Усмонийлар импeрияси қачон ташкил топган?

Европада Уйғониш даври (Ренессанс) гуллаб яшнаётган бир даврда Ислом дунёси ҳам жонланиб қайта тиклана бошлади. Ислом халифалигига кирувчи Миср, Сурия, Испания ва Шимолий Африка давлатлари мўғуллар босқинидан холи бўлиб, ислом маданиятининг маркази бўлиб қолган эди. Мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлари Макка ва Мадина ҳам бу суронли даврдан омон чиққанлигини биз яхши биламиз.

Бу барча мусулмон ўлкаларидаги алломалар, тадқиқотчи ва файласуфлар янги-янги кашфиётлар яратиш борасида мусулмон дунёсига хос бўлган анъаналарни давом эттирардилар. Шаҳарларда эса мусулмон ҳунармандлари, косиблари металлдан, лой ва шишалардан бири-биридан ажойиб ва бетакрор буюмларни яратардилар.

Бироқ мусулмон оламининг турли қисмларидаги ҳар хил султонларнинг ўзаро жангу-жадаллари сабабли жуда путурдан кетиб қолган буюк ислом халифалигининг сиёсий қудрати мўғул истилолари боисидан абадий бой берилган эди. Шундай бўлсада 14 асрнинг ўрталарига келиб яна бир кучли ислом давлати — Усмонийлар империяси қад ростлай бошлади.

Мўғуллар кетгач, собиқ салтанат кўплаб майда-майда мусулмон давлатларига парчаланиб кетди. Ана шундай давлатлардан бирини турк раҳнамоларидан бири бўлмиш Усмон идора қиларди (1281—1324). Усмон ўз умри мобайнида мусулмон аскарларини бир неча бор ўзига қўшни мамлакатларнинг ерларини босиб олиш учун уюштирган юришларига бошлаб борган.

Усмон вафот этгач, унинг фотиҳлик, босқинчилик ишларини унинг меросхўрлари бўлган бошқа султонлар давом эттирдилар. 1326 йилда Усмонийлар отряди Византиянинг Қора денгиз бўйидаги муҳим аҳамиятга молик шаҳри Бруса (Бурса)ни босиб олдилар. 1400 йилга келиб энди жуда катта ҳудуд Усмонийларга тобе эди. Улар 1453 йилда Византиянинг пойтахти Константинополни ҳам ишғол билан қўлга киритдилар. Бу эса Византиянинг қулашига олиб келди ва бутун Европани даҳшатга солди: бинобарин, усмонийлар навбатдаги ҳужумни қайси давлатга уюштиради деган савол барча Европа халқларини ташвишга соларди.

Усмонийларнинг босқинчилик урушлари 15 ва 16 асрларда ҳам давом этди. Усмонийлар энг машҳур султонлардан бири — Сулаймон раҳнамолигида Шарққа қараб юриш бошладилар ва ислом оламининг қадимий пойтахтини Бағдодни қўлга киритдилар. Ғарбда ҳам, бугунги кунда Болгария, Юнонистон, Албания, собиқ Югославия ва Венгрия давлатлари жойлашган ҳудудлар усмонийларга қарам бўлиб қолди. 1520 йилга келиб Усмонийлар бир пайтлар энг қудратли мусулмон давлатлари бўлган Миср ва Сурияни ҳам забт қилдилар. Шунингдек, Усмонийлар империяси таркибига Макка, Мадина ва Арабистоннинг энг бой бандаргоҳ шаҳри Адан ҳам киритилди.