеч ким ишонмайди.
• Болакай югурганида қариянинг оёғи оғрийди.
• Чўпон кўп бўлса, қўйлар ҳаром ўлади.
• Дарё қарияни оқизиб кетганда, у ҳам “ойи” деб бақирган экан.
• Кимнинг боши чиройли дейишганда, тошбақа бошини чиқарган экан.
• Кимни хўжайин десанг, у сени қулдек қабул қилади.
• Мозорга олиб борилган одамни қайтариб олиб келишмайди.
• Шохсиз эчки шохим ўсмаяпти-ю деб, ўзини ёшман деб ўйларкан.
• Сен билан иши йўқ одамга бош оғриқларингни гапирма.
• Отингга ва хотинингга ишониб қолма.
• Сути оз сигир бошқалардан кўп маърайди.
• Суякни гўшт безайди, баданни кийим.
• Йирик ёмғир тез ўтиб кетади.
• Отдан қўрққан эгардан ҳам қўрқади.
• Туз еган сув ҳам ичади.
• Озига рози бўлмаган, кўпига ҳам раҳмат демайди.
• Асал еган қўлини ҳам ялайди.
• Ким болани боқса, ўша унга она.
• Кўп яшаган кўп билади.
• Ўтирганингда сени кўрмаган турганингда ҳам эътибор бермайди.
• Айтишдан уялмаган қилишдан ҳам уялмайди.
• Катталарни ҳурмат қилмаганни бошқалар ҳам ҳурмат қилмайди.
• Вабодан омон қолган ичкиликдан ўлибди.
• Ким аввалроқ ўлса, уни олдинроқ мозорга олиб боришади.
• Ўз жойини билмаган жойсиз қолади.
• Ширин сўз қалбни юмшатади.
• Яхши қўзи икки онани эмади.
• Ўрмонга ва қоронғи кечага ўз сирларингни ишонма.
• Аҳмоқ дўстдан ақлли душман афзал.
• Ёмон йўлдошдан, яхши қурол афзал.
• Ёшга йўл-йўриқ берадилар, қарига ўргатадилар.
• Эркак эркаклигича ўлади.
• Онасини кўриб, қизига уйлан.
• Тикан бор жойда тикан ўсмайди.
• Кимнинг аравасида ўтирсанг, ўшанинг куйини чал.
• Ўғрининг умиди бошқаларнинг билиб қолмаслигида.
• Ишдаям, йўлда ҳам синалмаган одамни сўкма ҳам, мақтама ҳам.
• Ўзинг ичадиган сувга ўлик итни ташлама.
• Ухлаётган айиқни уйғотма, қўрқмайдиган одамдан хафа бўлма.
• Қилични икки марта чиқарма, сўзингни икки марта қайтарма.
• Итинг тишламаслигини ва отинг сакрамаслигини ҳеч қачон гапирма.
• Йиқилган одамдан кулма.
• Тарбиясизлик ― тузалмас касаллик, аҳмоқлик ― чорасиз касаллик.
• Белгиланмаган муддат ― узоқ, белгилангани тез келади.
• Қўл учида экилган ниҳол қуриб қолади.
• Кечаси яқиндаги ёнаётган алангага борма, узоқ бўлса-да ит ҳуриган жойга бор.
• Оти бор қолиб, эгари бор манзилга етди.
• Фарзандсиз ота ― суяксиз гўшт.
• Қўрққан жангчини узоқ таъқиб қилма.
• Пиёда доим чавандоздан кулади.
• Ёмон хабар тез тарқалади.
• Ёмғирдан сўнг тўнни олма.
• Онанинг одатлари қиз учун андоза.
• Меҳмоннинг келиши ― ўзининг иши, кетиши ― мезбоннинг.
• Калла бўшлиги ― оёқ оғриғи.
• Сигирнинг оёғи бузоқни ўлдирадими?
• Эчкидан бузоқ туғиладими?
• Қилич яраси битади, тилники битмайди.
• Камтарлик ― энг чиройли кийим.
• Гўнгқарғага боласи чиройли.
• Ёмонлик қилиб, яхшилик кутма.
• Ёлғончининг сўзи қумга ёзилган кабидир.
• Итни айбсиз ўлдирма, айбсиз аёл билан ажрашма.
• Мусобақалашган бойийди, макр қилган тарқаб кетади.
• Эски дўст душман бўлмайди, эски душман дўст бўлиб қолмайди.
• Эски дўст эски кумуш кабидир.
• Уч киши билган сир ― сир эмас.
• Хола ― она кабидир, амма ― ота кабидир.
• Қўрқоқ олдин уради.
• Қўрқоқ ўз майдонида ҳам қўрқади.
• Камбағалнинг териси қалин.
• Бойнинг ити ҳам майсада ўтлайди.
• Ҳар ишнинг ўз гали бор.
• Меҳмони кўпнинг болалари оч қолмайди.
• Кимнинг кўйлаги темирдан бўлса, унга темир игна керак бўлади.
• Кимнинг камчилиги кўп бўлса, у бошқалардан камчилик қидиради.
• Оёқ кийими қисаётган ва ейдигани кам одам ― бир хил вазиятда.
• Кимда 1 фарзанд, кимда 40 та ― ҳаммаси қадрли.
• Ёлғончининг битта рости бор эди, униям ит еб қўйди.
• Ёлғоннинг оёғи қисқа.
• Ақллини кўролмайдиганлар кўп.
• Чумолининг ўлими олдидан қаноти ўсади.
• Кимдадир ўнта пўстин, бошқа ўн кишида пўстин йўқ.
• Яхши одамнинг хотини ярим йўлда қолмайди.
• Ақлнинг баҳоси бўлмайди, тарбиянинг ― чегараси.
• Ақл ― шараф, бойлик ― бахт.
• Эскини мақтаб, янгисини ол.
• Айёрдан маслаҳат олма.
• Мавсум охиридаги яхши ҳаво ва бойвучча билан дўстлик доимий бўлмайди.
• Яхши хўкизни бузоғидан биласан.
• Яхши қурол ― яхши йўлдош.
• Чўпон очликдан ўлса, “унинг қорни ёғ босиб кетган” дейишаркан.
• Текинхўр акадан меҳрибон дўст яхши.
• Бир қишлоқ тўла қариндошдан, ҳар қишлоқдан битта қариндош афзал.
• Умуман опаси бўлмагандан битта кўр опа афзал.
• Қалбга ёқимли нарса кўзга ҳам чиройли кўринади.
• Кўр нимани топса, қаттиқ ушлайди.
• Қарилар учун айтилганини ― бажар, ёшлар учун тайёрланганини ― е.
• Яхши қариялар бўлмаган жойда яхши ёшлар ҳам бўлмас.
• Бахил — бахтсиз бўлур.
• Биргалашиб овқатлансанг — лаззатланасан, биргалашиб ишласанг — хурсанд бўласан.
Давронбек Тожиалиев таржимаси.
Адигейлар (адиге) — Шимолий Кавказдаги халқ, Россиянинг Адигея Республикасида яшовчи туб аҳоли (95 минг киши). Адигейлар Краснодар ўлкасининг Лазареве ва Туапсе туманларида яшайди. Умумий сони РФда 123 минг киши (1992). Туркияда ҳам яшайди (5 минг киши). Адигейлар европеоидлар ирқига мансуб. Адигей тилида сўзлашади. Диний эътиқодига кўра мусулмон-суннийлар.