Турк адабиётининг йирик вакилларидан бири бўлган, шоир Юсуф Набий 1678 йил, карвон билан бирга ҳаж зиёратига чиқди. Карвонда энг обрўли давлат генераллари ҳам бор эди. Карвон муборак Ҳижозга яқинлашгач, Ҳазрати пайғамбар (с.а.в.)ни зиёрат қилишга бўлган иштиёқ Набийнинг қалбида янада жўш урди. Вужуди ажиб сурурга тўлиб, уйқуси қочди; ухлай олмади. Кечқурун карвон пайғамбар шаҳри – Мадинаи Мунавварага яқинлашди. Карвондагилардан Айюбли Рами Меҳмед шу пайт, қибла томонга оёғини узатиб ухлаб қолди. Расулуллоҳнинг(с.а.в.) музофотларига кириладиган бир пайтда, бу манзара шоир Набийга ёқмади. Генерални уйғотиш учун, шундай байтларни ўқий бошлади:
Сақлан, тарки адабдан сен,
Кўйи маҳбуби Худодир бу,
Назаргоҳи илоҳийдир,
Мақоми Мустафодир бу.
Мурооти адаб бирла,
Киргин Набий, бу даргоҳга.
Матофи қудсиёдир бу,
Бўсагоҳи анбиёдир бу.
Байтнинг маъноси шундай эди: “Беадабликдан сақлан! Зеро, бу – Аллоҳ таоло ҳабибининг шаҳридир. Бу – Ҳақ таоло назар соладиган маскандир; Муҳаммад Мустафонинг (с.а.в) мақомидир. Эй, Набий, бу даргоҳга одоб қоидаларига риоя қилган ҳолингда кир! Зинҳор, одобга бепарво бўлма! Бу ер катта фаришталар атрофида парвона бўладиган, пайғамбарлар эгилиб эшигини ўпадиган, муқаддас қадамжойдир”.
Бу мисраларни эшитган гинерал сергак тортди. Шеър нима мақсадда ўқилганини фаҳмлаб, дарҳол оёқларини йиғиштириб олди. Ва шоир Набийга қараб:
– Шеърингни қачон ёздинг? Уни мендан бошқа ҳам эшитганми? – деб
сўради. Юсуф Набий:
– Бу мисраларни олдин ҳеч қаерда айтмаганман. Сизни бу аҳволда кўргач,
беихтиёр баланд овозда айтиб юбордим. Иккимиздан бошқа ҳеч кимнинг хабари йўқ, – деди.
– Унда, бу сир орамизда қолсин, –дея илтимос қилди. Набий сукут билан
йўлида давом этди. Бомдодга яқин, карвон Расулуллоҳнинг (с.а.в.) масжидига яқинлашди. Во ажаб! Масжид минораларидан азондан илгари Юсуф Набийнинг: “Сақлан тарки адабдан…” байтлари янграмоқда…
Набий ва гинерал ҳайратдан донг қотдилар. Масжидга кириб, намозларини ўқигач, дарҳол муаззиннинг ёнига боришди.
Набий ҳаяжон билан:
– Худо ва пайғамбар ҳаққи айт, менга. Азондан илгари ўқиган байтни
қаердан, кимдан, ва қандай қилиб ўргандинг? – деб сўрай бошлади. Набий қайта-қайта илтимос қилгач, ниҳоят муаззин жавоб берди:
– Жаноби пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу тун барча
муаззинларнинг тушларини шарафлантириб: “Умматимдан Набий исмли шоир зиёратимга келмоқда. Менга бўлган муҳаббати – ҳамма нарсадан устун. Туринглар, азондан олдин менга атаган байтларини ўқиб, уни қарши олинглар, масжидимга кирган пой қадамларини қутланглар”, – деб буюрдилар. Биз эса, ул зоти муборакнинг амрларига бўйсундик.
Беихтиёр Набийнинг кўзларида ёш халқаланди. Қалби жўшиб, қайта муаззиндан:
– Ул икки жаҳон сарвари, чиндан ҳам мени Набий дедиларми? У менинг
умматимдан деб айтдиларми? – дея сўради.
– Ҳа, “Менинг умматимдан бўлган Набий” деб айтдилар, – деганида Юсуф
Набий, бу илтифотдан ҳушини йўқотди ва ерга йиқилди.
– Уйғонганида эса, ёнида гинерал ва муаззиннинг йиғлаётганини кўрди…
(“Акс-садо” илмий-адабий журналдаги мақола асосида тайёрланди)
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.