Денгиз соҳилида уюлиб қолган катта-катта қум тепаликлари уюмлар деб аталади. Уларни Европанинг шимолида: Бельгия, Голландия ва Болтиқ денгизи соҳилларида учратиш мумкин. Аммо уюмлар ҳамма жойда ҳам пайдо бўлавермайди. Нега?
Уюм туби қумдан иборат денгиздан шамол қуруқликка қараб эсадиган жойларда ҳосил бўлади. Уюм ҳосил бўлиши учун икки нарса: қум ва шамол бўлиши керак.
Уюм қандай ҳосил бўлади?
Қирғоққа келиб уриладиган оқим ва сув ости оҳимлари денгиз тубидаги саёз жойларнинг қумини қирғоққа оқизиб чиқади. Шундай жойлардан бири Шимолий денгиздаги машҳур Доггер-банкадир.
Бундай жойларда шамол қуруқликка қараб эсганда, қум қирғоққа оқиб чиқа бошлайди. Уюмлар қум оқизиб келувчи катта дарёлар денгизга қуйиладиган жойларда ҳам ҳосил бўлади.
Агар кўчаётган қумнинг йўлида тепалик, оддий бир қиялик, қоялар ёки сув ўтлари сингари тўсиқ учраб қолса, ўша ерда кўтарма ҳосил бўла бошлайди. Денгиздан эсаётган шамол унинг устига янги-янги қумларни учириб келаверади ва оқибатда уюм вужудга келади.
Уюмлар жуда фойдалидир. Улар ўз ортидаги ерларни шамол ва тўлқиндан ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам инсон уюмларни сақлаб қолади ва ювилиб кетишдан асрайди.
Бельгия ва Даниянинг соҳилбўйларида тезроқ уюмлар ҳосил қилиши учун қумқамиш экилади. Қамишнинг томирлари бақувват бўлгани учун ҳам қумни тутиб қолади. Голландиянинг Ваддензее деган жойи яқинидаги ороллар оқимни тараб юборади. Сув бу ерга қум ва лойни оқизиб келади. Шундай қилиб, кўрфазнинг туби аста-секин кўтарила бошлайди. Эҳтимол, ўша ерда ҳам вақт ўтиши билан уюмлар ҳосил бўлар.
Болтиқ денгизининг Латвия ва Литвага қарашли соҳилларида ҳам кўплаб уюмлар учрайди. Улар Даугава, Лиелупе дарёлари Рига кўрфазига оқизиб келадиган қумдан ҳосил бўлади. Аммо энг катта уюмлар Литванинг Курша қумлоқ тилидадир.
Уюмлар шамолнинг ёйиб юбориши натижасида бутунлай йўқолиб кетмаслигига умид қиламиз.