Биз ҳеч қачон ўзимиз кирмаган ва кирмайдиган қиёфада кўринишга ҳаракат қилмай, ҳамиша қандай бўлсак шундайлигимизча кўринадиган бўлсак, борлигимизча намоён бўлсак, одамларнинг назарида кўп нарса ютган бўлардик.
* * *
Ҳақиқий чечанлик керакли гапнинг ҳаммасини айтиб, керагидан ортиқ ҳеч нарса демаслик қобилиятидир.
* * *
Ясама соддалик—ўта нозик мунофиқликдир. Одамнинг бахти ва бахтсизлиги тақдирга қанчалик боғлиқ бўлса, унинг хулқига ҳам шунчалик боғлиқдир.
* * *
Виждонимиз олдида ўзимизни оқламоқлик учун кўпинча мақсадга эришиш учун кучимиз етмади деб, ўзимизни ишонтирмоқчи бўламиз. Ҳолбуки, амалда биз кучсиз эмас, иродасизмиз.
* * *
Биз дўстларимиз билан тўла тўкис ошкора гаплашмаслигимизнинг боиси—уларга ишончимиз йўқлигидан эмас, кўпроқ ўзимизга ўзимиз ишонмаслигимиздандир.
* * *
Феълу атворнинг ўзгармас даражада қатъийлиги аёл табиатиги ётдир.
* * *
Инсоннинг ҳамма умидлари чиппакка чиқса, бу уларнинг дўстларига ҳам, душманларига ҳам ёқади.
* * *
Жисмоний меҳнат руҳий изтиробларни унутишга ёрдам беради, шунинг учун қашшоқлар бахтиёр одамлардир.
* * *
Иштиёқ туғдирадиган ҳамма васвасларни қондиришдан кўра, иштиёқ янги туғилганда уни ўлдириш керак.
* * *
Бирор нарсани қаттиқ хоҳлаб қолишдан аввал шу истаган нарсангизга ҳозир эгалик қилаётган одам бахтлими йўқми эканини суриштириб кўрмоқ керак.
* * *
Ҳақиқий дўст бу дунёнинг энг улуғ неъматидир. Ҳолбуки биз айни шу неъматнинг ортидан ҳар нарсадан камроқ қувлаймиз.
* * *
Қайта тикланган дўстлик ҳеч қачон узилмаган дўстликка қараганда кўпроқ эътибор ва ғамхўрлик талаб қилади.
* * *
Оламда эришиш мумкин бўлмаган нарсалар жуда кам. Агар бизда қатъият кўпроқ бўлганида истаган мақсад сари элтадиган йўлни топа олардик.
Азиз Норқулов тайёрлади