Биз ўзаро мулоқот чоғи “эфир” деган каломни тез-тез тилга оламиз. У аслида юнонча “aither” сўзидан олинган бўлиб, турли маъноларда ишлатилади. Масалан, оддий сўзлашув тилида “осмон”, “кўк”, “фалак”ни, физикада радиотўлқинлар тарқаладиган самовий муҳитни, юнон афсонасига кўра, Олимп тоғи чўққиси етган ва олимп худолари жойлашган энг юксак маконни, XIX асрдан XX асрнинг 20-30-йилларигача яшаган физиклар тасаввурича, фазони тўлдириб турувчи соф-шаффоф ҳаво қатламини англатади. Кимёвий жиҳатдан техникада эритувчи, тиббиётда юқумли касалликлар микробларини йўқотиш ҳамда жарроҳлик операцияларида наркоз воситаси сифатида қўлланиладиган хушбўй, рангсиз, учувчан суюқ органик бирикманинг номи ҳисобланади. “Наркоз” эса ўзбекчада “карахтлик”ни ёки “гапиролмай, донг қотиб қолиш”ни билдиради.
Одам танасига эфир юборилганда марказий асаб ҳужайралари фаолияти тормозланади. Натижада тўлиқ ёки қисман беҳушлик, оғриқ сезгисининг йўқолиши ва ҳаракатсизлик билан кечадиган чуқур уйқу аралаш карахтлик ҳолати вужудга келади. Бундай вазиятда инсон ҳеч нарсани ҳис этолмайди ва ихтиёрий ҳаракат қилолмайди.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, этни ўлдирувчи дорилар ўрта асрларда пайдо бўлган. Жумладан, спиртли наркоз амалиётга кирган. 1540 йили Парацельс ухлатиш хусусиятига эга “ширин купорос“ни, замонавийчасига айтганда, олтингугуртни яратган. Худди ўша даврда немис олими Валерий Кордано сульфат кислота ёрдамида спиртдан нафасни яхшилашга хизмат қилувчи эфирни олган. Афсусланарлиси, унинг фойдали таъсирини ҳеч билмагани туфайли бу кашфиёт қарийб икки аср эътибордан четда қолган. 1729 йили лондонлик мутахассис Фробен томонидан қайта ихтиро қилингач, лабораторияларда кенг ишлатиладиган бўлган.
Ва ниҳоят, инглиз кимёгари ва файласуфи Жозеф Пристли 1776 йили одамни маст қилгани боис сархушлантирувчи газ номини олган азот чала оксидини кашф этди. Унинг йигирма ёшли ватандоши Хемфри Дэви ўзи ўтказган тажрибалар асосида бу модда оғриқни вақтинча йўқотиш омили ҳам эканлигини исботлади. Буюк табиатшунос, физик ва кимёгар, электрмагнит майдон таълимоти асосчиси Майкл Фарадей эса 1818 йили олтингугурт эфиридан нафас олиш азот чала оксиди сингари кишини карахтлантиришини аниқлади. Таажжубки, лабораторияга кирган талабалар бу кашфиётдан эрмак ўрнида фойдаланишар, дам-бадам уни искаб кўнгилхушлик қилишар, сархушликдан думалаб ва ичаклари узилгудек бўлиб, қотиб-қотиб кулишарди. Кўпроқ нўш этганлари ўзини бошқаролмайдиган маст кимсадек чайқалар, алмойи-жалмойи гапларни айтиб валақлар, эс-ҳушини йиғиб олгач, нималар қилганини эслай олмасди.
Ўша кезлар бостонлик таниқли шифокор ва кимёгар Чарльз Жексон изчил равишда илмий изланишлар олиб борарди. Бир сафар томоғи хлордан хиппа бўғилиб қолди-ю, ёзма манбалардан оғуга қарши дорини излашга киришди. Китобларда бундай дамларда галма-галига аммиак ва эфирни ҳидлаш зарурлиги қайд этилганди. Чарльз шундай қилди. Барибир, нафи тегмади, тун бўйи мижжа қоқмай, азоб тортди. Эрталаб дастрўмолчасини эфирга обдон бўктириб, буғини ютоқиб симирди ва шу заҳотиёқ дарди ариганини пайқади. Бора-бора у оғриқни маълум муддатга босадиган усулни топганига ишонч ҳосил қилди. Бироқ кашфиётини беморлар тимсолида исботлаш имконига эга эмасди. Алалоқибат, ихтиросини иқтидорли шогирди Уильям Томас Грин Мортон билан баҳам кўришга мажбур бўлди.
