Буюк Британиянинг “Daily Telegraph” газетаси энг яхши 10 та мумтоз асарлар рўйхатини эълон қилди. Газета экспертларининг маълум қилишича, айнан шу китоблар дунёни ўзгартирган, вақт чиғириғидан ўтган асарлардир. Рўйхатга инглиз адабиётидан 7 та, қадимги юнон, француз ва рус адабиётидан биттадан китоб киритилган. Муаллифларнинг уч нафари аёл ёзувчилардир.
10-ўрин. Жорж Элиот. «Миддлмарч».
Инглиз адибаси Жорж Элиот (1819-1880)нинг ушбу романи қаҳрамонлари дунёни муҳаббат, меҳр билан ўзгартиришга шиддат билан киришган кишилардир. Асар қаҳрамонлари Британиянинг Миддлмарч шаҳарчасида танишадилар. Уларнинг ҳар бири ҳаётда ўз мақсадларига эришиш йўлида курашадилар. Китоб 1871-72 йиллари чоп этилади. Китоб асосида 1994 йили фильм ишланган.
9-ўрин. Густав Флобер. «Бовари хоним».
Француз ёзувчиси Густав Флобер (1821-1880)нинг ушбу романи 1856 йили “Ревью де Пари” журналида чоп этилган. Гарчи муаллифга ушбу асари учун турли айбловлар қўйилган бўлса-да, кўплаб адабиётшунослар ушбу асарни юқори баҳолашган. Иван Сергеевич Тургенев ҳам «Бовари хоним»ни тенгсиз асар дея таърифлаган. Китоб бир неча марта экранлаштирилган. Ушбу асар ўзбек тилига таржима қилинган (1976).
8-ўрин. Уильям Теккерей. «Манманлик кўргазмаси: қаҳрамонсиз роман».
Инглиз ёзувчиси Уильям Теккерей (1811-1863)нинг Наполеон урушлари ҳақидаги ушбу романи 1847-1848 йиллари “Punch” ҳажвий журналида чоп этилган. Унда инсон феъл-атворининг энг қора саҳифалари ўткир юмор билан тасвирланган. Асар 1911-2004 йиллар орасида 10 марта экранлаштирилган.
7-ўрин. Лев Толстой. «Уруш ва тинчлик».
Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863-69) эпопеяси Толстой (1828-1910)нинг энг гўзал ижод намуналаридан биридир. Айрим рус адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсалар-да, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805-07 ва 1812-14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ушбу китобда 550 дан ортиқ қаҳрамонлар мавжуд бўлиб, улардан 200 нафари тарихий шахслардир. Асар 1913-2016 йиллар орасида 11 марта экранлаштирилган. Бу асар Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор томонидан ўзбек тилига таржима қилинган (1-2-китоб, 3-4-китоб).
6-ўрин. Чарльз Диккенс. «Дэвид Копперфилд».
Инглиз ёзувчиси Чарльз Диккенс (1812-1870)нинг таржимаи ҳол йўсинидаги «Давид Копперфилд» (1850) романида ўша замоннинг ижтимоий зиддиятлари кўрсатилган. Толстой ва Достоевский ҳам романдан таъсирланганларини ёзишган. Асар 1911 йилдан бошлаб бир неча марта экранлаштирилган.
5-ўрин. Шарлотта Бронте. «Жейн Эйр»
Инглиз адибаси Шарлотта Бронте (1816-1855)нинг ушбу романи 1847 йили Каррер Белл тахаллуси остида чоп этилади. Романда бош қаҳрамоннинг ҳиссий дунёси ўқувчини ҳайратга солади. Асар асосида бир нечта фильм ва сериаллар ишланган.
4-ўрин. Жонатан Свифт. «Гулливернинг саёҳатлари».
Инглиз ёзувчиси Жонатан Свифт (1667-1745)нинг ушбу романи (1-2-жилдлар, 1726) инглиз жамиятидаги иллатларни фош этувчи аччиқ сатира, ўткир айбномадан иборат. Гулливернинг хаёлий ўлкалар — лилипутлар (митти одамлар), бробдингнеглар (улканлар), гуигнгнмлар (ақлли отлар) мамлакатларига қилган саёҳатлари билан боғлиқ ҳолда адиб реал воқеликдаги янгича муносабатлар, босқинчилик урушлари, давлат идораларидаги сотқинлик, судьяларнинг адолатсизлигини акс эттирган. Асар 1902-2010 йиллар орасида 10 марта экранлаштирилган. Бу асар ўзбек тилига Сотиболди Йўлдошев томонидан таржима қилинган (1974).
3-ўрин. Жейн Остин. «Ғурур ва хурофот».
Инглиз адибаси Жейн Остин (1775-1817)нинг ушбу романи 1796-1797 йилларда ёзилган бўлса-да, узоқ йиллар нашриётлар томонидан рад этилиб, чоп этилмайди. Роман 1813 йилдагина нашрдан чиқади. Асар асосида бир нечта фильмлар ишланган.
2-ўрин. Энтони Троллоп. «Барсетшир солномалари».
Инглиз ёзувчиси Энтони Троллоп (1915-1882)нинг олти романдан иборат ушбу тўплами викториан даври ҳажвий адабиётининг юксак намунаси ҳисобланади. Муаллиф асарда ўз даврининг сиёсий, ижтимоий масалаларини ҳажв йўли билан очиб ташлайди. Ушбу асар асосида 1982 йили фильм ишланган.
1-ўрин. Ҳомер. «Илиада» ва «Одиссея».
Қадимги юнон мутафаккири Ҳомер (м.а. 8-аср)нинг «Илиада» ва «Одиссея» асарлари қаҳрамонлик эпоси бўлиб, юнон мифологияси асосида яратилган. Шу билан бирга, уларда фақат шеърлар, афсоналар ва ривоятларгина эмас, реал тарихий воқеалар ҳам акс этган. Ушбу асарлар жаҳон адабиётига катта таъсир ўтказган. Ҳомернинг «Илиада» ва «Одиссея» эпосларини ўзбек тилига Қодир Мирмуҳамедов ўгирган.