Ким битта тошга икки марта қоқилса, учинчи марта ҳам қоқилади.
* * *
Батартиб турмуш учун курашиб, ўз уйида шикоят дафтари юритишни йўлга қўйди.
* * *
Агар дунёни ағдар-тўнтар қилмоқчи бўлсанг, бунинг йўли осон: оёғингни осмонга қилиб, бошинг билан турсанг бас.
* * *
Ўрмондаги эълон: циркда ишлаш учун олим айиқ керак.
* * *
Кўк ранг тинчлантиради: масалан, кўз остидаги кўкариқ…
* * *
Тушлар нафақат умрни, балки иш вақтини ҳам қисқартиради.
* * *
Ернинг тортиш кучи ҳамма жойда бир текисда эмас: мансаб ором курсиларида у сезиларли даражада кучлироқ.
* * *
Агар ўзингизда китобни очишга етгулик куч тополмаётган бўлсангиз, бемалол оғир атлетика билан шуғуллансангиз бўлади.
* * *
Бўйдоқликнинг барча ҳузур-ҳаловатини ҳис қилиш учун… уйланиш керак.
* * *
Санъат қурбонлар талаб қилади, аммо қурбонлар ҳаммавақт ҳам спектаклга келавермайди.
* * *
Фариштадек яшаш учун шайтондек ишлаш керак.
* * *
Ўқишни бошлаш ҳеч қачон кеч эмас, ҳатто олий ўқув юртини битиргандан кейин ҳам.
* * *
Эълон: ҳаммуаллифлар гуруҳига муаллиф керак
* * *
Ичишни ташлаш ўзи озлик қилади, соғлом фикрлашни ҳам ўрганиш лозим.
* * *
Китоб жавонига “дафн қилинган” китобни дунё юзини кўрди деб ҳисоблаш мумкинми?
* * *
Хотини уни катта одам деб ҳисоблайди, чунки хотини олиб берган кийимлари ҳамиша каттароқ келади.
* * *
Пулни нариги дунёга олиб кетиб бўлмайди, аммо пул билан орттирилган шуҳратни олиб кетиш мумкин.
* * *
Столнинг фикри: оёқлар ва кенг елка бўлса бўлди, бош ҳаммавақт топилади.
* * *
— Эҳ! Менинг ҳаётимга ҳеч ким аралашмагандами! Нималарга қодир эканлигимни кўрсатиб қўярдим! — деди хамир.
* * *
Яхши эшитиш қобилияти нафақат мусиқачиларга, балки жамоатчиликнинг фикрини билиши лозим бўлган одамларга ҳам керак.
* * *
Шуҳратпараст эди… жисмоний машқлардан фақат юқорига тортилишнигина бажарарди…
* * *
Ноғоранинг асосий афзаллиги — ичи бўшлигидир.
* * *
Ишлаётганларга камроқ халал бериш — ишлаб чиқаришни ўстиришнинг катта захирасидир.
* * *
Бир кўз қисиш билан битадиган ишлар бор, аммо кимга кўз қисишни билиш керак-да…
* * *
Қўллар ва оёқлар тезроқ бойиб кетишни истаб қолишганда, бошни қимматроқ баҳода сотишга ҳаракат қилишади.
* * *
Олтиндан ясалган балиқ Олтин балиқ бўлолмайди.
* * *
Ўзинг ўтирган шохни кесишнинг нима кераги бор? Пишавер — ўзлари қоқиб туширишади.
* * *
Бутун ҳаётида қийшиқ ойнага қараб келган одам тўғри ойнадан ўзини таний оладими?
* * *
Одам ҳамма нарсага қодир! Фақат одам бўлиш қийин.
* * *
Миқдор сифатга айланади, аммо юқоридан берилган кўрсатма бўйича…
* * *
Қандай бой тил!… У билан ҳар қандай миқдордаги пулни ифодалаш мумкин.
* * *
Агар қўллар қисқа бўлса, унда муваффақият оёқларнинг узунлигига боғлиқ бўлади.
* * *
Кенг халқ истеъмоли моллари фабрикаси пародия жанрида фаолият кўрсатарди…
* * *
Учар ликопчани чўчитиб юбормаслик учун унга қошиқ кўтариб югуриб бормаслик керак…
* * *
Қора кунга деб ўғирланган нарса ўша кунни яқинлаштиради.
* * *
Модданинг оғирлиги ўлчанаёган жойга эмас, ким ўлчаётганига боғлиқ.
* * *
Айрим одамлар қаерга йиқилиши мумкинлигини билишади ва оромкурси ҳозирлаб қўяди.
* * *
Эшакнинг фахрланиш учун асоси бор — уни тез-тез одам билан тенглаштириб туришади.
* * *
Кўз, қош, бурун ҳам миллий ўзига хосликларга… оғиз эса байналмилал характерга эга.
* * *
Бўри ҳам қўйларни яхши кўради, аммо ўзига хос тарзда…
* * *
Ёзганлари шунчалар хом эдики, ғижимлаб ўчоққа солганда ҳам ёнмади.
* * *
Одамларни бир-биридан масофа эмас, фикрлар узоқлаштиради.
Русчадан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон