«Ёшлар нима ўқияпти?» мавзусидаги сўровномада 536 нафар ўзбек китобхон ёшлари иштирок этди, 614 номдаги 1151 та китоб қайд этилди. Қуйида сўровномага йўлланган энг сара жавоблар ва изоҳлар билан танишинг:
Даврон Ҳотам (Насибхонов), «Интимоқ» телерадиокомпаниясида журналист (Қирғизистон):
— Электрон нашрлардан турли ҳикояларни ўқиб боряпман. Шу билан бирга Ильф ва Петровнинг «Олтин бузоқ» асарини қайта ўқияпман. Сўнгги ўқиган китобим: Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Пуанкаре» китоби, Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» китоби (Жамол Камол таржимасида). Энг охирги ўқиган китобларим ичидан ёдимга тушганлари шулар. Қани эди ўқимаган дурдона китобларим қўлимда бўлса-ю, ютоқиб, ютоқиб ўқисам.
Санобар Меҳмонова, «Ўзбекистон» радиоси муҳаррири:
— Шайх Нажмиддин Кубро ҳақида ёзилган барча маноқибларни ва Аннемарие Шиммел хонимнинг Ислом оламида хотин-қизлар сиймосига бағишланган «Жонон менинг жонимда» рисоласини ўқияпман. Аввалроқ Фаридун Амузода Халилийнинг «Булоқчанинг сафари» ҳикоялар тўпламини мутолаа қилгандим.
Наргиза Бўронова, журналист, Хоразм вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир:
— Ҳозир Ҳабиб Темировнинг «Журналистнинг хатоси» китобини ўқишни бошладим. Айнан шу номдаги қисса ва ҳикоялардан иборат китобнинг номи диққатимни тортганди. Журналист қандай хатога йўл қўйганлигига қизиқдим. Ўқишни бошладим, ҳозирча воқеалар ривожи давом этмоқда. Асар ҳақида бирон бир аниқ фикр ва якуний хулосани билдиролмайман. Сўнгги ўқиган китобим Воқиф Султонлининг «Ўлим уйқуси» асари бўлди. Ўзбекча таржимасини ўқидим. Ҳаёт ва ўлим тушунчалари ҳақида кўпроқ тушунчага эга булдим. Ўлимдан, Ўлишдан қўрқардим. Қабристон олдидан ўтишга ҳам чўчирдим. Асарни ўқиб, бу қўрқувни енгиш мумкинлигини тушундим. Аслида қабристон бузилиши билан воқеалар ҳар бир инсоннинг ҳаётда қандай яшаб ўтганлигига, ким эканлигига ишора беради. Хуллас, бу асардан олган тааассуротларим менга янги фикрларни ва хулосаларни бера олди.
Нафиса Авазова, бухгалтер:
— Ҳозир Ли Мён Бакнинг «Мўъжизалар содир бўлмайди» асарини ўқияпман. Унгача Холид Ҳусайнийнинг «Тоғлар ҳам садо берди» асарини ўқигандим. Бу муаллифнинг бирданига учта китобини бир нафасда ўқиб чиқдим. Биринчи китоби «Шамол ортидан югуриб»ни рус ва ўзбек тилида ўқиб солиштириш имконига эга бўлдим. Ўзбек тилидаги Рустам Жабборов таржимасида анча қўпол хатолар борлигини айтиб ўтиш лозим. Айниқса, «Шоҳнома»дан олинган парчалар нотўғри берилган.
Нозимжон Иминжонов, Намангандаги Усмон Зуннурайн жомеъ масжиди имоми:
— Шу кунларда Муҳаммад ибн Аббос Ҳасанийнинг «Мухтасар сийрат», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Қуръон илмлари», Холид Муҳаммаднинг «Пайғамбар атрофидаги кишилар» китобларини ўқияпман. Сўнгги тугатган китобим: Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳнинг «Ал исоба фий тамйизис саҳоба» («Саҳобаларни танитишда муваффақият қозониш») китоби.
Манзура Ҳуснидинова, сиёсатшунос, сиёсий таҳлил маркази мутахассиси:
— Ҳозирда Набижон Боқийнининг «Қатлнома»сини, Аҳмад Лутфий Қозончининг «Саодат асри қиссалари»ни ўқияпман. Бундан аввал Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси», Эрнест Хэмингуэйнинг «Алвидо, қурол», Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асарларини, шунингдек, Игор Дамаскиннинг «Вожди и разведка: от Ленина до Путина» номли тарихий, реал воқеликлар акс этган китобларини ўқигандим.
