Ер ости булоғи ва артезиан қудуғи ўртасида қандай фарқ бор?

Шаҳарликлар сув олиб келиш учун қудуқ ёки булоққа бормайди. Чунки сув уйларга қувурлар орқали келади. Аммо қишлоқ жойларда, катта аҳоли пунктларидан узоқ ерларда вазият бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин.

Булоқ — ер юзасидаги табиий тешик. Ёмғир ёғаётган пайт сувнинг бир қисми ер тортиш кучи таъсирида тупроқ ва унинг остидаги тошли қатламга майда ёриқлар ва ғоваклар орқали имкон кадар чуқурроқ сингиб кетади.

Тупроқ қатлами остидаги турли чуқурликда барча ёриқ ва тешиклари сув билан тўлиб қолган қуйи қатлам бор. Бу қатламнинг устки қисми ер ости сувлари сатҳи деб аталади. Юзаси ер ости сувлари сатҳидан паст бўлган водийлар ва пасттекисликларда тошлар орасидаги ёриқлардан булоқлар пайдо бўлади. Бошқача айтганда, ер остида йиғилган сув унинг юзасига сизиб чиқади.

Айрим булоқлар йил бўйи қуримайди, чунки тупроқнинг остки қатламлари уларни сув билан таъминлаб туради. Айрим булоқлар эса фақат ер остидаги сувлар сатҳи юқори кўтариладиган ёмғирли мавсумларда амал қилади.

Артезиан қудуғи ҳам — табиий сув манбаи, аммо сув юзага чиқиши учун унинг кўзини, табиат эмас, инсон очади. Сув тупроқнинг зич тошли қатламлари ўртасидаги майда тош ёки қумли ғовак қатламда жойлашади. Агар ўша жой бир оз қия бўлса, сув ўша қатламнинг тепасига қадар тўлдиради, юзага сизиб чиқа олмаган сув кучли босим ҳосил қилади. Агар ўша жойдан қудуқ қазилса, сув ўз массаси босими остида фаввора бўлиб отила бошлайди. Бу артезиан қудуғидир.