Касалликлар орасида диабет, соддароқ қилиб айтганда, организмда моддалар алмашинуви бузилиши туфайли юза келадиган ва сийдик кўпайиши билан изоҳланадиган касалликлар хавфлилиги ҳамда асорати жиддийлиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Булардан қандсиз ва қандли диабет кўпроқ учрайди.
Қандсиз диабет миядаги кўрув бўртиғи остки қисмининг шикастланиши сабабли антидиуретик — кўрув бўртиғи остки қисмининг супраоптик асаб ядроларида синтезланиб, бош миянинг пастки ортиғи орқа бўлагига ташиладиган ва қонга ажраладиган кичик молекулали, физиологик аҳамиятга молик нейрогипофезиал пептид гормон (шира суюқлиги)нинг кескин озайиши, без ҳужайралари фаолияти бузилиши эвазига пайдо бўладиган эндокриник хасталикдир. У чанқаш, кўп сийиш, жинсий функциянинг сусайиши, ёш болаларнинг жисмоний ва жинсий ўсишдан ортда қолиши, сийдикнинг солиштирма оғирлиги камайиши билан ифодаланади.
Қандли диабет эса меъда ости бези ҳужайралари ишлаб чиқарадиган биологик фаол модда — инсулиннинг мутлақо ёки нисбий етишмаслиги ва моддалар, биринчи галда, углеводлар алмашинуви ўзгариб, сийдик ва қонда қанд моддаси кўпайиши натижасида вужудга келади. Унга ирсий мойиллик, нобоп меҳнат ва турмуш шароитлари, кучли асабий-руҳий кечинмалар, нотўғри овқатланиш, вирусли ва аллергик касалликлар, организмда ташқи ёки ички манбадаги заҳарли модда таъсирида рўй берадиган ва умумий заҳарланишга олиб келадиган патологик ҳолат ва бошқалар сабабчи бўлиши мумкин. Бу касалликда қонда қанд миқдорининг ортиши, кўп суюқлик ичиш, кўп миқдорда сийиш, озиб кетиш, мадорсизланиш, бадан қичишиши, бир талай чипқон чиқиши, кўз қон томирларида умумий босимнинг кўтарилиши, сурункали яллиғланишлар туфайли бириктирувчи тўқималарнинг ўсиб, қаттиқлашиб қолиши, томир торайиб, кўз тўр пардаси асаб толаларининг заифлашиши ва кўришнинг сусайиши, қон томир тизимининг шикастланиши, глюкозурия, кетоацидоз ва бошқа аломатлар кузатилади.
Ўз навбатида, қандли диабет икки турга бўлинади. Инсулин мутлақо етишмаслиги билан боғлиқ 1-тури асосан ёшларда учрайди. Унга йўлиққанлар умрбод инсулин олиб юрадилар. Инсулиннинг нисбий етишмаслигига дахлдор 2-тур қандли диабет эса тўқималарнинг бу моддага нисбатан сезгирлиги пасайиши ёки эҳтиёжи ошиши орқали келиб чиқади. Кўпроқ катта ёшли ва тўладан келган одамларда хуруж қилади ҳамда 1-турга нисбатан енгил кечади.
Бинобарин, диабет ўта жиддий хасталик. У охирги пайтларда бамисоли юқумли касалликдек кенг тарқалмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, ҳозир Курраи заминимизда бу дарддан 70 миллиондан зиёд одам озор чекмоқда. Энг ачинарлиси, диабет организмга сездирмай-билдирмай, зимдан путур етказади. Касалланган томирлар, аввало, миокард инфаркти ва инсультга доялик қилади. Иккинчидан, кўзнинг кўриш қобилиятини қисман ёки батамом йўқотади. Учинчидан, осонликча битмайдиган яралар, оёқ кафти қорасони ривожланишига туртки беради.