Эргаш Жумаев, PhD (Туркия):
— Ҳамид Бўзарслоннинг (Hamid Bozarslan) «Le Luxe et l Violence» («Люкс ва шиддат») асарини ўқияпман. Сўнгги ўқиган китобим: «Ben ve Öteki» («Мен ва бошқаси»), муаллиф: Ibrahim Kalin.
Фаррух Ишманов, Кванжун университети профессори (Жанубий Корея):
— Ҳозир америкалик иқтисодчилар Дарон Ажемўғлу ва Жеймс Робинсоннинг «Миллатлар нега инқирозга юз тутади?» («Why Nations Fail: The Origins of Power, Prosperity, and Poverty») китобини ўқияпман. Ундан аввал «Data Communications and Networking» китобини ўқигандим.
Хурсандбек Тўлибоев, Қорақалпоқ давлат университети адабиёт фани ўқитувчиси:
— Ёшлар ҳозирги кунда қарийб эллик фоизи бозор адабиёти ўқиш билан овора. Буни филологларга ҳам берсак, шу хилдаги олди-қочди сериал асарларни кўкка кўтаришади. Кузатишлардан келиб чиқиб, айниқса газетбоп тўқиб-бичиб чиқарилган шивирларни асар деб юрганлар ортиб бормоқда. Маънавий дид ва онгу тасаввур ғариб аҳволда. Шундай катта бўлган ёшларга маълуму машҳур асарларнинг ҳеч қизиғи йўқдек. Мен ҳозирда Исажон Султон, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам ҳикояларини такрор мутолаа қиляпман. Гарчи бошқа асар ўқишга кўп бўлса ҳам. Ёшларнинг бу ҳолга тушишига кўп сабаблар бор. Уни кенгроқ муҳокама қилсак кундай равшанлашади…
Музаффар Қосимов, муҳандис, блогер, orbita.uz сайти асосчиси:
— Ҳозирда Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асарини қайта ўқияпман. Бу асарни адашмасам тўртинчи бор ўқишим. Зеҳнни чархлайдиган китоб. Улуғбек Ҳамдам таржимаси. Сўнгги ўқиган китобим: Жюль Верннинг «Доктор Окснинг инжиқликлари» (агар шундай таржима ўринли бўлса, чунки асарни рус тилида ўқидим ва унда «причуда доктора Окса» дейилган); аниқроғи бу китобни «эшитдим». Аудиокитоб. Классик маънодаги китоблардан эса энг охири ўқиганим Паоло Коэльо — «Алкимёгар»…
Фаррух Жабборов, журналист, «ХХI аср» газетаси:
— «Малика айёр» достонининг 1941 йилги лотин имлосидаги нашрини ўқияпман. Бу асар халқимизнинг энг муҳташам достонларидан бири бўлиб, бемалол жаҳон эпоси дурдоналари қаторида санаш мумкин. Достонда Авазхон, Шоқаландар (Гўрўғли), Шозаргар (румлик Ҳасанхон)нинг ерости мамлакати – Торкистонга сафари ҳикоя қилинади. Инсон тахайюли сарҳадлари нақадар чексизлигидан завқ туясиз. Умрим қоғозлар ичида ўтмоқда. Лекин дафъатан охирги ўқиган китобинг ҳақида сўрашса, шошиб қолар экансан. Доим ҳам айтишга арзигулик, айтиб мақтангулик асарларни ўқийвермайди одам. Йўл-йўлакай ўқилганлари айтарли ёдда қолмайди ҳам. Бирор номни тилга олиш эса – реклам. Шу жиҳатдан қаралса, сал олдинроқ ўқиган китобим – турк адибаси Элиф Шафақнинг «Ота ва ҳаромзода» (Elif Şafak. «Baba va piç») романини эслашни истардим.
Отабек Сафаров, филолог, «Ёшлар» телеканали бош муҳаррир ўринбосари:
— Ҳозир ўқиётганларим – Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи мутолааси секин кечяпти. Шукур Холмирзаев «Сайланма»сининг 5-жилди. Дилмурод Қуронов ва бошқалар. «Адабиётшунослик луғати». Хосият Рустамова. «40:0». «Кейин хурсанд бўласиз». Ҳикоялар тўплами ва Омон Мухтор изоҳлари. Нодар Думбадзе. «Абадият қонуни» (Н.Жўраевга раҳмат).
