Шоли қандай ўстирилади?

Шоли энг кўҳна ва кўп тарқалган озиқ-овқат маҳсулотларидан биридир. У Ер юзасининг бепоён ҳудудларида ўстирилади.

Шоли дастлаб бундан кўп минг йиллар олдин Жанубий Ҳиндистонда пайдо бўлган. 5 минг йил муқаддам у ердан Шарққа, Хитойга тарқалган. Бу экин Шимолий Америкада XVII асргача маълум бўлмаган.

Шоли етиштириш учун иссиқ ва намлик юқори иқлим керак. Шунинг учун ҳам у, асосан, тропик мамлакатларда етиштирилади. Саъй-ҳаракатлар аялмаса, у субтропик минтақаларда ҳам ўсиши мумкин.

Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Осиё ва Жанубий Америкага бағишланган китобларнинг барчасида ўша минтақаларда шоли экилиши тўғрисида маълумотлар учрайди.

Шоли ўт ўсимликдир. Унинг ташқи тузилиши дарё ва кўл бўйларида ўсадиган қамишга ўхшайди.

Шоли экиш бошка экинларни экишдан фарқ қилади. Ишни бошлаш олдидан ер балчиққа айланиши учун шолизор сув билан тўлдирилади. Мана шу балчиққа шоли кўчати ўтқазилади.

Шолизордан сув аримайди ва у мураккаб каналлар тизими, уватлар ва дамбалар ёрдамида сақлаб турилади. Бу юмушни осонлаштириш учун шоли тоғ ёнбағирларига экилади. Сув доимо зинапояга ўхшаган челларнинг биридан иккинчисига оқиб тушиб туради. Бир вақтлар шолизорларни суғориш учун кўзаларда сув ташилган ёки махсус сувни юқорига ҳайдайдиган машиналардан фойдаланилган. Бундай машиналар қадим замонларда пайдо бўлган, аммо айримлари ҳозирги кунда ҳам ишлаб турибди.

Шулардан бири чархпалакдир. Унинг асосий қисми катта ғилдиракка боғланган кўзачалардан иборат. Биздан фарқли ўлароқ, бошқа мамлакатларда чархпалакни сувнинг ўзи эмас, ҳайвонлар айлантирган. Пастда сувга тўлган кўзалар тепага чиқиши билан тарновга тўкилган. От ёки эшак соатлаб маълум бир айлана бўйлаб юриб турган, сувни кўтариб берадиган ғилдирак эса секин айланаверган.

Шоли пишгач, дон тугади. Дон қобиқ билан қоплангани учун ҳам оқ эмас, малла тусда бўлади. Шоли яхши пишиши ва чиройли кўриниши учун махсус машиналарда оқлаб олинади. Оқланган гуручнинг юзаси силлиқ ва ранги оқ бўлади.

Оддий силлиқланган гуручдан ташқари, яна бошқа бир гуруч тури ҳам бор. У силлиқланган гуручга нисбатан қорароқ бўлади. Бундай гуруч таркибида В дармондориси ва минерал тузлар кўпроқ. Янада ишлов бериш учун бу гуруч ҳарорати қайнаш нуқтасидан бир оз паст бўлган сувда ивитилади, сўнгра босим остида буғ билан қуритилади.

Бу жараён парлаш дейилади. Бундай ишлов бериш жараёнида дармондорилар доннинг пўстлоғидан ичкарисига ўтади.

Гарчи гуручнинг қобиғи жуда фойдали, таркибида озиқ моддалар кўп бўлса-да, ташлаб юборилади ёки ҳайвонларга емиш сифатида берилади. Одамлар ҳамиша оқ гуручни суйиб истеъмол қилишади, уни шоирлар ҳатто дуру марваридлар билан қиёслашади.

Тўғри, Японияда қизил гуручга ҳам талаб катта, бундай гуруч пушти рангга кириши учун махсус бактериялар ишга солинади. Қадим замонларда бундай гуруч муқаддас ҳисобланган ва фақат императорларнинг дастурхонига тортилган.