Шукур Холмирзаев. Ижодкор адолатли бўлиши керак!

http://n.ziyouz.com/images/shukur-xolmirza.jpgЁзувчи кундалиги математикнинг формулалар дафтарига ўхшайди.

* * *

Бу ўткинчи дунёда адиб дегани шахс бўлиб қолиши керак.

* * *

Менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Бу изланишларни синтезга эришиш, деб баҳолаш ҳам мумкин.

* * *

Иқтидорли ёзувчилар билиб-билмаган ҳолда ўзини — ўзлигини излайди; ўзликни билмоқ эса — ўзгаларни билмоқ учун калит вазифасини ўтайди.

* * *

Роман устида ишлаяпман: роман ёзишни, умуман, санъат яратишни ўргандим.

Финал хусусида:

Бир улуғ (масалан) одамнинг фавқулодда (масалан) қазосидан ҳайратга тушамиз. Аммо дўппини олиб қўйиб: «Не бўлиб шундай ўлим топди?» деб ўйлай бошласак ва ошиқмасдан унинг ҳаёт йўлига назар ташласак, шундай «нуқта»ларни кўрамизки, ўшаларга назаран шу одам айни шундай ўлиши лозим эканига ақлимиз етади.

Энди: асарда ҳам шу тариқа ҳол юз бериши лозим. Аммо асарга қаҳрамон этиб олинган шахснинг ўшандоқ «нуқта»ларига алоҳида эътибор зарур…

Шу «эътибор» ёзувчига «дастур» бўлса, асар ўз-ўзидан ёзилади ва керакли-лозим воқеалар тасвирланади, ҳалиги «нуқта»ларга ёт-­фавқулотда-ўткинчи ҳоллар ўз-ўзидан тушиб қолади.

Бу – буюк қонун!

* * *

Адабиёт — ҳасратдан бошқа нарса эмас. Фақат ёзувчининг оддий одамдан фарқи – оддий одам ўз дардидан ҳасрат қилса, ёзувчи бировлар дардидан ҳасрат қилади.

* * *

«Динозавр»ни қайта бошладим. Илгаригилардан фарқи — бош қаҳрамонни ўзимдан ажратмадим.

Шундай силлиқ ва равон кетдики, ўзим ўзимни яхши кўриб кетдим.

Демак, энг иблисни ҳам тасвирлаганда ўзим бўлай!!!

* * *

Энг қисқа маслаҳат: ўзимга раво кўрган, ўзим интилган маслаҳат: ўзни — ўзликни топиш!

* * *

Фикр:

Бу «қабила» (рассомлар, шоир-ёзувчилар, бастакор-машшоқлар, хонандалар, кулоллар) бир умр ўзи учун эмас, ўзгалар учун хизмат — ижод қилади ва шундан завқ олиб яшайди.

Уларнинг ўзгалардан талаби битта: шу иш — ижодни давом эттиришга имкон ва мадад бериб турсалар – бас!

* * *

Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга интилиш, ҳай-ҳай, уят! Таъмагирликдан бошқа нарса эмас.

* * *

Худбин одамнию худбинликни кечирмаслик керак. Инсон қусурларининг жамиси шунда.

* * *

Энг муҳим «нарса»ни биринчи навбатда ёзиш керак экан!!!

Мен «Қил кўприк» ва бошқа романларимни қайта «кўриб» чиққунча умр охирлаб қолиши мумкин экан. Демак, «Динозавр» (энг муҳим асар)дан ортган вақт — ўша романларники!

* * *

«Динозавр»нинг сўнгги қандай тугайди?

Менинг азобим — шу эди!

Бугун С.Ф. ва бошқалар мени суҳбатга таклиф этишди. Мен ғамгин эдим.

— Биз ғамнокмиз, Сиздан қувват олмоқчимиз, — деди С.Ф.

— Мен — ўзим шунга зорман-ку! — дедим.