Сўнгги ўқиганларим – Ҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» романи – жуда изтиробли роман, «бари битди, қисса битмади», дейди қаҳрамон. Эдвард Радзинскийнинг «Қонсираган илоҳлар» қиссаси – инқилоблар анатомияси. Ҳалима Аҳмедованинг «Яшил» шеърий тўплами шоира қанчалик катта ижодий салоҳиятга эгалигини кўрсатади. Неъмат Арслоннинг «Юдиф» қиссаси, «Қаватма-қават», «Аширит» ҳикоялари ўзбек адабиётининг янгича имкониятларидан далолат.
Муаззам Мамадалиева, дизайнер, аёллар фотографи (Қирғизистон):
— Имом Нававийнинг «Риёзус Солиҳин» китобини ўқишни бошладим. Дизайн ва фотога оид электрон қўлланмаларни ўқиб тураман. Сўнгги бор Имом Ғаззолийнинг «Мусулмон ҳулқи» китоби, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Ҳадис ва Ҳаёт туркумидан «Рўза» китобини тугатган эдим.
Хайр Муҳаммад Салжуқий, тадбиркор (Афғонистон):
— Ҳозирда Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» қиссасини ўқиб чиқяпман. Ундан аввал Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ва «Авлодлар довони» романларини ўқиган эдим. Муаллиф романда шайбонийларни худди келгидилардек тасвирлаган. Ваҳоланки ундай эмас. Темурийларни ёқлаб, шайбонийларни камситиш ақлга тўғри келмайди. Шайбонийхон Ўрта Осиёни форслашиш ва шиалашишдан, ўзбек давлатчилигини инқироздан сақлаб қолган.
Элмурод Нишонов, журналист, «Ҳуррият» газетаси:
— Алихонтўра Соғунийнинг «Туркистон қайғуси» китоби. Асар СССР даврида, компартия ҳукмронлиги чўққига чиққан пайтда ёзилган. Аввалроқ муаллифнинг «Тарихи Муҳаммадий» асарини ўқиб, Расулуллоҳга ва у зот тўғрисида асар битган бу алломага муҳаббатим янада ошган эди. «Туркистон қайғуси» — ҳар бир юртдошимиз ўқиши зарур бўлган китоб экан. Яримлаб қолдим. Ҳозирча қисқа хулосам шу…
Хондамирнинг «Макоримул-ахлоқ»и. Навоий ҳақидаги бу гўзал асардаги баъзи воқеалар бугунги ҳаётимизга жуда яқинлигидан ҳайратландим… Кейинги пайтларда адабиёт ўқитувчиси бўлиш ҳаваси менга тинчлик бермаяпти. Китоб ҳақида адабиётсевар дўстларим билан суҳбатлашишни ёқтираман. Қанийди, бирор лицейда адабиёт муаллими бўлиб қолсам-у, «Макоримул-ахлоқ»қа ўхшаган зўр китоблар ҳақида соатлаб гурунглашсам…
Гўзал Рўзиева, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси:
— Айни дамда Оноре де Бальзакнинг «Евгения Гранде» асарини ўқияпман. Сўнгги ўқиганим: Мигел Анхел Астуриаснинг «Сеньор президент» асари.
Евгения Гранде» шубҳасиз Бальзакнинг сермаҳсул ижоди яратган асарларнинг энг яхшиларидандир. Қалби муҳаббату, ҳаётга меҳр билан тўлган, Франциянинг чекка Сомюр музофотида яшовчи, бой бочкасизнинг қизи Евгения бир қараганда ён-атрофимиздаги минглаб оддий одамлардан бири бўлиб кўринса-да, аслида унинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган қалби ва улкан муҳаббати борлиги, асар эса Бальзак ибораси билан айтганда «Муҳаббат иккинчи марта туғилишдир» деган ғоя асосида яратилгани сезилади.
Мигел Анхел Астуриас «Ўз асарларида Жанубий Американинг реал ва оғриқли ҳаётини гўзал бўёқлар билан яратиб бергани учун» Нобель мукофотига лойиқ кўрилган адиб. «Сеньор президент» асари ана ўша реалликни тасвирлайди, ундаги воқеалар фожеа билан бошланиб, фожеа билан якунланади. Бу китобда асар қаҳрамонлари ўз ҳукмронлиги учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган президент ҳам, севгиси учун курашган Камила ҳам, туҳмат туфайли таъқибдан қочган генерал ҳам эмас, балки аччиқ ҳаётдир.
