Ўзга сайёраликларнинг Ерга номаълум учар жисм(НУЖ)ларда кўп бора келгани ва бу ҳақдаги барча хабарларни уйдирма сифатида баҳоловчиларнинг баҳсу мунозаралари хориж матбуотида муҳокама этилиб, масалага ойдинлик киритувчи янги маълумотлар ошкор қилинмоқда. Россиядаги АҚШ ва Канада бўйича тадқиқот олиб борувчи институт бош илмий ходими Владимир Васильевнинг “АиФ” ҳафталигига маълум қилишича, ҳозирги пайтда ўзга сайёраликларнинг ҳақиқатан ҳам Ерга ташриф буюрганини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли. Бу ҳужжатлар узоқ вақтдан бери сир тутиб келинаётир. Яъни В.Васильевнинг ўзга мамлакат маъмуриятига доир кўпдан-кўп “зерикарли” ҳужжатларни ўрганиб бориши мобайнида шу нарса аниқ бўлганки, америкаликлар ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида Ердан ташқаридаги Онг ва унинг мавжудлиги боис, ўзларига қаратилган таҳдидларни ўрганишга давлат хазинасидан жуда катта маблағ ажратиб келишмоқда.
Коинотдан бўладиган таҳдидларнинг омма онгига ўрнашиши Нью-Мексико штатида НУЖлардан биттаси — двигателсиз учиш аппарати ва тўртта гуманоиддан иборат экипажнинг ҳалокатга учрашидан бошланган. Бу воқеа тафсилотларини 1947 йил 9 июлда АҚШдаги энг йирик икки газета — “Нью-Йорк таймс” ва “Вашингтон пост” эълон қилган эди. Бироқ кўп ўтмай бу хабарларга раддия берилиб, улар душман томон (яъни СССР)нинг янги учиш аппаратлари бўлган, воқеани кўрганлар янглишган, деган маънода изоҳ берилади. В.Васильевнинг фикрича, бўлган воқеа шу тариқа сир тутилган.
Учиш аппарати диски бўлаклари ва учувчилар жасадларини ҳарбий ҳаво кучлари йиғиштириб олиб, ишончли жойга яширишади. Экспертлар сонига кўра ўта сирли бўлган “Мажестик – 12”, деб номланган лойиҳа тузилади ва унинг зиммасига НУЖларни ўрганиш, уларнинг технологияларини эгаллаш вазифаси юкланади.
НУЖлар ҳалокати ҳақида матбуот агентликларига юборилган пресс-релиз полковник Уильям Бланшер томонидан тайёрлаган эди. Бир оз вақт ўтиб скептиклар уни авантюра ва хаёлпарастликка мойилликда айблай бошлашади. Бланшер эса, Япония шаҳарлари осмонига бортида атом бомбасини олиб учган учинчи бомбардимончи самолёт командири бўлган. Бошқача айтганда, у мамлакат раҳбарияти қаттиқ ишонган ҳарбийлардан эди. Бланшер матбуотда илк бор тилга олган Розуэлл авиабазаси мамлакатдаги энг юқори технологияга эга, бортига ядро қуроли олган самолётларга қўналға бўлган ягона база эди. Мабодо ҳалокатга учраган дисколёт НУЖ бўлмасдан, АҚШнинг энг янги ҳарбий лойиҳаси бўлганида, бу ўта муҳим ҳарбий сирни матбуотда ошкор қилгани учун полковник жазоланмасдан қолмасди. Демак, ўша пайтда ҳарбий зобит давлат манфаатига зид бирор-бир хатога йўл қўймаган.
Хўш, унда нега юз берган воқеа матбуотда очиқ муҳокама қилина бошлаган? Россиялик тадқиқотчининг фикрига кўра, қисиқ кўзли кичкина гуманоидлар олти йил аввал Америка флотига ҳужум уюштирган японларга жуда ўхшаб кетган ҳамда ўша Пёрл-Харбордаги ҳарбий ҳаракатлар ҳали уларнинг ёдидан кўтарилмаган эди. Америкаликлар Розуэлл авиабазаси билан боғлиқ воқеага муносабатни бир неча марта ўзгартирдилар: Эйзенхаур ва Никсон даврида уни ўта сир тутдилар, Жонсон ва Рейган даврига келиб эса онда-сонда хабарлар чиқиб кетишига йўл қўйилди. Фақат Рейган давридагина коинотдан келаётган таҳдид муаммоси мамлакат биринчи раҳбари томонидан тилга олинди. БМТ Бош Ассамблеясининг 42-сессиясида сўзга чиққанда Рейган ўзга сайёраликларнинг бостириб келиш хавфи ҳақида бир неча жумлани айтиб юборади.
