Ўрмонга замбуруғлар керакми?

Бу савол ҳеч бирингизнинг хаёлингизга келмаган, десак, хато бўлмайди. Биз замбуруғларни яхши кўрамиз ва шунинг учун уларни тергани ўрмонга борамиз. Аммо нега улар айнан ўрмонда ўсади? Аниқланишича, одамлар замбуруғсиз ҳам яшаши мумкин экан, аммо улар ўрмонга жуда ҳам керак.

Ҳар йилги баргрезон натижасида ўрмон салтанатининг ҳар гектар ерига икки тоннадан ошиқ чириган моддалар йиғилиб қолади.

Бундан ташқари, у ерда дарахтлар қулайди, шохлар синади, кузда пишган мевалар тўкилади, ҳайвонлар ва ҳашаротлар ўлади. Агар уларнинг ҳаммаси шу ҳолича қолиб, асрлар давомида йиғилиб борса, сайёрамиз юзасида янги ўсимлик жониворлар авлоди учун яшаш шароити ва жой қолмаслиги шубҳасиз.

Сарфлаган озуқа моддаларини чиримаган ўсимликлар ва жониворларда қолиб кетгани учун қайтиб ололмаган ер ориқлаб кетади.

Бундай бўлмаслиги учун замбуруғлар керак. Улар қуриган ўсимликлар ва ҳайвонлар жасадидаги органик моддаларни парчалайди ва оддий ноорганик моддаларга айлантиради. Ноорганик моддалар ерга қайтади ва янги ўсимликлар учун озуқа бўлиб хизмат қилади. Шундай қилиб, табиатда биологик мувозанат қарор топади.

Қалпоқсимон замбуруғлар бепоён замбуруғлар салтанатининг кичик бир бўлагидир. Унинг аксарият қисми табиатда микроскопик, яъни кўз билан кўриб бўлмайдиган шаклларда мавжуддир. Улар орасида ўрмон учун фойдали бўлганлари ҳам, жуда зарарлилари ҳам бор.

Қалпоқсимон замбуруғлар ўрмон учун, асосан, фойдали. Улар қуриб қолган дарахтларнинг чиришини тезлаштиради. Аммо кузги тўнка замбуруғи деб аталувчи замбуруғ ўрмоннинг ҳақиқий душмани ҳам бўлиши мумкин. Кўпинча у тўнкалар ва йиқилган дарахтлар устида ўсади, бироқ баъзида эман, қарағай ва ҳатто олма ниҳолларига ҳам кўчиб ўтиши, илдизларини чиритиш натижасида нобуд қилиши мумкин.

Лекин бундай замбуруғларнинг мавжудлиги бошқа замбуруғларнинг ўрмон олдидаги аҳамиятини туширмайди. Биологлар «микориз» ёки «замбуруғилдиз» деган бир тушунчадан фойдаланишади. Замбуруғнинг гифлар деб аталадиган ингичка иплари дарахтлар илдизини ўраб олади, натижада замбуруғ ва дарахт ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорлик ҳарор топади. Замбуруғ ўзи тополмаган углеводларни дарахт илдизидан олади, эвазига эса дарахт ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган калий, фосфор, азот ва бошқа микроэлементлар беради.