Массачусетс штатининг Чарлтон шаҳридаги фермер-баққол оиласида туғилиб ўсган, Балтимордаги тиш даволаш мактабини битиргач, Бостонга иш излаб келган Мортон бу пайтда ясама тишларнинг ғаройиб протезини яратиб, эл назарига тушганди. Шу боис Чарльз эфир ҳақида нималарни билса, барчасини оқизмай-томизмай унга сўзлаб берди. Мортон устозининг йўриғига юрди. Аввало, итларда тажриба ўтказишга чоғланди. Илло, бу жониворларни ухлатиб қўйиш осон эмасди. Чунки улар жонсараклашгани ҳамоно бир-бирини тишлаб, ғажишга тушарди. Бир сафар саркашроғи илкис ирғиб, эфир тўла шишани ағдариб юборди. Идиш ерга тушиб, чилпарчин бўлди. Мортон полни артаётганида эфир таъсирини ўзида синаб кўриш мақсадида жиққа ҳўл латтани бурнига тутди. Алҳол, алламаҳалда хонага мўралаган онаси уни шиша синиқлари устига узала тушганча, донг қотиб ухлаётганини кўрди…
Бу воқеа ёш олимни тадқиқотларини бўшаштирмасликка ундади. У Барнетт фирмасидан нафасни бўғадиган ўткир ҳидли эфир харид қилди-да, хонасидаги жарроҳлик столига чўкиб, найча орқали ичига юта бошлади. Тайинли натижага эришмагач, дастрўмолчасини суюқликка бўктириб, димоғига яқинлаштирди. Кўз очиб-юмгунча ҳушидан кетди. Уйғонгач, ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандай, аъзои бадани увишаётгандай ҳис этди. Хаёлидан эса “Шу алфозда жон берсам, бу ҳақдаги совуқ хабарни одамлар менинг аҳмоқлигимдан кулган ҳолда қабул қилишади” деган нохуш фикр ўтди. Шу асно қўлининг ўрта бармоғида ғашга тегадиган қичишиш пайдо бўлди. Уни бошмалдоғи билан қашлашга интилганди, эплолмади. Иккинчи уринишда уддалади. Сўнгра оёқларини чимчилади-ю, бирон-бир оғриқни сезмади. Ўрнидан турмоқчи эди, қимирлай олмади. Эфирнинг кучи сусайиб, ўзига келгач, 7-8 дақиқа мобайнида зеҳн-идрокидан айрилганини тушуниб етди ва эҳтиросларини жиловлай олмай, бирданига бор овозда “Мен топдим! Ниҳоят, топдим!” дея, қичқириб юборди.
Шундай эса-да, у кашфиётини овоза қилишга ошиқмади. Ишни янада пухталаштириш учун сув ўтказмайдиган ва нам тортмайдиган матодан қопчасимон оддийгина мослама ясади. Унга эфир қуйиб, тажриба ўтказилаётган итнинг бошига кийдирди. Ит тез орада оёқларини узиб ташласа ҳам оғриқни билмайдиган даражада қаттиқ уйқуга кетди. Мортон изланишларини сир тутган ҳолда давом эттирди. Шу тариқа эришган ютуқлари эвазига кейинчалик оламшумул шуҳрат қозонди. Замондошлари таъбири билан айтганда, у жарроҳлик хонасига кўпчилик танимайдиган-билмайдиган тиш табиби сифатида кириб, бутун дунёга машҳур олим сифатида қайтиб чиқди.
