Шарифжон Аҳмедов. Жаҳон адабиётининг энг сара китоблари

Шарифжон Аҳмедов – ёзувчи ва таржимон. 1969 йилда Андижоннинг Асакасида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Карлос Фуэнтес каби адибларнинг ўнлаб ҳикояларини ўзбек ўқувчиларига тақдим этган. Шунингдек, Лубнон асилли файласуф адиб Жуброн Халил Жуброн қаламига мансуб “The Prophet” (ўзбекчада “Ал Мустафо”) асарини ҳам маҳорат билан ўгирган. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.

Ziyouz сўрови: 1. Сизнингча, жаҳон адабиётининг энг сара 10 та асари қайси?

1. Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея” достонлари.
2. Аполлодор – “Асотирлар куллиёти”.
3. Овидий – “Метаморфозалар” (“Эврилишлар”).
4. “Минг бир кеча эртаклари”.
5. Данте Алигьери (1265-1321, Италия) – “Илоҳий комедия”.
6. Франсуа Рабле (1494-1553, Франция) – “Гаргантюа ва Пантагрюэль”.
7. Мигель де Сервантес (1547-1616, Испания) – “Ла Манчлик уддабурро Идальго Дон Кихот”.
8. Жон Мильтон (1608-1674, Англия) – “Бой берилган жаннат”.
9. Тсао Суэтсин (тахминан 1715-1763, Хитой) – “Қирмизи кулба рўёлари”.
10. Ҳалил Жуброн (1883-1931, Лубнон-АҚШ) – “Ал Мустафо”.


Ҳар бир бўлим учун атиги 10 та асарни танлаб олиш лозим эканлиги тақдимлар доирасини белгилашда хасисроқ бўлишимизни талаб этди. Шу сабаб ҳам асарлар рўйхатини имкон қадар зичлаштиришимизга тўғри келди. Аслини олганда, “жаҳон адабиётининг 10 та энг сара китоби” рўйхати учун биз келтириб ўтган асарлар қаторига яна бир қанчасини, хусусан, ХХ аср адабиётида салмоқли из қолдирган Кафка, Марсель Пруст, Жеймс Жойс ва ё Габриэл Гарсиа Маркес қаламига мансуб бўлган бир қатор романларни қўшиш мумкин эди. Аммо масала шундаки, кейинги даврларда яратилган бу каби барча ноёб асарлар, бизнингча, санаб ўтганимиз ўша кекса ва мумтоз китобларнинг у ёки бу маънодаги давоми ва ҳосилаларидир. Шунингдек, мантиққа кўра, асосий динларга мансуб илоҳий китобларни ҳам бу рўйхатга киритиш мумкин бўлурди, аммо бу ҳолда ножоиз баҳслар юзага келишидан истиҳола қилдик.

2. Жаҳон адабиётининг энг сара 10 та ҳикояси сифатида қайси асарларни эътироф этасиз?

1. Эдгар По (1809-1849, АҚШ) – “Лигейя”.
2. Хорхе Луис Борхес (1899-1986, Аргентина) – “Тлён, Укбар, Orbis Tertius”.
3. Хорхе Луис Борхес – “Жон Уилкинс лаҳжаси”.
4. Карлос Фуэнтес (1928-2012, Мексика) – “Чак Моол”.
5. Хулио Кортасар (1914-1984, Аргентина) – “Киндберг” ва “Сатарса”.
6. Франц Кафка (1883-1924) – “Эврилиш”.
7. Тсао Суэтсин (тахминан 1715-1763, Хитой) – “Баойуйнинг адоқсиз тушлари”.
8. Ясуси Иноуэ (1907-1991, Япония) – “Тарамқанот тўти”.
9. Cинъитиро Накамура (1918-1997, Япония) – “Қўрғонга йўл”.
10. Олим Отахон (Ўзбекистон) – “Тўртинчи қаватдаги сарғиш дераза” ва бошқа ҳикоялари.

“Жаҳон адабиётининг 10 та энг сара ҳикоялари” рўйхатига кенг китобхонлар оммасига, таассуфки, у қадар таниш бўлмаган, аммо самимий эҳтиросларга бой асарлари билан замонавий ўзбек ҳикоячилигида алоҳида йўналишга асос солган Олим Отахон асарларини ҳам киритдик. Зотан, асарларида нафис туйғуларни фусункор тимсолларга жойлаб тараннум этган Олим Отахон ўз ҳикоялари билан муҳташам ушбу рўйхатдан ҳақли равишда хос ўрин эгаллайди.