Раҳматуллоҳ Жалилов, Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Исмоил Бухорий» масжиди имом-хатиби:
— Диний мазмундаги адабиётлар билан албатта ҳар куни ошно бўламан. Айниқса, фиқҳ, ҳадис, тафсир ва сийрат кабилар… Хусусан, ислом тарихига оид Сафийюр Раҳмон Муборакфурийнинг «Ар-роҳийқ ал-махтум» асарини, шунингдек, Жалолиддин Румий «Маснавий»сидан 40 ривоятга шарҳ китобини мутолаа қилмоқдаман. Сўнгги ўқиганим: Р.Файзуллаев, Н.Абдулаҳатов ва М.Мадғозиевлар қаламига мансуб Марғилон алломалари силсиласидан «Хожажон Хожа Рожий Марғиноний» (3-китоб).
Абдумўмин Йўлдошев, ҳуқуқшунос:
— Роберт Луис Стивенсоннинг «Меросхўр» романини ўқияпман. Ушбу китоб ота-онасидан етим қолган Девид Бэлфур деган ўсмир йигитнинг бошидан ўтказган қийинчиликлари, саргузаштлари ҳақида. Ушбу китобни охирлатиб қолдим, китобдаги бир жумла менда катта таассурот қолдирди: «Инсонда токи куч-қувват бор экан ўлишга ҳар доим улгуради». Аввалроқ Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романини ўқигандим. Асарда инсоннинг сабр-бардоши, орзу-умидлари ажойиб тарзда ифодаланиб берилган. айниқса, аждодлар руҳи ва эътиқодига бўлган тасвирлар жуда чиройли ифодаланган.
Шоҳидбек Аслонов, журналист, Фарғона вилояти кутубхонаси директори:
— «Я — Темур, властитель вселенной» (Марсель Брион) китоби Амир Темур ҳақида аниқ ифода ва тасвирларни кўз олдингизга келтиради. «Темур тузуклари» асосида ёзилган ушбу асарни ҳар бир юртдошимиз ўқиб чиқиши керак! Альбер Камюнинг «Бегона» қиссаси ҳақида биринчи эшитганимда, бунчалик қизиқаман деб ўйламагандим. Инсоният ўзи учун ўйлаб топган барча урфу тутумлардан, ақлга сиғмайдиган «маданият»дан бехабар Мерсонинг ҳаёти табиийки, ҳар бир китобхон қалбида олам-олам таассурот уйғотади. Нима учун «Бегона» деб ном берганини билишни истасангиз, албатта китобни ўқиш керак. Айтганча, ушбу қисса муаллифга «Нобель» мукофотини келтирган.
Дилшод Имамов, чилангар, «Нефтгазмонтаж»:
— Ҳозир ўқиётганларим: Ф. Гегель. «Наука логики», И. Сталин. «Экономические проблемы социализма», Уилэн Чарльз. «Голая экономика», Л. Толстой. «Рабство нашего времени», Стивен Кинг. «Блейзер». Аввалрой Мюррей Ротбарднинг «Государство и деньги-как государство завладело денежной системой общества» китобини ўқигандим.
Орзу Аъзам, «Ёш куч» журнали арт-директори:
— Шу кунларда Жеймс Жойснинг «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» (тарж. А.Отабой) романини ўқияпман. Охирги ўқи(ёт)ганларим: Ф. М. Достоевский. «Братья Карамазовы» (тугатганим йўқ); Тарьей Весос. «Қушлар» (тарж. М.Аъзам); Эфраим Севела. «Тўхтатинг самолетни, тушиб қоламан» (тарж. О.Шарафиддинов).
Шермуҳаммад Абдуғофуров, блогер, нодавлат-нотижорат ташкилот лойиҳалар координатори (Қирғизистон):
— Жорж Оруэллнинг «Молхона», Орхан Памукнинг «Маъсумият музейи» китобларини ўқияпман. Ундан олдин Альбер Камюнинг «Бегона» қиссасини тугатгандим.
