Туман нима?

Туман, шудринг ва булут бир-бирига бевосита алоқадордир. Туман, шудринг ёки булут шароитлардан бирининг ўзгариши, масалан, ҳаво оқимларининг бор ёки йўқлиги натижасида содир бўлади. Бунинг сабаби нима экани ва айрим жойларда нега туман пайдо бўлишини кўриб чиқайлик.

Туман жуда майда, 0,001 миллиметрдан ҳам кичик зарралардан иборат. Олдингизни қалин туман қоплаб, ҳеч нарсани кўролмай қолганингизда, ҳар бир куб сантиметрга 1227 дан кам бўлмаган зарра тўғри келаётган бўлади.

Туман пайдо бўлиши учун намлик ҳавони тарк этиши ва конденсацияланиши керак бўлади. Бунинг маъноси шуки, совиган ҳаво иссиқ ҳаво ушлаб турган намлик миқдорини тутиб қола олмайди. Ҳаво совиб, температура тўйиниш ёки шудринг нуқтасидан пастга тушгач, туман ҳосил бўла бошлайди.

Туман пайдо бўлиши учун ҳам совуқ ва иссиқ ҳаволарнинг ҳаво оқимлари ёрдамида ўзаро аралашиб кетиши талаб этилади. Агар ҳаво ҳаракатсиз ҳолатда бўлса, совуқ ҳаво ерда тўпланиб қолади ва шудринг ҳосил бўлади. Агар ҳаво оқимлари тепага шиддат билан кўтарилса, совиш ҳавонинг ўзидаёқ бошланади ва булутлар пайдо бўлади. Шунинг учун совуқ ва иссиқ ҳаволарни бир-бири билан аралаштирадиган ҳаво оқимлари кучли бўлмасагина, туман пайдо бўлади.

Туман иссиқ ҳаво массаси совуқ қуруқлик ёки бирор сув ҳавзаси устидан ўтаётганда пайдо бўлади. Ёки, аксинча, совуқ ҳаво илиқ сув устидан ўтаётганда ҳам худди шундай ҳодиса рўй бериши мумкин. Бу ҳол эрта куз тонгида сув ёки ҳовуз каби сув ҳавзалари ёнида кузатилади. Совуқ ҳаво иссиқ ҳаво оқими билан аста-секин қўшилиб кетади ва сув ҳавзалари устида ҳаммамизга таниш бўлган муаллақ туман вужудга келади.

Туман шаҳарда қишлоқдагига нисбатан қалинроқ бўлади. Шаҳар ҳавоси таркибида кўп бўлган чанг ва қурум ҳаво зарралари билан бирлашиб, зич парда ҳосил қилади.

Ньюфаундленд (Канада)нинг Атлантика океани соҳиллари Ернинг энг туманли минтақаси ҳисобланади. У ерда туман Қутб доирасидан жанубга томон ҳаракатланаётган совуқ сув устига сернам иссиқ ҳавонинг ўтиши натижасида ҳосил бўлади. Сув совуқлиги ҳаво намлигини кичик сув томчиларига айлантиради. Бу томчилар, ўз ўлчамига кўра, ёмғир ҳосил қилиш учун етарли эмас. Шунинг учун ҳам улар ҳавода туман ҳолида мавжуд бўлади.

Сан-Франциско минтақасидаги туманлар эса бутунлай бошқа йўл билан ҳосил бўлади. Бу ерда тонгги салқин шабада — сабо илиқ қум уюмлари томон эсади. Агар унинг арафасида қумга ёмғир ёғиб ўтган бўлса, буғланаётган намликдан зич туман қатлами ҳосил бўлади.

Туман булутдан кўра зичроқ кўринади. Негаки, туман томчилари булутникига нисбатан кичикрокдир. Кўплаб ўта майда томчилар булутларни ҳосил қиладиган каттароқ (аммо миқдоран камроқ) томчиларга нисбатан кўпроқ ёруғлик ютади. Шунинг учун ҳам туман булутга нисбатан қалинроқ кўринади.