Имконсиз туюлган ишларни уддалашни муваффақият дейиш мумкин.
Агар мантиққа боғланиб қолганимизда, келажак бизга афсус-надоматлар олиб келарди. Мантиқдан муҳимроқ нарсалар бор. Биз одамлармиз. Эътиқод ва умидга эгамиз, меҳнат қила оламиз.
Биринчи қадамни ташлашга қизиқувчанлик туртки беради, унинг ортидан эса илм эргашади.
Ҳақиқий бойлик – ҳаётнинг ўзи ва қизғин фаолиятдир.
Сувда ёки қуруқликда бажараётган амалларимизнинг қадр-қиймати бойликка интилиш билан эмас, инсонга ҳурмат кўрсатиш билан баҳоланиши керак. Денгиз устида ҳам, тубида ҳам асосий ташвишимиз инсониятнинг келажаги бўлиши зарур.
Болалик – умрнинг энг мазмунли даври.
Балиқнинг хатти-ҳаракатларини кузатишнинг энг яхши йўли – балиқ бўлиш.
Гирдоб ва ҳаёт бир нарса эканини унутиб қўйдик.
Ер инсон қўлидан бутун тарихига нисбатан XX асрда кўпроқ азият чекди.
Одам аҳмоқлик қилишни истаганидагина ақлидан фойдалана бошлайди.
Денгиз – одамзотнинг ягона илинжи. Бу фикр ҳар доимгидан кўра бугун ўз тасдиғини топяпти – чунки барчамиз битта қайиқдамиз.
Мен бир сафар океан касал, лекин ҳеч қачон ўлим тўшагида бўлмаган, деган эдим. Океанда ўлик жой йўқ – унда ҳамиша ҳаёт ҳукмрон. Лекин у йилдан йилга кучсизланиб боряпти.
Агар танлаган йўлимиздан кетаверсак, бизни очкўзлик адойи тамом қилади. Йўналишни ўзгартира олмасак, тез орада Ер юзидан йўқоламиз, ўрнимизни қурт-қумурсқалар эгаллайди.
Қанчалик кенг бўлмасин, бирор-бир аквариум, бирор-бир сунъий сув ҳавзаси денгиздаги табиий шароитни ярата олмайди.
Ориф Толиб таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 8-сон