Скифлар кимлар?

Скифлар Манчжуриядан Россияга қадар Осиё орқали ястаниб ётган дашту биёбон, бепоён яйловларда яшаган кўчманчи одамлар бўлган. Чўл иккига ажратиб қўйган дашту биёбон шимолда ўрмонларга, жанубда эса қурғоқчилик ҳукм сурган минтақаларга бориб тақаларди.

Ўтроқ ҳаёт кечирган деҳқонлар ва шаҳар аҳолисидан фарқли ўлароқ, скифлар чорва (қўй, қорамол, йилқи) урчитиб ва қисман овчилик билан шуғулланиб тирикчилик қилишарди. Улар ҳар йили подани тоғ бағридаги ёзги яйловдан қишда пастликка ҳайдаб тушишади.

Скифлар юкларини от қўшилган соябон аравага юклаб, йилда икки бор кўчишарди.

Эрамиздан аввалги 8 асрда скифлар, эҳтимол, ўзларидан кучлироқ қабилалар тазйиқи остида, ғарбга томон сурилиб боришган. Бепоён ҳудуд бўйлаб борар эканлар, улар жанубнинг равнақ топган халқлари билан алоқада бўлганлар, кўпинча эса улар билан душманлик муносабатида ҳам бўлганлар.

Айрим скиф қабилалари қора денгизнинг Шимолий соҳилидаги даштликлар томон силжиб борганлар. У ерда қора денгиз соҳили шаҳарларидаги юнонлар билан учрашганлар. Юнон тарихчиси Геродот ўзининг «Тарих» китобида уларни тасвирлаган.

Шимолий Эронда ўтроқ бўлиб қолган скифлар мидияликлар билан жанглар олиб борганлар. Улар Кавказ ортига бостириб кириб, Урарту давлатини ҳалокатга учратганлар. Кўплари Онадўлида узоқ вақт ўтроқ бўлиб қолишган.

Скифларнинг бошқа гуруҳлари Каспий денгизидан шарқроққа ўрнашиб оладилар ва форсларга кун бермай қўядилар. Уларнинг уруғидан бўлган яна бир гуруҳ — киммерийлар Яқин Шарқни даҳшатга тутиб турар, урартулар, фригияликлар, лидияликлар билан жанглар олиб борардилар.

Хитойлар ва юнонлар скифларни ваҳший жангчилар сифатида тасвирлаганлар. Бу жангчилар ўзларининг пастак югурук отлари билан бир вужуд бўлиб кетгандек эди, гўё. Ўқёй билан қуролланган скифлар отда туриб жанг қилганлар. Бир тасвирга кўра, улар душманни хомкалла қилиб, яъни бош терисини шилиб, бу терини ўлжа сифатида сақлаб қўйишар экан.