Сайёрамизда балиқларнинг қанча тури яшайди?

Биринчи бор балиқлар океанларда суза бошлаганда одамдан ном-нишон ҳам йўқ эди. Ўша пайтлар фил ёки бошқа яхши ривожланган тирик мавжудотлар нари турсин, динозаврлар ҳам пайдо бўлмаган эди. Ердаги энг биринчи умуртқали ҳайвон балиқдир.

Бошқа мавжудотлар каби балиқлар ҳам қадим замонлардан бери ривожланиш жараёнида кўп ўзгаришларни бошдан ўтказди. Мавжуд балиқлар тури бошқа умуртқали ҳайвонлар миқдоридан кўпдир. Ҳар хил ҳавзаларда, тоғ дарёларию энг кичик ариқларда, океанлар тубида балиқнинг ўттиз мингга яқин тури яшайди.

Балиқлар уч асосий гуруҳга бўлинади. Биринчиси — сертоғай балиқлар, масалан, акулалар, скатлар (думи ингичка, япалоқ денгиз балиғи) ва нурбалиқлардир. Уларнинг суяк скелети ўрнига мустаҳкам ва эгилувчан моддадан ташкил топган тоғайлари мавжуд. Уларнинг танаси тангачалар эмас, балки безга айланган тери билан қопланган.

Иккинчисига мавжуд серсуяк балиқларнинг жуда кўп тури киради. Бу турдаги балиқларнинг суяк скелети бор ва танаси тангачалар билан қопланган.

Учинчи гуруҳига икки хил нафас олувчи балиқлар мансуб бўлиб, уларнинг ойқулоғи ва ўпкаси бор. Икки хил нафас олувчи балиқларнинг ҳаммаси чучук сувларда яшайди. Уларнинг сузгичи қўл-оёғига ўхшайди, улар баъзан қуруқликда ҳам юра олади. Бунга Ҳиндистонда яшайдиган «ўрмаловчи олабуға» ёрқин мисол бўла олади.

Балиқларнинг асосий қисми оғзидан кирадиган сув билан доимо ювилиб турадиган ойқулоғи орқали нафас олади. Балиқлар совуқ қонли, аммо уларнинг асаб системаси мавжуд, бошқа ҳайвонлар сингари оғриқ ва ўзга ёқимсиз сезгиларни ҳис этади.

Балиқларнинг сезгиси жуда нозик, уни таъм сезгиси каби терисини қоплаган тангачалари орқали ҳис этади. Улар ҳидни бошидаги жажжи бурун кавагида жойлашган ўзига хос аъзолари билан сезади. Шунингдек, уларнинг танасининг ички қисмида ички эшитиш аъзолари жойлашган.

Айрим балиқлар ҳаётини муқим яшаш жойига эга бўлмай, дайдиликда ўтказадилар, аммо улар ер ҳайвонлари каби кичик гуруҳ бўлиб яшайди. Балиқларнинг барчаси йиртқичдир, улар бошқа балиқлар ёки сув ҳайвонлари ва ҳашаротлари билан озиқланади.