Аспарагус қаерда ўсади?

Қадимги юнонлар ва римликлар аспарагусни тансиқ таом сифатида қадрлашган. Шунга қарамасдан, у ҳозирги кунда Европанинг кўпгина мамлакатлари, Ўрта Ер денгизи соҳиллари ва бошқа қумлоқ ерларда ёввойи ҳолда ўсиши ажабланарлидир. У Россиянинг чўл минтақаларида жуда кўп тарқалган ва ўтлаб юрган молларга озуқа бўлиб хизмат қилади. Ёввойи ҳолда ўсадиган аспарагуснинг иссиқ ва тропик мамлакатларида 150 тача тури бор. Бу турларнинг аксарияти манзара яратиш мақсадида экилади.

Унинг навниҳолидан овқат тайёерланади, қирққулоқсимон япроқлари эса уйларнинг ичига безак булиб хизмат қилади. Аспарагус овқатга ишлатиладиган булса, поялари япроқлар ҳали куртак ҳолида булган даврда кесиб олинади, у вақтда новданинг узунлиги 30 — 35 сантиметрдан ошмаган бўлади.

Аспарагус лолагуллилар оиласига мансубдир. Таъкидлаб ўтилганидай, унинг турлари кўп. Агар унинг бўйи кесиб турилмаса, узунлиги 60 сантиметр ва ундан ҳам баланд бўлади. Сўнгра ундан шохлар ўсиб чиқади, уларда дастлаб майда оқ гуллар очилади, кейинчалик ялтироқ қизил мевалар пайдо бўлади.

Гарчи ундан тайёрланган шўрва тансиқ таом саналса ҳам, таркиби, асосан, сувдан иборат бўлгани учун тўйимлилиги кам.

Аспарагусни уруғидан ёки унчалик чуқур бўлмаган жўякларга экилган илдизидан кўкартириш мумкин. Уни тупроқнинг юзаки қатлами чуқур, минерал моддаларга бой ва қумлоқ ерга экиш керак. Агар ўсимлик дастлабки уч йилда қуриб қолмаса, кейинчалик тўққиз ва ундан ҳам ошиқ йил давомида ҳосил беради. Яхши ҳосил олиш учун ҳар йили тупроқни ўғитлаб туриш лозим.