Мортон бошлаган ишни Массачусетсдаги йирик госпиталь бош шифокори Жон Уоррен поёнига етказди. У салгина бурун маҳаллий стоматолог Гораций Хорас Уэлссга азот чала оксидининг афзалликларини омма кўз ўнгида намойиш этиш имкониятини яратиб берган, Мортонга ёшгина беморнинг ҳалқум томиридаги катта туғма ўсмани олиб ташлаш олдидан наркозни қўллаш таклифини киритганди. 1846 йил 16 октябрда эса ўзи эфир наркози асосидаги илк операцияга бел боғлади. Мураккаб муолажа муваффақиятли ўтди – тиғ остида ётган мижоз заррача озор чекмади. Операция тугагач, Уоррен аудиторияга юзланиб, “Жаноблар, мана, ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, бу алдов эмас, баайни ҳақиқат!” деди.
Шундай қилиб, ушбу кун наркоз эраси бошланган сана сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Мортон ва Жексон сингари Жон Уореннинг исм-шарифи ҳам наркоз ихтирочилари рўйхатидан ўрин олди. 22 декабрда Лондонда касалланган сонни шу усулда кесиб ташлаш амалга оширилди. Бу янгилик ҳам Курраи замин узра тез қанот қоқди. Кейин эса…
Кейин ҳеч ким хаёлига келтирмаган ғалати воқеалар рўй бериб, наркоз асосчиларидан омад росманасига юз ўгирди. Чунончи, азот чала оксидини жисмида тадқиқ қилиб, нафақат тиш оғриғига, балки инсоният асрлар оша чорасини излаган бошқа дардлар азобига ҳам малҳам топган Уэлсс шахсий ихтиросини рўёбга чиқариш учун ҳарчанд уринмасин, ниятига етолмади. Бундан азият чека-чека, бедаво асаб хасталигига чалинди. Алқисса, 1848 йил 24 январда оёғининг қизил қон томирини олмос ила кесиб, ўз умрига ўзи зомин бўлди.
Жексон билан Мортон ўртасида эса “Эфир кимнинг заҳматлари маҳсули?” деган жанжал чиқди. Охири низо Париж Фанлар академиясида ижобий ечим топди: даъвогарлардан бири эфирни ихтиро қилгани, иккинчиси амалиётга татбиқ этгани учун 2500 франкдан пул олди. Лекин ўзаро можарога боғлиқ асаббузарликлар Жексоннинг соғлиғига жиддий путур етказганди. Инчунин, у 68 ёшида ақлдан озди. Етти йилдан сўнг ғарибу ожизлар муассасасида вафот этди. Узоқ вақт тижорат билан шуғулланган Мортон эса, тақдир тақозосига кўра, Нью-Йорк кўчаларида санғиб юрувчи тиланчига айланди. 1868 йил 6 апрель куни, эндигина элликни қоралаганида омонатини топширди.
Мавриди келганда, эслатиб ўтиш жоизки, жарроҳлик наркози расман эътироф этилишидан тўрт йил муқаддам америкалик шифокор Кроуфорд Лонг ҳам амалиётда эфирдан беш-олти бор самарали фойдаланганди. Фақат бу хусусда ҳеч кимга чурқ этмаганди. Бошқа маслакдошлари эфир наркози асосчилари деб топилгач, ўзининг боқибеғамлигидан қаттиқ афсус-надоматлар чекди. Аммо энди бўлар иш бўлиб, аллақачон бўёғи синган, карвон кетиб бўлганди.
Эфирни 1846 йил ниҳояси ва 1847 йил бошларида Буюк Британияда буйрак тошлари жарроҳлиги бўйича етук мутахассис Листон, Францияда Мальген, Германияда Диффенбах, Австрияда Шу амалиётда қўллади. Москвалик Федор Иноземцов эса бир ҳафта ичида мешчан аёл Елизаветта Митрофанованинг саратонга йўлиққан кўкрак безини ҳамда икки болакай қовуғидаги тошларни эфир ёрдамида оғриқсизлантириб, олиб ташлади. Айнан ўша пайтда ҳарбий-дала жарроҳлиги ва соҳанинг анатомик-экспериментал йўналиши асосчиси Николай Пирогов ҳам шу йўсиндаги дастлабки операцияни жанг майдонида ўтказди.
