Илм – нарсаларни инсон ақли ёрдами билан ўрганишликдир.
Ҳақиқатни очинглар, тўғри йўлдан юринглар. Бир-бирингиздан илм ўрганиб, камол топишингиз учун дил пардасини очиб ташланглар.
Қуёш кўрларга кўринмай беркинганидек, жоҳилларга ҳам дунёда тўғри йўл белгилари кўринмай қолади.
Кундалик ризқ кўп, қайғураверма. Шу билан бирга мол орттираман, деб ўзингни кўп қийнаверма. Чунки ҳар ким ўз насибасидан ортиқ битта ҳам дон йея олмайди.
Мол-дунёинг сени алдамасин, чунки асраган мол-дунёинг бошқаларники бўлади. Уларни сарф эта олсанг, ўша сеники бўлади.
Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди?
Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратли нарса ҳирс ва ғазабдир.
Бошқаларда кўрганни жуда қаттиқ истамаслик ҳам қаноат ҳисобланади.
Эй ҳавою ҳавасга берилган нафс, тез бўл. Чунки сен бир нафаснинг ҳимоясидасан.
Ёрдам беришнинг гўзаллиги ундан кишининг тасалли топишида кўринади.
Тароқ аслида сочни тартибга солиш учун ишлатилади-ю, аммо шу билан бирга у сочларнинг баъзиларини жойидан юлиб туширади.
Қора тупроқ қаъридан тортиб, то Зуҳал чўққисигача бўлган дунёнинг ҳамма мушкул масалаларини ҳал қилдим. Мен ҳар қандай макр ва ҳийла тузоғидан қутилиб чиқа олдим-у, аммо ўлим тугунини йеча олмадим.
Мен кўп жойларни кездим ва олам аҳволига қарадим. Унда ҳайронлик кафтини иягига тировчидан ёки пушаймонлик бармоғини тишлаб турувчидан бошқани кўрмадим.
Одамларнинг ботири келажакдаги ишлардан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан четланган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.
Кексайган одам ёшлик ўтида ёнолмайди.
Агар келажагим хайрли бўлса эди, майли тинчгина, бемалол тирикчилигимни қилаверар эдим. Борди-ю агар ундай бўлмаса, минг кўз билан йиғлардим.
Фалак – жуфт соққа, олам тахтасидир, ажал ўйнайди – бизлар донаи хом.
Минглаб нафар улуғ зотлар борлиқдан йўқликка кетдилар. Ахир бу улуғ зотларнинг бирортаси ҳам йўқликдан борлиққа қайтиб келмаяптилар-ку.
Ҳар ким ҳодисалардан ибрат ола билса, боши қаттиқ отга ўхшаган бу фалак унга бўйсуна беради.
Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳу воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди.
Яхшиликларнинг энг фойдалиси садақадир.
Бир киши сен билан муносабатида хато қилса-ю, сенга узр баён этса, узрини қабул қилишни кечиктирма!
Агар ҳавода чанг ва тутун бўлмаса эди, киши минг йил яшаган бўларди.
Қуруқ гапнинг ўзи ҳеч қачон далил бўлолмайди.
Сўзнинг ёмони амал қилинмай бекор кетганидир.
Ҳаё – инсоннинг абадий гўзаллиги ва латофатидир. Ҳаёсиз юз жонсиз жасадга ўхшайди.
Дўстимки, душманимга дўстлик қиларкан, уни мен дўст ҳисобламайман. Заҳарга қўшилган шакардан эҳтиёт бўл.
Шодли ва қайғули пайтларида дилини кудуратдан тозалаб, соф дўстликни сақлаб қолган киши чин дўст ҳисобланади.
Ғазаб иродаси кучли одамга рўпара келолмаганидек, иродаси кучсиз одамга ҳам рўпара келолмайди.
Бекорчилик ва айш-ишрат нафақат нодонликка олиб келади, айни вақтда касалликнинг туғилишига ҳам сабаб бўлади.
Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди.
Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт.
Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро харакатсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади.
Донишмандлик бизга ҳаёт сўқмоқларида улуғ саодатни ҳозирлаб инъом этувчи воситадир.
Агар дўстлик савдо-сотиққа ўхшаб, эҳтиёжга қараб ахтарилса, зарурат туғилмаган чоғда дўстни назарга илмай, ташлаб кетилса, бу қандай дўстлик бўлди энди!
…Одамларнииг ботири мушкулотдан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан бош тортган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.
Ақл тарозусида тортиб кўрилмаган ҳар қандай билим асоссиздир. Шу боис мантиқ илмини ўрганмоқ жуда муҳим.
Ҳакимнинг уч қуроли бор: сўз, гиёҳ ва тиғ.
Ёлғизлик ҳалокатга олиб келади. Зеро, инсон ўзига керакли нарсаларни фақат жамият ёрдамида қўлга киритиши мумкин.
Чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир.
Руҳ — шамчироққа, билим — ана шу шамчироқдан таралаётган ёғдуга, Аллоҳнинг закоси — мойга ўхшайди. Шамчироқ ёнишдан тўхтамас экан — сен тириксан. Агар у ўчса — сен ҳалок бўласан.