Бир замонлар Буюк Ипак йўли теграсида жойлашган, кейинчалик чўлқуварлар ва металлурглар диёри сифатида донг таратган Бекободнинг табиати ҳам ўзига хос. Айниқса, йилига ўртача 52 кун эсувчи кучли шамолининг таърифи бутун Марказий Осиёга кетган. Эни 9-40, узунлиги 70-75 километрлик “Фарғона дарвозаси” (Хўжанд) орқали кириб келадиган бу “тилсиз ёв” ҳар доим халқ хўжалигига жиддий зарар етказади, одамлар асабини обдон эговлайди. Негаки, тезлиги қишда секундига 25-30, баъзан 40-45 метрга етади, ёзда 15-20 метр атрофида бўлади. Бир эсганда икки кундан беш кунгача тиним билмайди. Қутурган кезлари меваларни беомон тўкади, экинларни синдириб, нобуд қилади, тупроқнинг унумдор устки қисмини ялаб кетиб, ҳосилдорликни пасайтиради. У ариқ-зовурларни кўмиб юборган, вагонлар, машиналар ва симёғочларни ағдариб, томларни учириб кетган пайтлар ҳам кўп бўлган.
Ана шу боис бекободликлар бирор ишга қўл уришдан олдин шамолнинг таъсирини албатта ҳисобга оладилар. Томорқа ва дала юмушларини бажариш, экинларни парваришлаб, ҳосилни саранжомлаб олишда ҳам унинг “раъйи”га қарайдилар. Масалан, кўпинча шамол тўхташи биланоқ ёмғир ёғишини, мабодо, у қибладан эса бошласа, ҳаво совишини унутмайдилар ва шунга яраша тараддуд кўрадилар. Айни чоғда, эрта кўкламдаги қаттиқ шамол ернинг тез қуришига, кеч куздагиси пахта кўсакларининг барвақт очилишига хизмат қилишини ҳам яхши биладилар. Бу маҳаллий аҳолининг асрлар оша шаклланган тажриба ва кўникмаларидан бири ҳисобланади.
Табиат ва инсон ўртасидаги муносабатларга оид бунақа мисолларни республикамиз ёки дунё миқёсида кўплаб келтириш мумкин. Зеро, деҳқончилик ва чорвачилик соҳасида бугун-эрта нималар қилиш лозимлигини аниқ билиш, яқин келажакни олдиндан тасаввур этиш одамзод фаолиятида ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Бу эса кўп жиҳатдан уни ўраб турган борлиққа, айниқса, табиий шароитлар ва атмосфера ҳодисаларига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам аҳли башарият азал-азалдан жонли ва жонсиз табиатни, наботот ва ҳайвонот дунёси сир-асрорларини билишга қизиққан. Ҳали илм-фан ривожланмаган даврлардаёқ Қуёш, Ой ва юлдузларни, коинот ва атмосфера ҳодисаларини синчковлик билан кузатиб келган. Айтайлик, қўй-қўзилар ва қорамолларни яйловларга олиб чиқиш ёки қишлов жойларига қайтариб келиш, қайси уруғ ва кўчатни қачон экиш ва парваришлаш ёки ҳосилини ўриб-йиғиб олиш муддатларини аниқлаш ниятида астрономик ва метеорологик кузатувлар олиб борган, йил, ой, кун ҳисобини юритиб, тўпланган тажрибалар асосида иш тутишга одатланган. Шу зайл халқ астрономияси, космографияси, метеорологияси, тақвими ва агрометеорологик тақвим вужудга келган.
Замонлар ўтгани сайин аждодларимиз иқлим ва об-ҳаво ўзгариши муайян изчилликда ва бир маромда рўй беришини пайқай бошлашган. Гарчи бу ҳолатларнинг туб сабаблари ва қонуниятларини аниқ билишмаса-да, табиий ҳодисалар такрорланиши ҳақида муайян тушунчаларга эга бўлишган ва улардан ўзлари учун тегишли сабоқлар чиқариб олишган. Астрономик ва метеорологик кузатишлар натижаларини жамлаб, фасллар ва ойларнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлашган. Ҳатто, парранда-ю даррандалар, майда жониворлару қурт-қумурсқаларнинг хатти-ҳаракати ва қилиғига қараб, қай пайтда ва қандай вазиятда ёғингарчилик бўлиши ёки тинишини, ҳаво исиши ёки совишини олдиндан айтиб беришган. Бундай хулосалар тобора кўпайиб, авлоддан авлодга бебаҳо мерос бўлиб қолган.
Тўғри, оддий халқнинг башоратларидан баъзилари билимсизлик маҳсули бўлган, айримлари тахминий фараз ва уйдирмаларга қоришиб кетган. Аммо аксариятининг мазмун- моҳияти табиат ҳодисаларининг содир бўлиши ва махлуқотларнинг ўзини нечоғли тутишига шу қадар мос тушганки, уларнинг ҳақиқатга жуда яқинлигини эндиликда замонавий илм-фан ҳам инкор этмайди. Келинг, шу ўринда сўзимизнинг исботи сифатида айрим мисолларга мурожаат этайлик:
– бурга қутурса, асалари уясидан чиқмаса, қалдирғоч паст учса, қора қарға ўйнаса, от хирилласа – об-ҳаво айнийди;
– ҳавода чивин ўйнаса, қумурсқа қанотланса, ўргимчак тўр тўқиса, чувалчанг ер юзига, қисқичбақа қуруққа чиқса, қурбақа қаттиқ қурилласа, илон исинса, қалдирғоч чўмилса, қарға паст учса, турна сайраса, мушук эшикни тимдаласа, от тепинса, сигир сутини тортса, буғдой ўрганда ўроқ кўкарса, ўримдан кейин анғиздан сув чиқса, ариқ суви кўпикланиб оқса, кунчиқар тарафдан ел эсса, юлдузлар кичик кўринса, камалакнинг икки учи сувга “тушса”, кун қаттиқ исиса, шудринг тушмаса, тутун юқорига ўрламаса, – ёмғир ёғади;
– камалак пайдо бўлса – ёмғир тинади.
– қушлар чуғурлашса – ҳаво очилиб кетади;
– паррандалар пастлаб учса, қарға қағилласа, туя ўйинга тушса – қор ёғади.
– ит қорда ўйноқласа, от йўлга ётса – бўрон туради;
– чувалчанг ерга кирса, қалдирғоч баланд учса, бойўғли сайраса, ўрдак чўмилса, ғоз бошини яширса, тумшуғини тақиллатса, бир оёғи ёки тумшуғини қаноти орасига тиқса, ит қорга ағанаса, сигир орқа оёғини қалтиратса, эрталаб қуёшни туман беркитса, булут сийрак бўлса, камалакнинг икки учи тоққа “минса” – совуқ бўлади;
– чигиртка чирилласа, ғоз ювинса, ўрдак қичқирса, турна ўйинга тушса, ит йўлга ётса, от пишқирса, сигир ётса – ҳаво исийди.
– эрталаб офтоб қизариб чиқса – ҳаво булутли бўлади ёхуд қор-ёмғир ёғади.
– қуёш қизариб ботса ёки у ботаётганида уфқ алвон тусга кирса – эртанги ҳаво очиқ бўлади, ёғингарчилик кутилмайди.
Бу янглиғ аломат ва башоратларнинг кўпчилиги тадқиқотчи А.Жабборовнинг “Фан ва турмуш” журналининг 1969 йилги 12-сонида босилган “Халқ каромати” сарлавҳали мақоласида батафсил баён этилган, айримлари эса 2001 йили чоп этилган “Маънолар махзани” китоби муаллифлари Шотурсун Шомақсудов ва Шуҳрат Шораҳмедов томонидан бевосита эл оғзидан ёзиб олинган.
Яна бир гап. Ота-боболаримизнинг борлиқ ва об-ҳавога доир теран фикр-мулоҳазаларидан аксарияти вақт ўтиши билан сайқаллаган ва ҳикмат дурдоналарига айланиб, бизгача етиб келган. Уларда халқимизнинг донолиги, зукколиги ва синчковлиги, коинот сир-асрорларидан яхши хабардорлиги, узоқни олдинда кўра билиши ўз аксини топган. Масалан, “Ой қўтонласа – ойда ёғар, кун қўтонласа – кунда ёғар” деган мақолни олайлик. Бу ўринда “қўтонласа” дейилганда, Ой ва Қуёш атрофида пайдо бўладиган нурли ҳалқа назарда тутилади. У атмосферадаги оптик ҳодисалардан бўлиб, эл наздида ёмғир даракчисига йўйилади. Буни ҳозирги илм ҳам тўғри деб ҳисоблайди.
Америкаликлар эса ой атрофидаги ҳалқани қор ёғишидан, қуёш атрофидаги ҳалқани ёмғир ёғишидан нишона деб билишади. Метеоролог Ф.Форрестернинг “Об-ҳаво ҳақида минг бир савол” китобида бунинг сабаби қуйидагича изоҳланади: Қуёш ва Ой ён-веридаги ёруғ ҳалқа ер юзасидан тўққиз километрча баландликда барра булутлар қатлами борлигини англатади. Улар кўпинча атмосферанинг паст босимига боғлиқ иссиқ оқим яқинлашаётганидан далолат беради. Қуёш ёки Ой атрофида ҳалқа пайдо бўлгач, ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли туғилади. Ҳалқа қанча ёруғ бўлса, бу эҳтимол ҳақиқатга шунча яқинлашади. Кузатувлар жараёнида ҳалқа кўринган ҳар уч ҳолатдан иккитасида кўпинча 12-18 соатдан сўнг қор ёққани аниқланган.
Юқорида тилга олинган мақолнинг “Ой ўтовласа, ойлик ғамингни е, кун ўтовласа, кунлик ғамингни е”, “Ой қуланса (яъни қўтонласа), оёғингни узат, кун қуланса, курагингни тузат”, “Йил бошидан қўрқма, ой бошидан қўрқ”, “Ойнинг бешидан қўрқма, бошидан қўрқ” каби муқобиллари ҳам бор. Уларнинг дастлабкиларида “Ой гирдида доирасимон ҳалқа пайдо бўлса, ёмғир ёғади, барибир, бирор иш қилолмайсан, яхшиси, оёғингни узатиб, дамингни ол. Айни ҳолат Қуёш атрофида кузатилса, қор ёғади, демакки, томингни тозалаш учун курагингни тайёрлайвер” деган маъно мужассам. Кейингиларида эса ҳар ой бошида ҳаво бир айниши, бемаҳал ёғингарчилик ёки совуқ бўлиши мумкинлиги эслатилган. Шу боис ўтмишда деҳқонлар ой бошидан хавотирланганлар. Кўчманчи чорвадорлар унинг уч кунини ўтказиб, сўнгра йўлга отланганлар. Тўйларни ҳам шу фурсатдан кейин ўтказганлар.
Мозийдан мерос “Ой бошида кун ё тузалар, ё бузилар”, “Ой ўзига тинч, одамларга нотинч”, “Ой чалқанча туғса – ой бўйи аёз” сингари мақоллар ҳам бежиз яратилмаган. Халқ тушунчасига кўра, янги чиққан ойнинг “ўроғи” тик бўлса, у ўзига нотинч ҳисобланади ва об-ҳаво қулай келади. Борди-ю, ўроғи чалқанча ётган бўлса, ой ўзига тинч саналади ва об-ҳаво айниб, кутилмаган совуқ ва ёғингарчилик бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Мутахассисларнинг уқтиришларича эса, аслида ойнинг об-ҳавога таъсири жуда суст. У фақат атмосфера тўлқинларининг бир озгина кўтарилишида намоён бўлади. Шундай эса-да, Ой кўриниши атмосфера шароитларига боғлиқлигини назарда тутсак, ундаги ўзгаришларни нималаргадир йўйувчи нақлларни бирмунча ўринли дейиш мумкин. Лекин об-ҳавони Ой фазалари билан боғлаб кўрсатувчи мақолларни асосли деб бўлмайди.
Энди “Ойга қараб адашсанг, отингни “Олтин қозиқ”қа боғла” деган мақол замиридаги маънога эътибор қаратайлик. Ш.Шомақсудов ва Ш.Шораҳмедовларнинг таъкидлашларича, халқимиз бу нақл орқали тунда адашмаслик ва йўл топиш чораларини ўргатган. Чунки ўтмишда узоқ сафарга отланганлар, бепоён дашту биёбонлардан ўтиб бораётганлар ўша кезлар компас яратилмагани боис гоҳо йўлдан адашганлар. Ана шундай вазиятларда Қутб юлдузи, халқ таъбири билан айтганда, “Олтин қозиқ” уларнинг жонига аро кирган. Боиси, у самодаги жамики ёритқичлар орасида энг муҳимларидан ҳисобланади. Ернинг хаёлий ўқи ўтадиган нуқтага яқин бўлгани учун киши назарида бамисоли ерга қоқилган қозиқдай жойидан қўзғалмайдигандек ва у ён-бу ёнга қимирламайдигандек туюлади. Шунга кўра, ота-боболаримиз уни “Темир қозиқ” ва “Олтин қозиқ” деб аташган. Энг муҳими, бу юлдуз дунёнинг шимолий қутбига жуда яқин турган чоғида ҳамиша шимолни кўрсатади. Демак, агар сиз Қутб юлдузига юзлансангиз, олд томонингиз – шимол, орқа томонингиз – жануб, ўнг тарафингиз – шарқ, сўл тарафингиз – ғарб бўлади. Ой эса бир жойда муқим турмайди. Бинобарин, унга ишонган одам манзилдан янглишади. Шунинг учун ҳам аждодларимиз Қутб юлдузидан шимолни кўрсатувчи маёқ сифатида фойдаланишган. “Агар ойга умид боғлаб, доғда қолган бўлсанг, отинг бошини “Олтин қозиқ” сари буриб, мўлжални ростлаб ол. Шунда асло афсусланмайсан”, демоқчи бўлишган.
Кўриб турибсизки, одамзод ҳаётини табиат ва коинотдан айро тасаввур этиб бўлмайди. Инсон мудом борлиқ оғушида бўлади, ундан таъсирланади, ундан завқ-шавқ, ибрат ва сабоқ олади. Шу боис у билан ҳисоблашиб яшашга интилади. Биз бу оддий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак!
Абдунаби Ҳайдаров