Конфуций. Олий одам рўёми, рўёб?

Чин мамлакати деганда, барчанинг кўз ўнгида энг аввало, пастаккина одамчалару узун чўпчалар, Буюк Хитой деворию Пекин операси… ва Конфуций гавдаланса ажаб эмас. Юнон фалсафасида Суқротнинг ўрни қай даражада бўлса, Хитой фалсафаси ҳам Конфуций билан барҳаёт. Орадан қанча вақт ўтмасин, олтин йиллар оша сайқал топгани сингари унинг пурмаъно ҳикматлари ҳам асрлар оша янги-янги қирралари билан жилоланмоқда. Конфуций (хитойча 孔子 Кун Сзи, мил. авв. 551 – 479 й.й.) – Хитой фалсафасига тамал тоши қўйган, конфуцийлик таълимоти асосчиси ва сиёсий арбоб бўлиб, у илгари сурган ғоялар нафақат Хитой, айни вақтда Япония, Корея, Вьетнам халқларининг ўй-фикри ва ҳаётига чуқур таъсир кўрсатган. Конфуций таълимоти марказида “олий одам” (тушунчаси, ғояси, мақсади?) туради. У ҳукмрон табақанинг идеал вакили бўлиб, Конфуций таълимоти ёрдамида ўзида олийжаноб фазилатларни шакллантирган. Файласуфнинг “Ҳикматлар”и “олий одам”нинг шундай юксак инсоний фазилатларини акс эттиради. Аниқроқ айтганда, бу зот олий ҳукмдорга нисбатан чуқур эҳтиромли, халққа мурувватли бўлиб, бутун куч ва қобилиятини жамият олдидаги бурчини оқлашга, миллий урф-одат ва анъаналарнинг тўла-тўкис бажарилишини таъминлашга сарф этувчи кишидир. Шунинг учун ҳам унинг ўгитлари, панд-насиҳатлари Хитойда ҳанузгача эъзозланиб, қадрланиб келинади. Конфуций давридан бизгача “Тўрт асос” ва “Беш асос” деган улкан ёзма ёдгорликлар етиб қолган. “Беш асос” Конфуцийга қадар яратилган “Қўшиқлар китоби”, “Таомиллар китоби” (“Маросимлар китоби”), “Ривоятлар китоби” ва “Фолбинлик китоби” (“Ўзгаришлар китоби”) сингари қисмлардан иборат бўлган. Лекин бу китобларнинг барчаси Конфуций таълимоти асосида қайта ишланган ва таълимотнинг моҳиятини очишга хизмат қилиб келган. “Тўрт асос” эса Конфуций “Ҳикматлар”идан ташқари, “Менсзи” (“Устоз Мэн”), “Буюк таълимот” ва “Оралиқ ҳақидаги таълимот” сингари Конфуций шогирдларининг ҳикматли сўзларидан иборат тўпламлардан (жамланмаларидан) ташкил топган. Қуйида файласуфнинг “Ҳикматлар”идан парчалар эътиборингизга ҳавола этилади.

 

ҲИКМАТЛАР

Устоз айтади:

— Мен билимдон бўлиб яралган эмасман, шу боис билимни ўтмишдан олишга жидду жаҳд қилдим.

— Ҳақиқий билим – кимнингдир билимсизлигидан сақланмакдир.

— Фикрламай илм олмоқ – беҳудалик; билим билан суғорилмаган тафаккур эса хатардир.

— Ҳақиқатни кўрмоқ ва унга интилмоқ – ёки жасорат, ёки тарбия маҳсули.

— Кимки нокамтарлик билан ёлғон сўзлар экан, унинг жимжимадор сўзлари фақат ва фақат мусибат келтиради.

— Садоқат ва самимиятни сақлаб қолмоқ – чўққининг қорни ушлаб қолишидек чиройлидир.

— Эзгулик учун яралган ёхуд эзгуликдан мутлақо мосуво инсонни кўрмадим. Кимки эзгуликка интилар экан, ҳамиша ҳурматда бўлур.

— Жароҳат учун адолатни, эзгулик учун фақатгина эзгуликни қалқон билинг.

— Эҳтиёткор инсон ҳам баъзан адашади.

— Ширин сўзлар ва шаъма кўнгилдан чиққан самимият белгиси эмас.