Касалликнинг асоратлари ҳам таҳликали. У туфайли алмашинуви бузилган ёғсимон моддалар артерия ички қаватида тўпланиб, бириктирувчи тўқималар ўсиб кетади. Қарабсизки, қоннинг умумий ва маҳалллий айланиши билан бирга кечадиган сурункали бошланғич атеросклероз ҳамда орқа миянинг асаб илдизлари ва улардан бошланадиган асаб толалари касаллиги урчийди. Артерия ва вена қон томирларида босим кўтарилиб, уларнинг ички девори бекилиб қолади. Юрак толиқади, жигар ва сафро чиқарувчи узвлар, нафас органлари ва тери касалланади. Сиртқи асаблар зарарланиб, барча толалари бирваракайига ўткир яллиғланади, улар бўйлаб шиддатли оғриқ тарқалади. Қонда қанд миқдорининг кўпайиши, инсулиннинг кескин етишмовчилиги, жинсий органлар ҳамда иккиламчи жинсий белгиларнинг етарли даражада ривожланмаслиги яққол сезилади.
Қандли диабет қадим-қадимдан маълум эди. Эрамиздан олдинги VI асрда яшаган Ҳиндистон тиббиёт тизими асосчиси Сушрута яратган олти китобдан иборат қўлланмада бу хасталикка чалинган беморларни даволаш учун тавсия қилинган, асосан ўсимликлардан тайёрланган 760 та малҳам тилга олинганди. Улар орасида ширин моддалар ҳам бор эди.
Тиббиёт луғатига диабет (юнонча “орқали ўтиш”) сўзининг киритилиши ва ушбу касалликнинг “тана ва мучаларнинг сийдикка сингиши” деган бағоят аниқ таърифи эрамизнинг I-II асрларида яшаган юнон табиби Аретей Каппадокийскийга тегишлидир. У, гарчи “қандли диабет” нималигини теран тушунтириб беролмаган бўлса-да, унинг асосий белгилари ҳисобланмиш, ўша пайтларда “буйрак заифлиги” деб аталмиш сийдик беҳоллигини рад этди. Бироқ оғир дарднинг пайдо бўлиши омилларидан хабардорлик уни даволаш муаммосини ҳал этолмади. Шифокорларнинг бу борадаги уринишлари зое кетди. “Диабет” ташхиси ўлим ҳақидаги ҳукм каби янграйдиган бўлиб қолди.
Европада “қандли диабет” ташхиси ХVII асрда пайдо бўлди. 1621-1675 йилларда яшаган машҳур инглиз анатоми ва шифокори Томас Уиллис (Виллизий) биринчилардан бўлиб, диабетнинг “туғилиши” организмда қанд миқдорининг ошишига боғлиқ деган ғояни олға сурди. Уни аниқлашда эса тилидан фойдаланди (Эслатиш жоизки, органолептик, яъни атроф-муҳит объектлари сифатини инсон сезги органлари ёрдамида аниқлашга асосланган бу усул то ХХ асргача, аниқроғи, унинг ўрнини кимёвий тадқиқотлар эгаллагунга қадар барча мамлакатлар лабораторияларида изчил қўлланилди). 1664 йили диабетга чалинган бемор пешобини татиб кўрган Уиллис у ширин таъмли эканлигига амин бўлди. Бироқ ўша кезларда бу “топилма”га ҳеч ким етарли даражада эътибор бермади. Фақат орадан 100 йил ўтгач, бошқа бир инглиз шифокори П.Добсон диабетиклар пешоби таркибида узум шакари — глюкоза бўлишини исботлаб берди.
XVIII аср охири – XIX аср бошида эса қандли диабет ошқозоности бези шикастланишига қандайдир даражада алоқадорлиги баён этилган илмий ишлар яратилди. Немис гисталоги ва анатоми П.Лангерганс 1869 йили бу безда алоҳида ҳужайралар борлигини аниқлади. Улар кейинчалик ўз кашфиётчиси номи билан “Лангерганс оролчалари” деб аталди. Лекин бу ихтирога оид илмий далиллар анча кейин тўпланди. 1889 йили эндокринолог Й.Меринг ва физиолог О.Минковский П.Лангерганс қайд этган ҳужайраларнинг олиб ташланиши қандли диабетни келтириб чиқаришини амалий нуқтаи назардан тасдиқлашди.