* * *
Президент Трумэн мемуарларида Арктикада тушуниб бўлмайдиган ва ҳатто жуда ғаройиб, сирли воқеалар юз бергани англашилади. В.Васильев шу ва шу сингари маълумотларни таҳлил қилиб, уларни 1950 йилнинг 6 декабрида АҚШ шимоли-шарқида НУЖнинг уриб туширилишига боғлайди. Бунинг оқибатида америкаликлар ўзга сайёраликлар билан бўладиган жангга тайёрлана бошлаганлар. Трумэн ҳатто мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилади. Буни Корея билан бошланган урушга йўйиш ҳам мумкин, бироқ ўша вақтнинг ҳарбий-сиёсий вазияти таҳлили бу версияни тасдиқламайди.
Америкаликларни ҳалокатга учраган НУЖ қолдиқларини ўрганиш натижалари қўрқитиб юборган. Негаки, ўзга сайёраликларнинг учиш аппарати Ер яқинида ишлаш учун ҳарорат, босим, атмосфера параметрлари ва куррамизнинг бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда махсус яратилгани аён бўлади.
Владимир Сергеевич ишончли далиллар асосида шундай тахминни ҳам илгари суради: саксонинчи йилларнинг бошида ўзга сайёраликлар АҚШ раҳбариятидан ҳалокатга учраган НУЖ бўлаклари ва учувчилар жасадини қайтаришни сўраган бўлиши мумкин. Улар Невада штатидаги ўзга сайёраликлар объекти сақланаётган яширин омбор қўриқчиларини гипноз ҳолатига солгани ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам саксонинчи йилларда “юлдузлар уруши” ғояси урфга кириб, “ПРО” (ракетага қарши мудофаа) лойиҳаси ишлаб чиқила бошланади. Бу лойиҳа собиқ иттифоққа қарши эмас, балки коинотдан келаётган хавф – эҳтимол тутилган урушга қарши ишлаб чиқилган. 2005 йили собиқ президент Клинтон шундай дейди: “Бу жой Невада штатида (ўзга сайёраликлар учиш аппарати бўлаги ва учувчилар жасадлари топилган жой) бўлиб, жиддий объект саналади, у ерда ҳақиқатан ҳам келиб чиқиши ўзга сайёраликларга хос артефактлар мавжуд”.
* * *
НУЖларни ўрганган ҳарбийлар ва мутахассислар АҚШ ҳудудида номаълум учар жисмлар кўпроқ бўладиган жойни аниқладилар. Бу жой Алясканинг шимоли-ғарбидаги ҳудуд бўлиб, айнан шу жойда “Ракетага қарши мудофаа” системаси қурилиши жараёнида атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш учун кучли антенналар тизими яратилди. Бу тизим тўқсонинчи йиллар охирида ишга туширилди ва тезда кўплаб миш-мишларнинг урчиб кетишига сабаб бўлди. Улардан бирида айтилишича, америкаликлар ионосферани ўрганиш баҳонасида кучли геофизик қурол яратишган. Бу қурол ишга солинса, сув тошқинлари, тўфонлар, зилзилалар, Европа ёки Шимолий ярим шарнинг истаган мамлакати устида довул-бўронлар ҳосил қилиши мумкин экан.
Бу тахминдан фарқли ўлароқ, В.Васильев Аляскадаги бу иншоотни НУЖларнинг кутилмаганда пайдо бўлиб қолишини кузатиш учун мўлжалаланган, деб ҳисоблайди.
* * *
Шу ўринда НУЖлар нега айнан Аляскада кўпроқ пайдо бўлади, деган савол келиб чиқади. Негаки, двигател қурилмаси бўлмаган, бунинг устига электромагнит тўлқинлари орқали тутишга бўй бермайдиган НУЖлар Ерга магнит кучлари чизиғи бўйлаб тушиб келаркан. Бу магнит кучлари шимолий геомагнит қутбидан жанубий геомагнит қутби томон йўналган. Дисколётлар, яъни НУЖлар шу чизиқлар бўйлаб худди поезд темир йўл устида юргандек сирпаниб силжийди. Бизга бир неча минг ёруғлик йили қадарли олис бўлган юлдуз туркумларидан учиб келаётган бундай аппаратларнинг ҳаракат механизми ғоясини фанга Калифорния технология институтининг икки астрофизиги Кип Торин ва Майкл Морис киритишган…
Америкаликлар Аляскада қурган тизим яна 36 жойдаги шундай станция (кўпроқ АҚШ ва Буюк Британия ҳудудидаги) билан боғланган бўлиб, улар биргаликда НУЖлар ҳаракатини кузатади. Владимир Васильевнинг фикрича, америкаликлар шу тизим ёрдамида “учар ликопча”ларнинг ўз ҳудудлари осмонига киришининг олдини олишни мўлжаллашган.
* * *
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, илм-фан тараққиёти эришаётган натижалар инсониятни коинот қаъридаги бизга номаълум ўзга сайёралар билан алоқа ўрнатиладиган кунларга тобора яқинлаштирмоқда. Жаҳоннинг машҳур олимлари эътироф этганларидек, XXI асрда ўзга сайёралар билан борди-келдилар оддий воқеага айланиб қолади ва бу, шубҳасиз, инсоният тафаккурини ҳам мисли кўрилмаган даражада янгилайди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 14-сонидан олинди.