Ёруғлик, иссиқлик, рентген ва ультрабинафша нурлар нурнинг турли кўринишларидир. Нур тўлқинлари узунлиги катта диапазонга — кўлам чегараларига эга. Уларнинг энг узуни радио тўлқинлари, энг қисқаси эса гамма нурларидир. Энг узун ва энг қисқа тўлқинлар оралиғида ёруғлик тўлқинлари ёки сизу бизнинг кўзимизга кўринадиган нурлар жойлашган. Лекин ёруғлик нурларининг ўзи ҳам турлича узунликдаги тўлқинлардан иборат. Ҳар бир ранг маълум бир узунликдаги тўлқиндир. Қизил ранг кўзга кўринадиган энг узун тўлқиндир. Сўнгра, заргалдоқ, сариқ, яшил, кўк, ва бинафша ранглар келади. Улардан энг қисқаси бинафша рангдир.
Бинафша ранг тўлқиндан сўнг эса олимлар ультрабинафша деб атайдиган нур диапазони келади. Бу нурни Қуёш ва шу мақсадда тайёрланган махсус лампалар ажратиб чиқаради.
Ультрабинафша нурлар бинафша ранг тўлқиндан ҳар бир сантиметрга 1 000 000 тўлқиндан ошиқ даражагача бўлган диапазонда мавжуддир.
Ультрабинафша нурлар қисқа бўлгани сабабли ҳар қандай тўсиқдан ўтиб кетиш хусусиятига эга. Қуёшдан келаётган ультрабинафша нурларнинг ярмигина Ерга етиб келади. Уларнинг аксариятини Ер юзасидан анча баландликда жойлашган атмосфера ютади ва ўтказмайди.