Бунга улар ошқозоности безларининг ҳазм қилиш жараёнидаги аҳамиятини ўрганишаётганида содир бўлган тасодифий воқеа ёрдам берди. Аниқроғи, бир оқшом тажриба учун танланган итни жарроҳлик столида қолдириб кетган шифокорлар эртаси эрталаб ишга келиб, жониворнинг ажратилган меъда ости безига пашшалар чунонам ёпишиб олганини кўришди. Текшириш жараёнида бу ҳашаротларни итнинг сийдиги таркибидаги керагидан ортиқча шакар ўзига жалб этгани ойдинлашди. Шу асосда олиб борилган тадқиқотлар ошқозоности бези касалланган итларда уларнинг бемаврид ўлимига сабаб бўлувчи қандли диабет аломатлари кучайишини кўрсатди.
Рус тадқиқотчиси Л.Соболев ҳам ушбу муаммога ечим топиш ниятида қатор тажрибаларга қўл урди. Эришган натижаларини 1901 йили китоб ҳолида чоп этди. Бироқ бошлаган ишини охирига етказа олмади, қирчиллама ёшида оғир дардга йўлиқиб, дунёдан ўтди.
1916 йили инглиз физиологи Э.Шарпи-Шефер ошқозоности безларидаги оролчасимон безли тўқималар қондаги қанд миқдорини тартибга солиб турувчи гормон ишлаб чиқаради деган фаразни ўртага ташлади ва ўша моддани инсулин деб аташ таклифини киритди.
Л.Соболев ва Э.Шарпи-Шефернинг ишларини кейинчалик канадалик олим Фредерик Грант Бантинг жадал давом эттирди. Бунинг ўзига хос сабаби бор эди. 1891 йил 14 ноябрда Аллистондаги фермер оиласида туғилган Фредирик мактабни тугатиб, ота-онаси истагига кўра, Торонто университетининг диний таълим йўналишидаги факультетига ўқишга кирди. Аммо қадрдон дўсти ва синглиси диабетдан вафот этгач, унинг ўй-хаёлини бу мудҳиш касалликка қарши курашиш воситасини топиш фикри буткул банд этди. Шу боис диний факультетда ўқишдан воз кечиб, тиббиёт факультетида таҳсил кўришга аҳд қилди. 25 ёшида тиббиёт бакалаври даражасини олгач, Канада тиббиёт корпуси сафида фронтга отланди. Икки йил давомида Англия ва Францияда ҳарбий жарроҳ сифатида хизмат қилиб, жанговар хоч билан мукофотланди. 1918 йили Камбреда бўлган жангда оғир яраланиб, Лондондаги госпиталда узоқ даволанди. Соғайгач, Канадага қайтди. Ҳаял ўтмай, Лондонда ихтисослиги бўйича амалиётни ўтай бошлади. Шунинг баробарида тиббиётнинг суяк иллатларини ўрганиш ва даволаш билан шуғулланадиган бўлими – ортопедияни пухта ўзлаштирди. 1919-1920 йилларда Торонтодаги болалар шифохоналаридан бирида ишлади. Сўнгра Жанубий Онтарио университетининг профессори ассистенти сифатида талабаларга ортопедиядан сабоқ берди. 1921-1922 йилларда эса Торонто университетида фармакологияга оид лекциялар ўқиди. Ўша даргоҳда докторлик ишини ёқлаб, олтин медаль соҳибига айланди.
Унинг диссертацияси мавзуси, талабалик даврида онт ичганидек, хунук хотима топувчи қандли диабетга бағишланди. Бу борадаги тадқиқотлар 1920 йил октябридан бошланди. У М.Барроннинг меъда ости бези томирининг сафро тоши билан яллиғланиши ва ациноз тўқималар атрофияси (тирик организм ҳужайралари, тўқималари ва аъзоларининг кичрайиб, фаолиятининг сусайиши ёки бутунлай тўхтаб қолиши) кучайишини блокада қилиш (орган ёки унинг бирор қисми фаолиятини тўхтатиш)га бағишланган мақоласини ўқиди-ю, астойдил ишга киришди. Диабет бўйича етакчи мутахассис ҳисобланган кафедра мудири, профессор Жон Маклеодга илмий тажрибалар ўтказишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Афсуски, профессор унинг илтимосини инобатга олмади.
