Ёнғоқлар қаерда ўсади?

Туси, ўлчами, шакли ва таъми турлича бўлган, қаттиқ пўчоқ билан қопланган ҳар хил мевалар умумий ном билан ёнғоқ деб аталади.

Кўпчилик оддий ёнғоқни хуш кўриб истеъмол қилади. Унинг бурушиқ мағзи силлиқ, юмалоқ оч малла пўчоқ билан қопланган. Қадим замонларда Шарқ мамлакатлари ҳукмдорлари ёнғоқни у ўсмайдиган юртларнинг подшоларига ҳимматбаҳо совға сифатида юборишган.

Худди шу тариҳа бошқа бир ёнғоқ каштан ҳам қадим замонлардан бери одамларнинг ардоғида бўлиб келган. Айрим мавжуд каштан дарахтларининг ёши беш юз йилдан ошади. У кўпгина мамлакатларда, айниқса, Испанияда бағоят кадрланади.

Энг хушхўр, шу билан бир вақтда чақилиши ўта қийин неъматлардан бири Бразилия ёнғоғидир. Бу ёнғоқларнинг пўчоғи уч қиррали бўлиб, йигирма ва ундан ошиқ донаси ғуж-ғуж, зич ва юмалоқ умумий пўстлоқ билан қопланган ҳолда ўсади. Ёнғоқлар пишиб етилгач, ерга тушади. Дарахтларнинг бўйи аксарият ҳолларда ўттиз метрдан юқори бўлгани учун ҳам маҳаллий аҳоли шамол турган кезлар унинг остидан юрмасликка ҳаракат қилади.

Бодом ёнғоқлари ҳам хуш кўриб истеъмол қилинади. Бодом дарахти икки хил бўлади. Оқ гуллайдиган бодомнинг меваси аччиқ бўлади. Улардан дори ва хушбўй моддалар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Истеъмол қилишга ярайдиган бодомнинг ғунчалари пушти рангда бўлади. Бодом Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Ўрта Ер денгизи бўйлари ва Калифорнияда ўсади.

Барча ёнғоқлар ичида кокос ёнғоғига тенг келадигани йўқлиги шубҳасиз. Ҳиндистоннинг шарқий соҳиллари ва жанубий денгизлардаги ороллар кокос ёнғоғининг ватанидир, аммо эндиликда улар барча тропик мамлакатларида ва барча қитъаларда ўсади. Унинг қимматлилиги таркибидаги оқсил ва бошқа озиқ моддаларининг кўплиги билан боғлиқ.

Иқлими мўътадил мамлакатларда ўрмон ёнғоғи кенг тарқалган. Бу ёнғоқларнинг ғуж боши икки-тўрт донадан иборат бўлиб, япроқ косачасининг ичида бўлади. Ўрмон ёнғоғи чакалаклари ўрмонларнинг ўрта минтақасида кўп учрайди. Унинг номи ҳам шундан олинган бўлса ажаб эмас.