Сизга тапиока пудинги (тапиока ёрмасига сузма ва турли хил мевалар солиб пиширилган таом) ёқадими? Унга қараб туриб, нимадан ва қандай тайёрланганини билолмай ҳайрон қоласиз.
Тапиока иқлими иссиқ мамлакатларда кенг тарқалган катта бир бутанинг илдизидан олинади. Бута «маниока» ёки инглизча «кассава», шунингдек, «юкка» ёки «мандиока» деб аталади.
Маниоканинг томирида тахминан 33% крахмал ва 67% сув бор. Илдизлардан таом тайёрлаш анча вақт олади. Улар дастлаб ювилади ва тозаланади, сўнгра 3 — 4 кунга қозонга ёки ариққа ташлаб қўйилади. Уни ивитмай туриб ҳам қирғичда қириб, хамирсимон масса олиш мумкин. Хамир қовуриб тановул қилинади ёки қуритилиб ун қилинади.
Тапиока тайёрлаш учун қирғичдан ўтказилган масса тоза сув билан аралаштирилади ва тиндириб қўйилади. Крахмалнинг тоза доналари идишнинг тубига чўкиб қолади, лойқа эса тўкиб ташланади.
Ажратиб олинган крахмал яна сув билан аралаштирилади. Бу жараён 4 — 5 марта такрорланади. Крахмал тоза бўлгач, металл идишга солинади ва секин ёнаётган олов устига қўйилади. Тапиока пиширилаётганда крахмал тинимсиз қўзғаб турилади. Вақт ўтиши билан крахмалдан кичкина гувалачалар ҳосил бўлади. Тайёр бўлган тоза крахмал «тапиока» деб аталади. Энди бутанинг илдизлари тайёр озиқ ҳолига келгунча анча ишланиши кераклигини билиб олгандирсиз. Америкаликлар тапиокани, асосан, Бразилия, Мадагаскар ва Явадан олишади.
Маниокадан олинган ва оловда қиздирилмаган тоза крахмал АҚШда «тапиока уни» деб аталади. Ундан, шунингдек, пахтадан олинадиган буюмларга ишлов беришда, масалан, почта маркалари учун елим ишлаб чиқаришда ва бошқа мақсадларда фойдаланилади.