Одилжон Ғайназаров, Қува туман ХТБ мутахассиси:
— Акбар Мирзонинг «Суиқасд» романи мен ўқиган китобларнинг ичида бошқача таасурот қолдирмоқда. Акбар Мирзонинг «Ажал билан юзма-юз» номли китобини ўқимоқчиман, лекин топишни имконияти бўлмаяпти. Сўнгги ўқиб тугатганим Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида ҳаётий ҳодисалар жиддий ва ҳажвий тарзда ёзилган.
Азиза Қурбонова, «O‘zbekiston24» телеканали мухбири:
— Фенимор Купернинг «Чингачкук фожеаси» китобини ўқияпман. Сўнгги ўқиган китобларим: Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси», М.Шохонов ва Ч. Айтматовнинг «Чўққида қолган овчининг оҳу зори», Ў. Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» («Интеллект» телеграм гуруҳининг мутолаа лойиҳаси тавсиясига кўра ўқидим) китоблари.
Шоира Шагиаҳмедова, «Сўғдиёна» газетасида бош муҳаррир ўринбосари:
— Ҳозир «Қуръони Карим» Шайх Алоуддин Мансур муаллифлигидаги ўзбекча изоҳли таржима ва «Саодат асри қиссалари»ни ўқияпман. Уйда алоҳида китоб ўқишга ва кўчада, ишхона ёки бирор масканда бўш вақт бўлса, интернет орқали мутолаа қилишга одатланяпман. Шу сабаб бир вақтда икки асар ва иш юзасидан ҳикоялар ўқиш имкони бор. Нодар Думбадзенинг «Ҳелладос» ҳикоясини такрор мутолаа қилдим. Бу ёзувчи асарлари билан болаликка қайтиш мумкин.
Фируз Аллаев, блогер, www.asaxiy.uz интернет дўкони директори:
— Ҳозир Петер Хопкиркнинг «Катта ўйин» (Peter Hopkirk, «The Great Game») китобини ўқияпман. Китоб 17-20-асрларда Марказий Осиё ва Ҳиндистон ҳудудини қўлга олиш учун Россия империяси ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ўйинларга бағишланган. Китобда Буюк Британия ва Россия томонидан бизнинг ҳудудга юборилган экспедициялар ва шпионлар, уларнинг саргузаштлари ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар бор.
Сўнгги ўқиган китобим Алекс Гарленднинг «Пляж» китобидир. Саёҳат қилишни ёқтирадиганлар учун ажойиб китоб. Бу китоб асосида Леонардо Ди Каприо ижросида шу номдаги фильм олинган.
Абдураҳмон Мешаян, шоир, чорвачи:
— Аъзам Ўктамнинг «Осмон яқин» китобини ўқияпман. Бундаги ашъорларнинг ўта мазмундорлиги, бадиий пуҳталиги мени ўзига буткул ром қилди. Ўзбек тилининг гўзаллигини бор бўй-басти билан кўрсата олган маҳоратли шоирга, биз хам юрагимизнинг тўридан жой бердик. Сўнгги ўқиган китобим: Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Муҳаммадий» китоби. Пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссаломга бағишганган китобларнинг ичида мен учун энг мукаммали мукаммали бўлган бу китоб менга ўн бир йилки хамроҳ. Қайта-қайта ўқилсада юрак қумсайверадиган китоб. Энг севган инсоним хақидаги китоб бўлгани учун ундаги хар сатр мен учун қадрли.
Байрамали Қўлдошев, эркин ижодкор:
— Фридрих Нитшенинг «Зардўшт таваллоси» насрий достонини ўқишни бошладим. 56-йил умр кечириб бутун жаҳон тафаккури юксалишига улкан ҳисса қўшиб кетган немис файласуфи ва адабиётшуносининг фалсафий қарашлари билан матбуотда эълон қилинган мақолалар орқали қисман таниш эдим. Энди чуқурроқ урганишни ўз олдимга мақсад қилдим. Охирги пайтда жаҳон адабиётидан бир нечта янги асар ва уюшма тамонидан чиқарилган ўзбек ёзувчиларининг антологиясини ўқиб чиқдим. Аммо барибир сўнгги ўқиган ҳақиқий асарларим деб Лев Толстойнинг «Танланган асарлар»ини эътироф этган бўлардим.
Улуғбек Сафаров, Жануби-ғарбий давлат университети талабаси (Россия):
— Ҳозир Генри Форднинг «Менинг ҳаётим ва менинг ютуқларим» китобини ўқияпман. Ундан аввал Бенжамин Франклиннинг «Вақт — бу пул» китобини ўқигандим.
