Замонавий илмий назарияларнинг тасдиқлашича, бир замонлар Ер юзида на ўсимликлар ва на ҳаётнинг бошқа бир тури бўлмаган. Сўнгра, бундан юз миллион йиллар муқаддам номаълум сабабларга кўра, протоплазманинг дастлабки зарралари пайдо бўлган. Биологлар ўсимликлар ва ҳайвонлардан топган бирламчи тирик материя протоплазма деб аталади. Олимларнинг тахминича, Ердаги тирик организмлар ўша увоқ зарралардан келиб чиққан.
Ўсимликка айланган протоплазма қалин ташқи қоплам ҳосил қилишни ва бутун ҳаётини бир жойда қимирламасдан ўтказишни ўрганди. Бундан ташқари, у илк марта яшил рангли модда — хлорофилл ишлаб чиқарди. Бу модда Ердаги жамики тирик мавжудот ҳаёти учун биринчи даражали аҳамиятга эга. Хлорофиллнинг хоссалари ўсимликларга, ҳаво ва ердан зарур ашёларни олган ҳолда, ўз эҳтиёжи учун озуқа ишлаб чиқариш имконини беради.
Илк яшил ўсимликлар бир ҳужайрали бўлган, аммо кейинчалик кўп ҳужайрали шаклга ўтган. Ўша вақтлар улар қуриб қолишдан ҳимоялана олмагани учун фақат сувликларда яшаган. Кўпгина бирламчи ўсимликлар, кўриниши ўзгариб кетган бўлса-да, шу кунларгача сақланиб қолган. Бунга ҳаммамизга таниш сув ўтларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ўсимликларнинг алоҳида бир гуруҳи, бошқаларидан фарқли ўлароқ, ўзига хлорофилл ёрдамисиз озуқа топишни ўрганиб олди. Бактериялар ва замбуруғларнинг аксарияти бундай яшил бўлмаган ўсимликларга киради.
Ҳозирги ўсимлик турлари, асосан, сув ўтларидан келиб чиққан. Уларнинг бир қисми денгиздан қуруқликка чиққанидан сўнг илдиз отиб, тупроқда ўрнашиб қолди. Уларда қуриб қолишдан сақлайдиган юпқа тери билан қопланган япроқлар ҳосил бўлди. Шу тариқа илк йўсинлар ва қирққулоқлар вужудга келди.
Барча қадимги ўсимликлар оддий бўлиниш ёки уруғлик вазифасини бажарувчи майда чангсимон зарралар — споралар ёрдамида кўпайган. Спораларда, уруғлардан фарқли ўлароқ, озуқа захираси бўлмайди. Вақт ўтиши билан айрим спорали ўсимликларда янги органлар — гуллар пайдо бўлган ва натижада уруғлар ёрдамида янгича кўпайиш усули қарор топган.
Ўсимликларнинг икки гуруҳи бор: уруғлилар ва тухумлилар. Тухумларнинг уруғлардан фарқи меванинг ҳимоя пўсти билан қопланганидир. Бу ўсимликлар сайёрамиздаги ўсимлик дунёси тараққиётининг (ҳозирча) олий босқичидир.