Барча масалаларда ҳар қандай одамнинг ваъдасига ишонса бўлади, аммо пул масаласи бундан мустасно.
* * *
Модомики мен жамоат хизматига бошим билан шўнғиб кетган эканман, бунинг сабаби менинг ўзимни англашга бўлган интилишимдан иборат эди.
* * *
Болалар орасида бўлганимда ўзимни дунёдаги энг бахтли одам деб биламан.
* * *
Нафратсиз бирон нарсадан воз кечиш узоққа бормайди.
* * *
Бизнинг нафсимиз шунчалик кучлики, уни ҳам ичкаридан, ҳам ташқаридан қатъий қоидаларга солган тақдирдагина тийиш мумкин.
* * *
Ақл ҳар қандай ҳиссийлик сарчашмаларида жойлашган бўлади.
* * *
Қандайдир ситам етса, бу бизнинг гуноҳларимиз учун берилган жазо экани ҳақидаги фикр мени ғазабга минишдан сақлаб турарди.
* * *
Ҳаёт ипининг учи Худонинг қўлида экан, нима учун бу ҳаётни Унга ишонмаслик керак.
* * *
Болаларнинг руҳий тарбияси уларнинг жисмоний ва ақлий тарбиясига қараганда анча қийин иш… Руҳни ривожлантириш – феъл-атворини шакллантириш демакдир.
* * *
Одам тайёргарликни ҳаётининг сўнгги поғонасига ташлаб қўяр экан, у ўзини ўзи англаш даражасига етмайди, балки шундай бир кексаликка етишадики, бу кексалик иккинчи, аммо энди ачинарли бир болалик билан тенг бўлиб, у атрофдагилар учун малоллик келтиришдан бошқа нарсага арзимайди.
* * *
Агар ёлғончи бўлганимда, болаларни тўғри гапиришга ўргатишдаги барча уринишларим зое кетган бўларди. Мен ўзим билан ёнма-ён яшаётган ўғил ва қизлар учун ҳар доим жонли мисол бўлишим кераклигини тушуниб етдим.
* * *
Ҳақиқат йўлида, табиийки, ғазаб, худбинлик, нафрат каби нарсалар ғойиб бўлади. Акс ҳолда унга эришишнинг иложи бўлмайди.
Русчадан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси