Агарда, киши кунига 50 саҳифадан ўқиса, 50 йилда 300 бетли китобдан 3 мингта мутолаа қиларкан. Хўш, бу озми, кўпми? Албатта, кам, жуда-жуда оз!
Оноре де Бальзак ҳар қандай романни ярим соатда тугатган. Наполеон Бонапарт бир дақиқада 2000 сўзни ўқий олган. Пушкин, Чернишевский каби кўпгина даҳолар ҳам айни “беллашув”да бағоят чапдаст эдилар.
Эътибор берсангиз, айрим кишилар овоз чиқариб ўқишади, лаблари, ҳатто юздаги мускулларигача ҳаракатланиб туради. Бу ҳолда одамнинг кўриш сезгисидан кўра эшитиши фаол бўлади, ваҳоланки, мутолаа табиатан кўз билан амалга оширилади. Овоз чиқариб ўқийдиганлардаги жараён эса кўриш-сўзлаш-эшитиш занжирига айланади-да, мия қабул қиладиган дақиқалик сўзлар адади 120-150 тага камаяди…
Тез ўқишга қандай эришиш мумкин? Бу саволга муайян жавоб ва тавсиянома тайёрлаш мушкул. Бунинг баҳсли жиҳати ҳам борки, мутолаа мутлақо хусусий машғулот: бировнинг усули бошқа бировга хил келавермайди…
Икки йилча бурун бир олий мактабдаги анжуманда айни хусусда гап очилди.
– Илм ва ижод аҳли учун ҳажмидан қатъий назар, битта китобнинг бир неча кунлаб ўқилиши ниҳоятда сусткашлик, – деди нотиқлардан биттаси. – Шундай бўлсинки, кунига бир неча адабиёт қўлимиздан ўтсин, кўз ва мияни шунга мослаштирса бўлади. Ҳатто, сатр бўйлаб ўнг тарафгамас, юқоридан пастга қарата бутун саҳифани ёки абзацни кўз доирасига қамраб олиш мумкин…
Сўнгра у мисоллар келтирди, Наполеонни, Бальзакни айтди. Лекин кейин сўзга чиққанлар маъқуллашгани йўқ:
– Мен бундай мутолаани умуман тан олмайман, – деди олимлардан бири.
Ректор эса шартта кесди:
– Тез ўқишнинг нима кераги бор? Китобнинг сўнгги саҳифасигача кўздан ўтсин, то тиражиниям қараб қўяйлик. Айниқса, талабаларга бунақа тавсия кони зарардир…
Бугун анчагина одамлар китобдан фойдаланишади. Бу ҳам анъанавий ўқиш жараёни, фақат кўз ва сезги ўзи шунга мослашганки, керакли ўринни топади, ўша сатрларни (сўзларни) кўради ва қабул қилади.
Хўш, тез ўқиш шунчалар зарурми ўзи? Келинг, мантиқлироқ фикр юритиш учун бирор аниқ мавзуга мурожаат қила қоламиз. Соҳибқирон Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кимлар ёзмаган дейсиз: уларга замондош муаррихлар, адиблар, шоирлар, кейинги асрлардаги муаллифлар, ажнабий олимлар. Фикримиз қуруқ бўлмасин: “Захириддин Мухаммад Бабур, Бабуриды, библиография” (Москва, “Восточная литература”, 2016, 1183 стр.) китобида Бобур ҳақидаги 7000 асар бирма-бир қайд этилган. Бу минглаб муаллифлар турли макон ва замонга мансуб, бир-бирини танийди ё танимайди. Икки буюк тарихий шахс ҳақида бунчалар мўл-кўл китобларда такрорнинг ва бадиий тўқималарнинг сон-саноғи йўқ. Тез ўқиш малакаси шу ўринда зарурки, “ихтисослашган” кўз ўша тўқимаю такрорлардан ҳатлаб ўта олсин-да. Ёки Темур ва Бобур мустақиллик йилларида илмий ва бадиий ижодда етакчи образ бўлиб қолишди. Уларни ҳам саралаб (тезроқ) ўқишнинг зиёни йўқ бизнингча.
Ўттиз йилдан ошибдики, Сталин ҳақида айтилмаган-дейилмаган гап қолгани йўқ. Берияни қўлга олиш тафсилоти эса муаллифларда турлича талқин этилади. Энди буларни вақтни зое қилмай ўқий олиш фақат китобхонга, ундаги мутолаа санъатига боғлиқ.
Хотиржам ўқиш фазилатдан холимас, албатта. Бунга зинҳор-базинҳор қаршилигимиз йўқ. Аммо яна статистикага мурожаат қиламиз: ҳафтада битта китоб десак, бир йилда 52 та, ўн йилда 520 та бўлади. Таъкидлаймизки, Александр Дюма, Жюль Верн ва Лев Толстой қаламига мансуб жилдларнинг ўзи 520 тадан ортиқ. Чунончи, А. Дюманинг тўлиқ асарлар тўплами 1864–1884 йилларда чоп этилиб, 301 та китобдан иборат эди. Ёхуд Толстойнинг 1928–1958 йиллари нашр этилган 90 томлиги бор. Жаҳонда, республикамизда, ё муайян нашриётда йилига қанчалаб китоб чиқишини айтсак, сўзимиз чувалашиб кетарди. Лекин шундай бўлса-да, мамлакатимизнинг бош маърифатхонаси – Миллий кутубхона фонди 7,3 миллион эканини таъкидлашимиз жоиз, жадал ҳаракат қилиб, кунига ўнтадан китобни кўздан кечирдик дейлик: 7,3 миллионлик Миллий кутубхонамизда 2000 (икки минг!) йил муттасил шуғулланишимиз зарур.
Алқисса, китобни тез ўқимасак иложи йўқ. Ҳали газета-журналлар, умид билан интернетга “сенсация” ташлаган блогерлар турибди, сайтлар ва ҳоказолар ҳам бор. Ҳаммасига назар солиш учун фақат тез ўқиш керак, бошқа йўл йўқ-да.
«Hurriyat» газетаси, 2020 йил 5 август