Шаҳбозбек Абдунабиев, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети илмий ходими:
— Ҳозир Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Иймон» ва Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» китобини ўқияпман. Аввалроқ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ақоид илми» китобини тамомлагандим. Бу китобдан ақидага оид кўплаб саволларга жавоб топиш мумкин. Ўзбек тилида сўзлашувчи мусулмонларга ўқиб чиқишга тавсия қиламан. Умид қиламанки, ўқувчилар кўплаб шубҳа ва гумонлардан халос бўлишади.
Зиёда Атахожаева, юрисконсульт:
— Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асарини она тилимда биринчи бор ўқияпман. Иккита параллель ривожланаётган, лекин бир қарашда бир-бирига умуман боғланмаган сюжетли асар бўлганлиги ўқувчини мутолаадан чарчаши, зерикишига қўймайди. Ундан олдин Роберт Уоллернинг «Мосты округа Мэдисон» («Медисон округи кўприклари») китобининг рус тилидаги таржимасини ўқидим. Ўзбек тилига таржима қилинмаган, менимча.
Абдуллоҳ Раҳимбоев, Турк ва араб тилларидан эркин таржимон:
Ҳозирда турк тилидаги 44 жуздан иборат бўлган «Ислом Энциклопедияси»нинг маълум жузларини ўқияпман. Сўнгги ўқиганларим: ўзбек тилида: «Отамдан қолган далалар», «Кафансиз кўмилганлар», «Улуғбек хазинаси»; турк тилида: Sabahattin Ali. «Kürk Mantolu Madonna», Mustafa Kutlu. «Uzun Hikâye»; араб тилида: Сулаймон ибн Сақийр ас-Сақий. «Онага яхшилик қилишнинг 150 усули». Рамазон Бутийнинг «Қуръонда муҳаббат ва муҳаббатнинг инсон ҳаётидаги ўрни» асарлари.
Шоҳруҳ-Мирзо Раҳмонов, мнемонист:
— Benjamin Graham, The Intelligent Investor (Ақлли инвестор), инглиз тилида. Инвестиция ва молия соҳасида энг оммабоп китобларидан бири ҳисобланади. Шу соҳа вакиллари аниқ ўқиши шарт бўлган китоб. Китоб асосан «Value investing» принципини илгари суради ва бу қоида эса дунёнинг энг бой инсонларидан бири Уоррен Баффет томонидан фойдаланилади.
Элчин Сафарли. «Легенды Босфора» (Босфор афсоналари), рус тилида. Туркия, Босфор бўғози ҳақидаги рус-озар оиласида катта бўлган муаллифнинг кечинмалари ҳақидаги китоб. Озгина меланхолик руҳда ёзилган лекин китоб Туркия ҳақидаги тасаввурларингизни янада кенгайтиришга ҳам ёрдам беради.
Рафиқ Сайдулло, тилшунос, САФУ талабаси (Россия):
— Ҳозир «The curious incident of the dog» (муаллиф Mark Haddon) китобини ва турли хил шеърлар (Х. Р. Хименес, Иосиф Бродский, Ўздемир Асаф) ўқияпман. Сўнгги марта Экзюперининг «Кичкина Шаҳзода» қиссасини (рус тилида) ўқидим. Аввал ҳам икки марта ўқигандим. Асарни ўқиганимда бир танишимнинг бировдан иқтибос келтириб айтган гапини эсладим. «Буюклик бу оддийликдир», деган эди у.
Сиротилло Муҳаммадсолиев, таржимон:
— Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асари (Улуғбек Ҳамдам таржимаси). Бошқа ҳеч қайси китобдан олмаган маънавий озуқани шу асардан топяпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асарини яқинда қайтадан ўқидим. Ўзбек насри тарихидаги энг яхши 10 та асардан бири деб ўйлайман.
Мақсудхон Саломов, блогер, Тошкент давлат юридик университетида ўқитувчиси:
— Ҳозирда француз ёзувчиси Стендалнинг «Қизил ва қора» романи ўқияпман. Сўнгги бор Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» китобини ўқигандим. Ушбу китобни тез-тез ўқиб тураман ва ҳозиргача 5 марта ўқиб чиққанман.
