Суғориш нима?

Битта гулга сув қуйиш учун баъзан биргина гулчелак ҳам кифоя қилади. Аммо катта майдонларни суғориш мушкул юмуш. Бунинг учун дастлаб ариқ ва эгатлар қазилади. Тупроқни бундай намлаш усули суғориш (ирригация) деб аталади. Сув чўлларни бўстонга айлантириш қудратига эга. Буни воҳаларда яшайдиганлар ва Мирзачўл, Қарши чўли каби тақир ерларни обод қилган кишилар яхши билишади. Ерни суғориш дегани уни экинлар ҳаёти учун зарур бўлган сув билан тўйдириш демакдир.

Кўпгина суғориш усуллари бор. Сувни дарёдан канал қазиш ёки ётқизилган қувурлар орқали далаларга олиб чиқиш мумкин. Ё бўлмаса, қудуқ қазиб, сувни насос ёрдамида далага чиқариш ҳам мумкин. Ниҳоят, сув сув омборидан акведук — ердан кўтарилган махсус ариқлар орқали суғориладиган ерларга олиб борилади.