— Ҳеч бир дўст ўзинг каби бўлолмайди.

— Олий одам уч ҳолатда ўзини сақлай олади: ёшликда ҳирсдан, кучга тўлганда жанжалдан, кексаликда очкўзликдан.

— Қаерга бормагин, эътиқодинг сен билан бўлсин.

— Келажак учун курашмоқчи бўлсанг, ўтмишни ўрган.

— Жаҳл чиққанда, ақл таслим бўлур.

— Олийжаноб одамнинг излагани – ўзи, пасткашнинг қидиргани эса ўзгалар.

— Агар ўз қалбингга назар ташласанг-у, бирор қора доғ кўрмасанг, унда безовталик нега, ҳадик нимага?

— Олийжаноб одам хавфсизликда ҳам хатарни, тўқликда ҳам йўқликни унутмайди. Тартиб ҳукм сурган пайтда тартибсизликлар бўлишини назардан қочирмайди. Бундай одам зинҳор хавф остида қолмайди, демакки, унинг ватани ҳам, халқи ҳам бехатар.

— Моддиётнинг ортида эзгулик ниш урмоғи учун беш нарса кифоя: кўнгил кенглиги, самимият, шиддат, яхшилик ва жиддийлик.

— Ўз хатоларингни тан олишдан уялма, акс ҳолда улар жиноятга айланғуси.

— Интиқомга тараддудланишдан аввал икки қабрни ҳозирлаб қўй.

— Ҳар бир ҳилқатнинг ўз гўзаллиги бор, бироқ ҳар ким ҳам уни кўра олмайди.

— Жароҳатларни унут, лек зинҳор яхшиликни ёдингдан чиқарма.

— Кимки исрофни билмаса, азобни билур.

— Эшитдим – унутдим. Кўрдим – эслаб қолдим. Бажардим – тушундим.

— Билимсизлик – инсоният учун энг қоронғу тундир.

— Ҳаракатдаман-ку дея эмакламоқ – бу ҳаракат эмас.

— Эркаклар табиати ўхшаш, уларни фақатгина одатлари ажратиб турур.

— Биз учун энг катта ҳузур – уйқуда эмас, ҳар тонг уйғонишдадур.

— Олий одамнинг нутқи сокин, ҳаракати жўшқин бўлур.

— Агар инсон йўлга мақсадсиз чиқса, қадам босар-босмасданоқ фалокатга йўлиқур.

— Ҳақиқатпарвар инсоннинг биринчи қадами – нўноқ, аммо манзили – порлоқ бўлғуси.

— Олий одам майда ишлар билан кўзга кўринмас, аксинча буюк ишларга бел боғлайди. Майда одам эса буюк ишларга ишонмас, уни сафсата деб билур, шу боис унинг тақдири ҳам ўзи каби майда.

— Олий одам ўзидан ва ўзгалардан ҳамиша мамнун, ҳар қачон, ҳар қаерда сокин; пасткаш одам эса ҳамиша тушкун, ён-атрофи мусибат билан тўла.

— Агар йўқотишларга дуч келсангиз, уларни йўқотиб қўйишдан ваҳимага тушманг. Йўқотиш ортидан, албатта, топилмалар ҳам келғусидур.

— Биз табиатимизга зид инсонларга рўпара келганимизда, уларни ўзимизга мослаштирмоққа эмас, ўз-ўзимизга холис баҳо бермоққа ўрганмоғимиз лозим.

— Ортда қолган ишлар тўғрисида баҳслашиб, уни қоралашдан наф йўқ. Чунки энди улар – ўтмишга айланиб бўлган.

— Эзгулик ҳеч вақт ёлғиз қолмаган. Уни синаб кўрган инсон ўзини яхшиликка қўшни, деб ҳисоблайверсин.

— Олий одам Ҳақиқатга дўст, манфаатга эмас.

— Иш қуроли соз, ўткир бўлган одамнинг ишида унум, даромадида барака бўлур.

— Эзгулик узоқ-узоқларда, олисдами? Мен оқкўнгил, яхшилик улашгувчи инсон бўлмоқчиман. Бас, яхшилик ўз қўлингда!

Хитой тилидан Севара Алижонова  таржимаси

Жаҳон адабиёти, 2013 йил, 9-сон