Тамаки ҳақидаги илк маълумотлар қадимги юнон тарихчиси Герадот асарларида учрайди. Манбаларда Африка қитъасида яшовчи одамлар ўша даврда маълум бир ўсимлик баргларини тутатиб, шу тутунни ҳидлашни одат қилишгани қайд қилинган. Аммо бу ўсимлик ХVI асрда Колумб экспедициясига хизмат қилган кемада Европага келтирилганидан кейин оммалашиб кетди ва унинг ватани Жанубий Америка деб эътироф этилди.
Даставвал тамакини ҳидлаш, чайнаш одат бўлган. Кейинчалик эса у майдаланиб, чекиладиган бўлди. Маълумки, тамаки таркибидаги никотин ҳамда ҳар хил зарарли моддалардан иборат тутун организм учун жуда заҳарлидир.
У қондаги кислородни камайтириб юборади, бронхлар шиллиқ пардасига таъсир кўрсатиб, сурункали бронхит ва ўпка эмфиземасига сабаб бўлади. Тамаки чекувчилар оиласида нимжон, нуқсонли фарзандлар туғилиши ҳам фанда ўз исботини топган. Масалан, касалликлар орасида ўлимга олиб келувчи энг катта кўрсаткич бу — юрак қон-томир ва онкология касалликлари ҳисобланади. Уларни келтириб чиқарадиган омиллардан бири шубҳасиз тамакидир. Чекиш натижасида жигар, ўпка каби нозик аъзолар шикастланиб, ошқозон-ичак, ўпка раки, нафас олиш органларининг яллиғланиши каби жиддий касалликлар келиб чиқади. Бугунги кунда дунё миқёсида чекишга 1 миллиард 100 миллион киши ружу қўйган бўлса, йилига 8 миллион кашанда ундан келиб чиқадиган касалликлардан вафот этади. Беморлар сони йилдан-йилга камайиш ўрнига ортиб бораётгани эса жуда ташвишланарли ҳолдир. Энг ёмони, баъзи олий тоифали врачларнинг ўзлари ҳам бу зарарли одатдан четда эмаслар.
Тўғри, баъзилар қаттиқ асабийлашганидан, бирор қайғуга ўралашиб қолганидан чека бошлайдилар. Лекин инсонлар яхши кунни ҳам, ёмон кунни ҳам бундай зарарли одат билан шерикликда ўтказиши шартми? Киши чекишдан буткул халос бўлиш учун асабийлашганида бардошли бўлиши энг тўғри йўлдир.
Шу боисдан кўпгина мамлакатларда бу зарарли одатга қарши қаттиқ кураш олиб борилади. Масалан, анча йиллар олдин биринчи бўлиб Ирландия ҳукумати жамоат жойларида тамаки чекишни маън қилувчи қонун чиқарган эди. 2003 йили Франтсияда чекувчилар сонини қисқартириш учун тамаки маҳсулотларининг нархи 20 фоизга кўтарилган. Норвегияда эса 30 йилдирки, тамаки маҳсулотлари мутлақо реклама қилинмайди ҳамда ресторан, бар ва қаҳвахоналарда уни чекиш тақиқланган. Калифорния штати қонунчилигига кўра, фуқаролар жамоат биноларининг ичида ҳамда уларга олти метр яқин жойда ҳам сигарета чекиши мумкин эмас. Ҳимолай тоғларида жойлашган Бутан қироллигида эса тамакини нафақат реклама қилиш, балки уни чекиш ҳам бутунлай тақиқланган.
Адиба Норова,
Қарши давлат университети ўқитувчиси
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).