Шоҳжаҳон Қаюмий, Донггук Университети талабаси (Жанубий Корея):
—Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Иймон» китобини ўқияпман. Китобда ҳаётимга татбиқ қилишим керак бўлган жуда кўп таълимотлар бор экан. Тўғриси, бу китобни 4 маротаба ўқишим. Бу сафар ўқиганларимга амал қиламан деган ният билан ўқияпман.Ундан олдин муаллифнинг «Очиқ хат» китобини ўқигандим. Китоб мусулмонлар ҳаётида содир бўлаётган муаммоларга ечим топиб берган. Бу ечимларнинг кўпи ҳадис ва оятлар билан далилланган. Китоб фақат радикаллар ва мухолифат учун деб бўлмайди. Бу китобни ҳар бир одам ўқиши керак. Умматга қайғурадиган ҳар бир одам ўқиши керак.
Нурия Жумаева, уй бекаси:
— Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Кўҳна дунё» китобини ўқияпман. Насиҳатга бой қисқа ва лўнда ҳикоялар тўплами. Фарзандлар тарбиясида бундай ҳикояларнинг ўрни катта. Сўнгги ўқиган китобим: Абдурашид Нормуродовнинг «Қонли йўргаклар» китоби. Асар бекорга увол бўлган умрлар ҳақида. Жуда таъсирли. Бу китобдан сўнг осмонимиз тинчлиги учун шукрона қилиш кераклигини қалбан ҳис қиласан киши.
Жамолиддин Ёқубов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 1-курс магистри:
— Ҳозирда таниқли блогер Адҳам Атажановнинг «Янги дунё» китобини ўқияпман. Ушбу китобда биз яшаб турган дунёнинг тарихидан айрим воқеалар ҳикоя қилинади ва ҳозирги янгиланаётган дунёда рўй бераётган айрим ҳолатлар таҳлилга тортилади.
Яқинда ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг «Осмон остидаги сир» (ҳикоялар тўплами) китобини ўқиб тугатдим. Ундаги ҳикоялар асосан уруш мавзусида бўлиб,ўткан асрда бўлиб ўткан Авғон урушининг инсонлар тақдирига қанчалар салбий таъсир ўтказгани ва у қолдирган асоратлар китобхон томонидан дард билан ўқиб чиқилади. Ҳар бир ҳикоя алоҳида тугун ва аламли ҳамда умидбахш ечимларга эга.
Муҳаммаджавоҳирбек Суръатов, дастурчи, Тошкент Халқаро Вестминстер университети талабаси:
— «Лойиҳангиз муваффақияти. Талабалар тизимини тузиш лойиҳалари учун кўрсатма/қўлланма» («Success in your project. A guide to student system development projects»). Университетда диплом иши бўйича қўлланма сифатида ўқияпман. Дастурлаш соҳасидаги талабалар учун тадқиқот ўтказиш бўйича атрофлича маълумот ва кўрсатмалар берилган. Сўнгги ўқиганим: «Пуанкаре», Абдулқаюм Йўлдош. Турли қисса ва ҳикоялар ёзилган китоб. Ҳаётдан олинган воқеалар, илмга чанқоқ инсонларнинг рўзғор иши билан бўлиб ўз орзуларига етиш олмаганлари, чет элда хизмат қилиб келган кишининг илмга бўлган қизиқиши маҳаллий аҳолининг босимлари билан сўниб, ўлимигача қалбида шамдек яшаб тургани ва бошқа мавзулар ҳақида.
Наргиза Сотволдиева, ЎзМУ журналистика факультети талабаси:
Журналист Тўлқин Расуловнинг «Кампирим кетаман дейди» номли китоби ва Чингиз Айтматовнинг «Соҳил ёқалаб чопаётган олапар» китобини ўқияпман. Т. Расулов ажойиб муҳаррир бўлган, қалами ўткир. Шунинг учун китобини ҳам қизиқиб ўқияпман. Жуда ажойиб ва енгил ҳазм қилса бўладиган китоб. Ч. Айтматов ҳикоя ва қиссалари жуда фалсафий мазмунга бой. Қачон илмдан узоқлашиб қолганимни сезсам унинг асарларини ўқийман. Бу китоб ҳаёт қадрига етиwни ўргатади, тарихдан хабаримиз бўлади.
Лев Толстой «Иқрорнома» асари. Камдан кам ёзувчи балки инсон тан оладиган нарсалар ёзилган. Бирор машҳур инсон ўз қилмишларини одамларга Толстойдек айта олиши ва иқрор бўлишига ишонмайман. Оддий кундаликнинг мукаммал кўриниши.
