Энг гўзал шеър математикадир. Ер юзида ҳозиргача “икки карра икки тўрт”дан ҳам гўзал мисра ёзилмаган.
* * *
Бармоқларимиз орасидаги бўшлиқ – биз учун яратилган инсон келиб уни тўлдириши учун мавжуд.
* * *
Тоғлар қуламасин деб оҳ чекмайман. Ўзимни бузаман, дунёни бузмайман.
* * *
Турк эркаклари дунёнинг энг рашкчи эркаклари ҳисобланишининг сабаби севгилисига эмас, ўзига ишонишмаганидандир.
* * *
Эҳтимол, қучоқлайдиган севгилимиз йўқдир, эҳтимол, ёлғиздирмиз. Бироқ билиб қўйингки, одамдек севганимиз туфайлидир бу танҳолигимиз.
* * *
Ҳарбий соҳаларга сарфланган пул дунёдаги очлик муаммосининг тамоман ҳал қилиниши учун лозим бўлган пулдан юз баравар кўп.
* * *
Хариталарга қарадим, ҳеч бирида уйинг йўқ.
Энциклопедияларни титдим, ҳеч бирида суратинг йўқ.
Луғатлардан изладим, ҳеч бирида исминг йўқ.
Кўзгудаги аксимга боқдим, сени кўрдим.
Билдимки, сен менсан.
* * *
Дангасаларнинг иш куни “эртага”дир.
* * *
“Ҳеч кимга ишонмайман” деган тушунча йўқ, “вақтида унга ишондим, энди ҳеч кимга ишонмайман” бор.
* * *
Ҳаёт имтиҳон бўлса, сира азият чекма, исмингни ёз ва чиқ. Балки ўтолмассан, бироқ исминг остида яп-янги саҳифа қолдириб кетасан.
* * *
Совуқ қотсанг – бу илиқлик, қоронғулик чўкса – бу нур йўқлигидандир. Агар ҳар томон қоронғу, сен совуқ қотаётган бўлсанг, бу унинг йўқлигидандир.
* * *
Бир уруғ бердинг, чечагингни ол.
Бир дон бердинг, дарахтингни ол.
Бир бутоқ бердинг, чаманингни ол.
Дунёмни сенга бердим, фават менда қол.
* * *
Тор жойдан чиққанлар кенг жойларга сиғишмайди.
* * *
Орзуйим бир болакайга “Қанчалик яхши кўрасан?” саволини берганида қўлини икки томонга очиб “Мана шунча” дейдиган ўша масъум севгини топиш эди…
* * *
Қамбағалнинг ягона қуроли – меҳнатдир.
* * *
Ёлғизлигингни олиб ёнимга кел. Қўрқма, зерикмаймиз. Сенинг ёлғизлигинг менинг ёлғизлигим билан суҳбатлашади, бизлар эса бир четда жим турамиз.
* * *
Ҳаётим давомида бўйим қадар китоб ёздим, бироқ мени ёқтирмайдиганлар бунга ҳам бир баҳона топиб – шусиз ҳам унинг бўйи кичкина эди дея олишди, холос.
* * *
Инсон фақат гапиргани эмас, жим тургани олдида ҳам масъулиятлидир.
* * *
Биласан, эркак унча-мунчага йиғламайди, бироқ у йиғласа, кўзёшлари ҳеч қачон соҳта бўлмайди.
Тўпловчи ва таржимон: Раҳмат Бобожон