Бантинг барибир бўш келмади. Тўплаган озгина жамғармаси ва ўз ассистенти Чарльз Бест бейсбол мусобақаларига қатнашиб топган пулга тажриба учун кучуклар сотиб олди. Жон Маклеод рўйхушлик бермаганига қарамай, сафарга кетган чоғлари икковлон унинг лабораториясида ошқозоности безини тадқиқ этиш юзасидан изланишлар олиб боришди. Пировардида соғлом итларнинг бу аъзосидан қондаги қанд миқдорини камайтирувчи, юқори биологик фаолликка эга “Лангерганс оролчалари” гормони — инсулин ажратиб олишди. 1921 йил 27 июлда эса соф ҳолдаги экстрактни касал касал итларда синаб кўришди. Самараси чакки бўлмади, жониворлар қонидаги қанд концентрацияси дарҳол камайди.
Фредерик ва Чарльз ўша йили Торонто университетининг “Физиологик журнал” клуби мажлисида ўз тадқиқотлари натижалари ҳақида ахборот беришди, шунингдек, Нью-Хейвендаги Америка физиология жамияти аъзолари олдида чиқишлар қилишди. Уларнинг тадқиқотлари истиқболига ишонган Маклеод ҳам қараб турмади. Кафедрасининг бор имкониятларидан инсулин олиш ва уни тозалаш йўлида фойдаланди. Эзгу ишга тажрибали биокимёгар Д.Коллинни ҳам жалб этди.
1922 йил январида Бантинг ва Бест янги препарат таъсирини инсон организмида синовдан ўтказишди. 10 та шартли бирликдан иборат янги дорини қўллаш диабетик кома ҳолатида госпиталга ётқизилган, инсулиннинг кескин етишмаслиги боис қонида қанд миқдори кўпайган 14 ёшли болани муқаррар ажалдан сақлаб қолди. Шундай бахтга эришган навбатдаги мижоз Бантингнинг ҳамкасби ва садоқатли ёрдамчиси Жилкрист бўлди. Аста-секин ўлим жари ёқасидан қайтган беморлар сони кўпайди.
Шундай қилиб, асрлар оша бедаво саналган диабетнинг давоси топилди. Бантинг яратган янгилик халқаро миқёсда эътироф этилди. Торонто университети уни “Reeve Prize” билан мукофотлади, Канада парламенти эса умрбод бериладиган 7500 долларлик рента (доимий даромад) тайинлади. 1923 йили Бантинг Маклеод билан бирга Нобель мукофоти совриндори бўлди ва ўзи олган мукофотнинг бир қисмини илмий ҳамкори Бестга илинди. 1934 йили у Лондон Қироллик жамияти аъзолигига сайланди. Иккинчи жаҳон уруши бошида кўнгилли равишда Канада армиясида алоқа зобити сифатида хизмат қилди. Афсус, умри қисқа экан, 1941 йил 21 февралда Ньюфаундлендда рўй берган авиафалокат чоғи ҳалок бўлди.
Орадан 13 йил ўтгач, инглиз биокимёгари Ф.Сенгер инсулиннинг кимёвий тузилишини аниқлади. Шунга кўра, Нобель мукофоти совриндорлари сафидан ўрин олди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида эса бирйўла икки мамлакат олимлари – америкалик ва германиялик тадқиқотчилар инсулинни лаборатория шароитида тайёрлашни йўлга қўйдилар.
Зеро, инсулин қандли диабетни даволашда қўлланиладиган асосий дори ҳисобланади. У илгари фақат қорамолларнинг меъда ости безидан олинарди. Кейинчалик кимёвий ва ирсий муҳандислик йўли билан ҳам ҳосил қилинадиган бўлди.
“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.