Хуршид Абдурашид, «Ёшлар» радиоканали мухбири:
— Айни вақтда Густав Флобернинг «Бовари хоним» асарини ўқияпман. Ўзи бу асарни аввалроқ ўқий бошлагандим ва негадир китобга шўнғиб кетолмай ташлаб қўйгандим. Энди яна бошидан ўқияпман, Бовари хонимнинг менга очилмаган қирралари энди очиляпти. Шунингдек, Кобо Абэнинг «Худди одамдек» қиссасини ўқияпман. Бу қисса инсонга ўз касбининг ичига кира олиш қанчалик фидойиликни талаб этиши ва инсон ўз тасаввурлари орқали ҳам жамиятга ўз таъсирини ўтказа олишини кўрсатиб беради. Воқеалар қандай тугайди, бундан ҳали воқиф эмасман. Лекин муҳими инсоннинг интилиши: ҳаракат, ҳаракат, ҳаракат. Ундан олдин Хайриддин Султоновнинг «Қуёш барчага баробар» китоби ва «Кўнгил озодадур» қиссасини ўқиб чиққандим. «Кўнгил озодадур»ни ҳар бир ёш ўқиб чиқишини истардим, айниқса, илм қиламан деган инсон… Кобо Абэнинг қиссаси ҳам қайсидир жиҳатлари билан шу қиссани ёдимга соляпти. «Кўнгил озодадур»дан олган таассуротларим бир дунё. Бу қиссага бошқача меҳр қўйдим, қайта-қайта ўқидим ва ўқияпман.
Расул Шеримматов, INHA университети талабаси (Жанубий Кореа):
— Ҳозирда Паоло Коэльонинг «Алкимёгар» асарини ўқияпман. Бу инглиз тилида ўқиётган иккинчи китобим. Сўнги марта Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб», Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари», Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», Бҳаратан Кумараппанинг «The story of my life» (Маҳатма Ганди. Инглиз тилида) китобларини ўқидим.
Олимжон Холматов, Термиз давлат университети талабаси:
— Ҳозирги пайтда мен туркий мумтоз адабиётимизнинг дурдонаси бўлган Алишер Навоийнинг «Хамса»си ҳамда «Лисон ут-тайр» асарларини, шунингдек Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романини ўқиб чиқмоқдаман.Айниқса, Навоий асарлари ўзнинг жозибаси ва донишмандлиги билан мени сеҳрлаб қўймоқда,асарларини ўқиган сарим Навоийни янада теранроқ англамоқдаман. Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат», «Сабо ва Самандар» романлари, жаҳон адабиётидан эса Ҳомернинг «Илиада» ва «Одессея» достонларини ўқиб тугалладим. Бу каби асарлар инсонни олис ўтмиш ва бугунги кун ҳақидаги ўй-фикрларини янада бойитиб, ҳаёт мазмуни тўғрисида теран мушоҳадага чақиради.
Шоҳрух Нўъмонов, Ўзбекистон Миллий университети талабаси:
— Одил Ёқубовнинг «Муқаддас»ини ўқияпман. Ловуллаб турган муҳаббат ҳақидаги энг яхши асарлардан бири. Сўнгги ўқиган китобим: Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз» пандномаси. Айни замонимиздаги кишининг камолотга етакловчи дидактика.
Нодира Саидназарова, абитуриент:
— Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романини ўқияпман. Бу асар менга жуда ёқяпти. Асарда ҳаётий масалалар кўтарилган. Ота ва болалар ўртасидаги муносабат ҳам бош қаҳрамон Юсуфнинг оиласи ва унинг тоғаси тимсолида ёритилган. Улуғбек Ҳамдамнинг «Сабо ва Самандар» романи менда катта таассурот қолдирди. Асарда соф муҳаббат, ўзаро юксак ҳурмат, одамийлик сингари жиҳатлар ёритилган. Унда Самандар ва Шердил мисолида ҳақиқий дўстлик туйғуси кўрсатилган. Гарчи кейинчалик уларнинг дўстлигига бироз путур етса ҳам бу дўстлик мени жуда ҳам таъсирлантирди. Асарнинг ёзилиш услуби, муаллифнинг ўқувчи билан худди яқинидек мурожати менга жуда ҳам ёқди.
Давронбек Тожиалиев тайёрлади.