Сўнг, ҳужрамда (қизим Сайёра бериб қўйган уйчада) чироқларни ўчириб, газ ёниб турган хонага чиқиб, шунинг шуъласида чекиб ўтириб… ўйлаб…

…Асарнинг хулосасини топдим: бу — Ҳаёт давом этади (Сенсиз ҳам…) экан, холос.

Кўнглим ёришиб, бағрим кенгайиб кетди.

— Кимим бор?!

Сайёра!

Қўнғироқ қилиб айтаман: «Йўлим очиқ…».

* * *

«Динозавр» бошланди. ­Дастлабки 5 бети ёзилди. Нега бунча кечикиб? Сабаби — ғояни аниқлаштиришдан ҳам қийин бўлган бир ҳол эди. Яъни, «ўзим» учунми, «биров» учунми ёзиш керак?

«Биров» — ким ўзи? Файласуфми, оми одамми? Ва ҳоказо. Барибир уларга мослашишга тўғри келарди.

Мослашилди — энг содда, билишни истовчи, самимий инсонга — ҲАСРАТДОШга!!!

(Бу улуғ муаммо мени ўн йиллар бурун ҳам кўп ўйлатган, ўнлаб йилларим шу йўлда совурилган эди…).

Ниҳоят, биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинган асарларим менга қўл келди: Биринчи шахс кимга ҳикоя қилган экан?!

Ана шуни кавлаштириб топдим: у — ушбу самимий ҲАСРАТДОШ экан…

* * *

Ижод – Яратувчилик бўлар экан, ижодкор ўзи яратган оламига илоҳий бир адолатда бўлиши шарт!

* * *

Нўъмон Раҳимжонов айтди:

— Шукур ака, жуда енгил ёзасиз-а?

— О, бу жуда қийин, — дедим беихтиёр. — Ўзинг кўрган воқеаларни-ку бир амаллаб (енгил) ёзасан. Аммо кўрмаган воқеаларни кўрган (кўринган) ҳолига келтиргунча ўлиб бўласан. (Академиядаги суҳбатдан.)

* * *

Муаммоларнинг муаммоси — одам. Одамни чинакамига акс эттирар экансан, унинг қилмиш-қидирмишларидан муаммолар келиб чиқаверади. Ўша муаммоларни ҳал этиш эса… сенинг ишинг эмас: уни ҳаёт ҳал этади ва пироварди, ўша “ҳал этилиш” жараёни яна адабиётда акс этиши мумкин.

* * *

Замон қаҳрамони ҳақида ёзадиган ёзувчининг ўзи тўғри, тўлиқ бўлиши керак. Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарларида акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин?

* * *

Ҳақиқий адиб асло руҳини туширмай ижод қилиши лозим. Чин адиб ўша — ёруғ кунларни кутмасдан, унга умид билан боқиб ижод қилавериши керак.

* * *

Ҳикояда ечим — ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғли билиши, қолаверса, маҳорат — профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир.

* * *

Адабиётнинг ўсуви — миллатнинг ўсувига гаров ва миллат камолини кўрсатувчи ойна.

* * *

…яна бир табиий истак туғилади: кошкийди адабиётга ўзларича ҳомийлик қилаётганлар асл адабиёт билан халтуранинг фарқига тезроқ етсалар.

* * *

Қўлингдаги асарни қиёмига етказ. “Яхши асарим олдинда” дейвериб умринг ҳалигидай асарлар ёзиш билан ўтганини билмай қолишинг мумкин.

* * *

Ҳикоя ёзганда ҳам, ёзаётганда ҳам ўзингни эркин ҳис этасан, нафсиламбри, “Китоб ўзи учун ўзи жавоб беради”, деганларидек, ҳикоянинг ўзи ҳам ҳар бир асар каби ўзига хос бир олам, сен – ёзувчи — шу олам устидан туриб, ундаги ўзинг бино этган саргузаштларни, Флобер айтмиш “инсонлар тақдирини кузатувчи худо сингари кузатасан”, лекин, албатта, улар ишига ҳадеб бош суқавермайсан.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 12-сон