Шамол қайдан пайдо бўлади?

Баъзида осойишта ва тиниқ ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш учун кўчага чиқамиз. Беш-ўн қадам босиб улгурмасимизданоқ тўсатдан шамол кўтарилади. Гарчи уни кўрмасак ҳам, қайдан пайдо бўлганини билмасак ҳам, уни қўлларимиз, юзимиз билан сезамиз.

Шамол ҳаво массасининг Ер узра кўчиб юришидир. Ҳавони кўчиб юришга нима мажбур қилади? Бу саволга жавоб ҳамиша битта, у ҳам бўлса, температуранинг ўзгариши. Ҳаво қизиганда кенгаяди ва енгиллашиб, юқорига кўтарилади. Унинг ўрнини эса ундан оғирроқ бўлган совуқ ҳаво оқими эгаллашга интилади. Мана шу шамолдир.

Шамолнинг икки тури мавжуд: умумжаҳон тизимига тегишли шамоллар ва маҳаллий шамоллар. Умумжаҳон шамоллар тизими Қуёш кўпроқ қиздирадиган экватордан бошланади.

У ерда иссиқ ҳаво, юксакликларга кўтарилгач, Шимолий ва Жанубий қутблар томон ҳайдала бошлайди. Экватордан қутбгача бўлган масофанинг учдан бир қисмини босиб ўтгач, совийди ва яна Ер юзасига қайта бошлайди. Ҳаво массасининг бир қисми қутбга томон ҳаракатини давом эттиради, қолганлари эса экваторга қайтади.

Бир минтақада ва бир йўналишда йил бўйи эсадиган шамоллар устун шамоллар деб аталади. Бироқ кўпинча у ёки бу жойда шамол бутунлай бошқа томонга қараб эсади. Бунга маҳаллий шамолларнинг аралашуви сабаб бўлади.

Маҳаллий шамоллар юқори босимли совуқ ёки паст босимли иссиқ ҳаво оқимининг келиши натижасида пайдо бўлади. Бу, одатда, бир неча соат ёки кун давом этади, шундан сўнг устун шамоллар эса бошлайди.

Маҳаллий шамоллар туришига яна бир сабаб бир кеча-кундузлик температуранинг кескин ўзгаришидир. Бу, айниқса, денгиз соҳилида сезилиб туради. Денгиздан эсаётган совуқ шамол кундузи қуруқлик томон кўчиб ўтади, кечаси эса бунинг акси бўлади.