Тарихдан аввалги давр ҳайвонлари нега йўқолиб кетган?

Бугунги кунда ҳам ҳайвонларнинг айрим турлари йўқолиб бормоқда ёки йўқолиш чегарасига келиб қолган. Ҳозирги пайтда муайян ҳайвоннинг йўқолиши сабабини айтиб бериш осон, аммо ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва уларнинг Ерда ҳаёти давом этиши учун шарт-шароит ҳозирлаб бериш анча қийин.

Аммо гап қадим замонлар ҳақида бормоқда, у ёки бу жониворнинг йўқолиши, бошқа бирига ўрнини бўшатиб беришини ҳар хил тадқиқотлар ўтказиш йўли билан аниқлаш мумкин. Аммо тарихдан аввалги давр ҳайвонларининг йўқолиб кетиши ҳақида олимлар чиқарган хулосалар қазилма организмларни ўрганишга асосланган фараз ва тахминлар, холос.

Бунда совуқ тушиш жараёни пайти иқлимнинг ўзгариши катта ўрин тутган. Устига устак, Муз даврида Ернинг кичик бир парчасигина яшаш учун яроқли бўлган ва бу ерда турли ҳайвонлар беҳад кўпайиб кетган.

Пировардида ҳар бир жонзот ейиши керакли озуқа турлари кескин камайган. Ўзгараётган иқлимга тез кўниккан ва очлик даврини енга олган ҳайвонларгина тирик қолишган.

Бундай шароитда ҳайвонларнинг ўлчами катта аҳамият касб этган. Баҳайбат ҳайвонлар етарлича озуқа топиши учун ернинг кенгроқ қисмини эгаллаб олишига тўғри келган.

Аммо бунинг ҳамма вақт ҳам иложи қолмаган, озуқабоп ўт-ўлан ўсадиган майдонлар кескин қисқариб борган. Натижада эса ҳайвонлар ҳам озуқа етарли эмаслигидан нобуд бўла бошлаган.

Айни даврда янги шароитга яхши мослашган йиртқичлар кўпайиб кетди, чалақурсоқлигидан заифлашган ҳайвонлар уларга осонгина ўлжа бўларди. Мана шу сабабдан Европа, Осиё, Африка ва Янги Дунё (Америка)да қопчиқли ҳайвонлар йўқолиб кетган. Уларни йирик йиртқичлар — шерлар, бўрилар, қоплонлар ва йўлбарслар қириб битирган.

Ҳозирги пайтда қопчиқли ҳайвонлар совуқ етиб бормаган Австралиядагина сақланиб қолган.

Ҳайвонлар турининг камайиб кетишига инсоннинг хўжалик фаолияти ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Мисол тариқасида, филлар, сув отлари ва каркидонларнинг камайиб боришини кўрсатиш мумкин. Улар сонининг қисқариб бориши яшаш жойидан маҳрум этилаётгани ва одатдаги овқатларидан маҳрум бўлаётганй билан изоҳланади.