Жетонлар тарихини биласизми? Улар қачон пайдо бўлган, турникетлар-чи?
Дастлабки жетонлар қачон пайдо бўлганлиги ҳақидаги аниқ маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас. Лекин 1934 йилда чиққан «Первый советский метрополитен» китобида (яъни метро очилгандан сўнг бир йил ўтгач) кириш ва чиқиш жойларида ўрнатилган турникетлар тасвирланган эди. Кириш жойларида ўрнатилган турникетлар ҳақида шундай дейилади: «Ёнингизда турган автоматнинг кичик тирқишига жетон ташлабгина сиз кириш учун рухсат олишингиз мумкин». «Правда» газетасининг 1935 йил 1 феврал сонида «ўртасида металл жетонларни қабул қилиб оладиган юлдузсимон тешиги бўлган» қурилма ҳақида ёзилади.
Ўша пайтдаги турникетларнинг бир нечта суратлари мавжуд, бироқ уларнинг барчаси турли шаклда. Уларга солинадиган жетонларнинг шакли ва кўриниши ҳақида эса, ҳеч қандай ҳужжатли маълумот йўқ. Фақат шу нарса маълумки, метро пайдо бўлганидан то 1959 йилга қадар кириш ва чиқиш тирик назоратчилар томонидан бошқарилган.
Улар ҳар бир кириб-чиқувчининг чипталарини текшириб ўтказган. Турли манбалардаги маълумотларга қараганда, тажриба намунаси сифатидаги илк турникет ва жетонлар 1935 йилда пайдо бўлган (лекин улар жуда кам муддат амал қилган). Иккинчи тажриба 1952 йилда ўтказилган. 1958 йилда эса, автомат турникетлар ишга туширилган ва бир йилдан сўнг бу ускуналар кўп миқдорда ишлаб чиқарила бошлаган.
1961 йилда турникетлар беш тийинлик тангаларни қабул қилишга ўтган. 1992 йилнинг 1 мартидан бошлаб яна жетонлар амал қила бошлаган. Шундай қилиб жетонлар тарихидаги ўзгаришлар ўз ниҳоясига етади. Бироқ бу жетонларнинг умумий тарихига оид хулоса. Негаки, жетон ва турникетлар турли давлатларда турлича ва ҳозиргача шаклий ҳамда тасвирий ўзгаришларга учраб келмоқда.
Муниса Маҳкамова тайёрлади
“Маърифат” газетасидан олинди