Муҳаммад Тошболтаев. Нафсини тийган киши…

http://ziyouz.uz/images/kitob.jpg

Нафс ити доимо акиллаб туради.

* * *

Қўл ёки оёқни ножўя ишлатсанг — фалокатга, тилни ножўя ишлатсанг — ҳалокатга йўлиқасан.

* * *

Эру хотиннинг фароғат ила яшашлари учун ­ақлни ҳам, жаҳлни ҳам фаросат билан ишлатиш лозим бўлади.

* * *

Бошқалар ишониб топширган ишни яхши адо этолсам — роҳатланаман. Бошқалар ишонқирамасдан, ­иккиланиброқ топширган ишни бажаролсам —­лаззатланаман.

* * *

Мақсадга элтадиган йўлнинг текис-нотекис, тор-кенг, узоқ-яқинлиги муҳим, лекин уни қоқилмасдан, чалғимасдан жадал босиб ўтиш янада ­муҳимроқ.

* * *

Бир-кишининг аниқ мақсад сари йўналтирилган қатъиятли меҳнати, кўпчиликнинг фақат истакларгагина асосланган уринишидан нафлироқдир.

* * *

Адолатли танқид — келажакнинг меваси, ундан чиқарилган тўғри хулоса — бугуннинг меваси.

* * *

Баъзан бирпаслик ноўрин эҳтиросга берилиш одамни бир умр иззатдан жудо қилади.

* * *

Ёвузлик, ёмонлик заҳарли алафга ўхшайди, уни майсалигидаёқ таг-томири билан суғуриб олиб, йуқотиб ташланмаса, уруғидан кўпайиб, атрофни босиб кетади.

* * *

Эҳтироснинг табиати шамол кабидир: кучсиз шамол – шабада, у оловни аланга олдиради, кучли шамол – довул, алангани сўндиради ва ўчиради.

* * *

Агар оғир ишлар ақл-идрок билан эмас, факат куч-қудрат ёрдамида ҳал қилинганда эди, филнинг қадри янада юксак бўларди.

* * *

Кимки шошилиб, мулоҳаза билан иш юритмаса, унинг бошига қиздирилган темирнинг куни тушади: қизиган темир тепадан болғанинг зарбасига, пастдан сандоннинг каршилигига ­учрайди.

* * *

Осуда ҳаёт — суви лиммо-лим челакка ўхшайди: эҳтиёт бўлмасанг суви чайқалади ва тўкилади.

* * *

Нафсни тийишни ҳам ўрганиш керак, акс ҳолда, бир кун келиб, у бизни “тийиб” қўйиши мумкин. Чунки нафс нафақат ейиш-ичишга бўлган майлни, балки бойликка, амалга ёки шон-шуҳратга бўлган иштиёқни ҳам аланга олдиради.

* * *

Кўплар, биз учун барча нарса жоиз, деб адашиб турганида, кимдир қайсидир нарсалар ножоиз эканини айтиб туриши ҳам лозим.

* * *

Энг ёмон нарса инсонга бўлган ишончнинг йўқолиши: менгами, сенгами ёки унгами — фарқи йўқ.

* * *

Одамларни одамгарчиликдан чиқарадиган одамлар ҳам бор, дейишади. Бу гап қайсидир ­даражада тўғри бўлса, тўғридир. Аммо бундайларни одам дейиш нотўғри.

* * *

Чўққини кимдир қадами билан, кимдир қалами билан забт этади.

* * *

Рост гап чегараланган, унга битта ортиқча сўзни қўшиб ҳам, олиб ҳам бўлмайди. Ёлғон гапнинг чегараси йўқ, шу боис унга ёлғон сўзлар қўшилиб боргани сайин кўпириб бораверади. Ачинарлиси кўпирма ёлғонга кўпроқ ишонадилар.

* * *

Кексайиб қолган отамдан ҳол-аҳвол сўрасам, шундай дерди: “Уйдан ўз оёғим билан чиқиб кетяпман, уйга ўз оёғим ­билан қайтиб келяпан”.

Муҳаммад Тошболтаев,

профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 6-сон