Бир аёл аэропортда самолёт учишини кутарди. Аммо, ҳали эрта эди. Бекор ўтиришни ёқтирмаган аёл дўкондан битта китоб ва печенье сотиб олди. Бўш курсилардан бирига ўтириб, китобини ўқий бошлади. Китобни берилиб ўқир экан, ногоҳ ёнида ўтирган одам печеньесидан олишга журъат қилаётганини сезиб қолди. Аммо, биргина печенье учун назокатсизлик қилгиси келмади.
Дам-бадам у ҳам соатга қараб қўярди. Китоб ўқиб, биттадан печенье ўғирлаётган одамга кўз қирини ташлар экан, асабийлашмасликка уринарди. Печенье ўғриси, секин-секин печеньеларини олаётганида, унга эътибор бермасликка ва соат миллари юришини кузатиб, унинг чиққиллашини эшитишга ҳаракат қиларди. Ўзига ўзи: “Агар маданиятли бўлмаганимда, шу одамни кўзларини кўкартирардим”, – деб қўйди. Ҳар гал печенье оламан деганида, у ҳам қўлини узатарди. Охири пакетда битта печенье қолгач, “Қани энди нима қиласан?”, – деди ичида. Одам истеҳзоли кулимсираб, охирги печеньени олди ва иккига бўлиб, ярмини оғзига солди; ярмини эса аёлга узатди. Аёл иллат билан печеньени олар экан, “Бу қандай безбетлик! Бунчалар қўпол бўлмаса, бу одам. Бир оғиз раҳмат ҳам демади!” – деб гапириб кетди ўз-ўзига.
Аёл ҳеч қачон бундай асабийлашмасди. Самолётнинг учиш вақти етгач, чуқур тин олди. Юкларини олиб, эшик томон юрди. “Печенье ўғриси”га қайрилиб ҳам қарамади. Самолётга чиқди ва ўрнига жойлашди. “Печенье ўғриси”дан қутулганига шукр қилди. Бир ора, унинг адабини бермаганига афсусланди. “Жаноб, – дейиши керак эди у. – Шукр қилинг, сиздек назокатсиз эмасман. Акс ҳолда юзингизга шапалоқ туширган бўлардим. Аммо, сиз қилган иш расман ўғрилик саналади. Печенье ўғрилиги… Билдингизми?!”
Шуларни хаёл қилиб, қўлини сумкага узатди. Чала қолган китобини олиб ўқимоқчи бўлди. Аммо, не кўз билан кўрсинки, дўкондан сотиб олган бир пакет печеньеси унинг сумкасида турарди. Бир оғиз ҳам гапирмай, энг охирги печеньесини ҳам у билан баҳам кўрган одамдан бориб узр сўрашга энди кеч эди…
Қўпол ва журъатли “печенье ўғриси”нинг самолёти осмонга кўтарилди…
Турк тилидан Сумайро, Муна Холмуродовалар таржимаси
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.