Табиийки, олтингугурт эфири жарроҳликка жорий қилингач, азот чала оксиди вақтинча ўз мавқеини йўқотди. Айни чоғда, эфирнинг яккаҳокимлиги ҳам узоққа чўзилмади. Негаки, кўп ўтмай, унинг аёвсиз рақиби “туғилди”. Рангсиз, ўткир ҳидли ва ширин таъмли бу шаффоф суюқликни 1831 йил кузида парижлик 28 ёшли шифокор Юстус Либих хлор оҳаги ва спиртдан олиш шарафига муяссар бўлганди. Айнан шундай кимёвий воситани бир вақтнинг ўзида дорифуруш Эжен Суберн ҳам кашф қилган, бошқа фармацевт Жан Батист Дюма унга хлоформ номини бериб, кимёвий формуласини ишлаб чиққанди. Янги моддани Париж Фанлар академияси котиби ҳисобланмиш физиолог П.Флуранс дебочасига ҳайвонларда синаб кўрди. Уни жарроҳлик амалиётига кириб келишига эса таниқли инглиз гинекологи, муқаддам олтингугурт эфирини акушерликка биринчи бўлиб татбиқ этган Жеймс Юнг Симпсон улкан ҳисса қўшди. У 1847 йил 4 ноябрда хлороформ буғлари ҳам одамни карахт қилиш хоссасига эгалигини кашф этди. Келаси йили Англия қироличаси Викториянинг кўзи ёришида уни оғриқсизлантирувчи восита сифатида ишлатди.
Бу катта шов-шувларга сабабчи бўлди, ўз навбатида, руҳонийлар ғазабини қўзғатди. Улар наркозга тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишди. Айниқса, тўлғоқ чоғида хлороформдан фойдаланиш таъна-маломатлар ва эътирозларни янада авж олдирди. Англиялик ва швециялик руҳонийлар “Оғриқ – хом сут эмган бандага гуноҳларини ювиш учун Худо томонидан берилган, танни тозаловчи ва руҳни покловчи жазо. Уни енгишга уриниш шаккокликдир! Аёл зоти туғруқ азобларини албатта тортиши шарт, акс ҳолда, Тангрининг иродасига бўйсунмаган саналади!” қабилидаги ақидани инсон қадр-қимматидан устун қўйишди. Симпсон эса “Наркоз Яратганга тааллуқли. Ахир, Тавротда Худо Одам Атони ухлатиб қўйиб, унинг қовурғасини кесгани ва Момо Ҳавони яратгани эслатилган-ку!” деб туриб олди. Шунга қарамай, турли мамлакатларда тиббий оғриқсизлантириш ғоясининг мухолифлари бисёр эди. Энг ачинарлиси, айрим шифокорлар ва олимлар ҳам янги ихтирони бамисоли найза ўқталгандек, важоҳат-ла қаршилаб, инкор этишди.
Маълум вақт ўтгач, хлороформ инсон саломатлиги учун хавфли эканлиги аёнлашди. Жарроҳларнинг 1890 йилги конгрессида этни ўлдириш учун хлороформ қўлланилган 2647 ҳолатдан биттаси, эфирдан фойдаланилганда 13160 та ҳолатдан бири ўлим билан якунлангани эълон қилинди. Бу далиллар эфир бошқа турдошларидан анча афзаллигини тасдиқлади. Алқисса, у яна майдонга чиқди. Этни яхши ўлдиролмаслиги ва гиёҳвандликка олиб келиши сабабли кокаин, морфий каби қорадориларни наркоз сифатида қўллаш қатъиян тақиқланди
Ҳозир тиббиётда карахт қилувчи воситаларнинг турли-туман турлари мавжуд. Айниқса, эфир ва хлороформ кўп ишлатилади. Албатта, “Ҳар тўкисда – бир айб!” деганларидек, уларни мутлақо безарар деб бўлмайди. Чунки иккаласи ҳам кучли таъсирга эга оғулар сирасига киргани боис инсон организмига муайян даражада салбий таъсир кўрсатади. Нотўғри қўлланилса, аввал бош мия яримшарларига, сўнгра орқа ва чўзинчоқ мияларга азоб беради. Чўзинчоқ мия марказлари фалажланганда ўлим содир бўлади. Хлороформни мунтазам ҳидлаш ёки ичиш эса токсикоманияни келтириб чиқаради.
Бинобарин, ҳар жиҳатдан мукаммал ва олиймақом наркоз воситаси ҳали топилганича йўқ…
“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.